Ҳавойи нафсга эргашишнинг зарарлари
8

Ҳаёт давомида инсон турли рағбат ва шаҳватлар оқимига дучор бўлади. Бу нарсалар инсонни бировга зарар қилиб бўлса ҳам, фақат ўзи ҳақида ўйлашга ундайди. Ундай киши қилган ишлари ямон бўлса бўлсин, лекин ўзи учун фойдали бўлишини ўйлайди. Ислом инсонни ҳавойи-нафсга берилишидан сақлашга қаттиқ ҳаракат қилади. Бунинг учун инсон истакларини табиий тартиб билан, одилона қондиришга йўл топади. Чунки ҳавойи-нафс инсоннинг табиий истакларини доимо ташвишга солиб туради. Агар инсон ҳавойи-нафс тўрига тушса, у инсонни табиий интизомдан чиқаради, унинг барча қувватини фақат бир нарса учун сарфлашга мажбур қилади. Шундай қилиб, истаклар орасидаги тенглик бузилади. Улардан бири устун келиб, бошқаларини четга суради. Шунинг учун ҳам Қуръон ҳавойи-нафсни «бузғунчи» деб сифатлайди. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
«Агар ҳақ уларнинг ҳавойи нафсларига эргашса, албатта, осмонлару ер ва улардаги кимсалар фасодга учрар эди. Йўқ! Биз уларга ўз шарафларини келтирдик. Улар эса, шарафларидан юз ўгирмоқдалар.», деган. Мўминун сураси 71-оят .
Ҳақ битта, яъни, Аллоҳнинг динидир. Ҳамма ҳаққа эргашмоғи лозим. Айримлар эса менимча, дин ундоқ бўлиши керак ёки бундоқ бўлиши лозим, фалон нарса билан чегараланиши зарур, дейдилар.
«Агар ҳақ уларнинг ҳавойи нафсларига эргашса, албатта, осмонлару ер ва улардаги кимсалар фасодга учрар эди.»
Чунки, ҳақ битта, одамларнинг ҳавойи нафслари эса, чексиздир. Шунинг учун ҳам, ҳавойи ҳафс ила ҳақиқатга эришиб бўлмайди. Қачон ҳавойи нафснинг йўлига тушилса, фасодга учралади. Фасодга учрамаслик учун ҳақ одамларнинг ҳавойи нафсига эмас, балки одамларнинг ҳавойи насфлари ҳаққа тобе бўлиши керак.
«Йўқ!»
Уларнинг бу ишлари нотўғри! Ҳақдан юз ўгиришлари ҳам, ҳақни ҳавойи нафсга тобе қилмоқчи бўлишлари ҳам нотўғри!
«Биз уларга ўз шарафларини келтирдик.»
Биз келтирган Қуръон, Ислом ва ҳақ улар учун шарафдир. Ким ҳаққа эргашса, амал қилса, шон шарафга эга бўлади.
Қуръони Каримда бизга таълим бериш мақсадида Аллоҳнинг ўз пайғамбари Довуд алайҳиссаломга айтган гапи келтирилади:
«Эй Довуд, албатта, Биз сени ер юзида халифа қилдик. Бас, одамлар орасида ҳақ ила ҳукм юрит. Ҳавойи нафсга эргашма! Яна, у сени Аллоҳнинг йўлидан адаштирмасин. Албатта, Аллоҳнинг йўлидан адашадиганларга унутганлари учун ҳисоб кунида шиддатли азоб бордир». Сод, 26-оят .
Инсон зоти, аслида, Аллоҳ таолонинг ер юзидаги халифаси (ўринбосари) ҳисобланади. Бу ҳақиқат бошқа оятларда алоҳида таъкидланган. Ушбу оятда эса, зиммасига одамлар орасида ҳукум қилиш масъуляти юкланган Довуд алайҳиссаломга ўхшаш инсонларга халифалик яна ҳам оғир вазифа экани таъкидламоқда.
«Эй Довуд, албатта, Биз сени ер юзида халифа қилдик.»
Яъни, Биз сени ер юзида ўзимизга ўринбосар қилдик. Сен у ерда одамларнинг баъзи ишларини бошқарасан. Бу сенга жуда катта масъулиятдир. Уни адо этишда эҳтиёт бўл.
«Бас, одамлар орасида ҳақ ила ҳукм юрит.»
Шундай экан одамлар орасида адолат билан ҳукм юрит.
«Ҳавойи нафсга эргашма!»
Ўзингнинг нафсингдан чиқадиган ўй-фикрларга эргашма.
«Яна у сени Аллоҳнинг йўлидан адаштирмасин.»
Чунки, ҳавойи нафсга эргашиш доимо Аллоҳнинг йўлидан адаштириб келган. Одамлар орасида адолат билан ҳукм юритаман деб ўзига ишонган ва ҳавойи нафсига берилган одам, албатта, Аллоҳнинг йўлидан адашишга дучор бўлиши турган гап. Бунинг эса, оқибати ямон.
Ҳавойи нафсга эргашиш Аллоҳнинг йўлидан адашишга, бу эса, ўз навбатида, Аллоҳни унутишга олиб келади. Аллоҳнинг йўлидан адашиш дегани, Аллоҳни унутиш деганидир. Ҳавойи-нафсга эргашиш бизни ҳаётдаги ҳақиқатлардан узоқлаштиради.
“Хожа Бухорий” ўрта махсус
ислом таълим муассасаси мудири: Ўткир Ғузаров
