ҒАЛАБА ВА ЧЕКИНИШ РУҲИЯТИ

10

Беркли университетида биринчи йил ўқиётган Жорж Дантзиг бир кун дарсга кечикиб келади. Қараса, доскада иккита математик масала турибди. У буларни уйга вазифа деб ўйлаб, дафтарига кўчириб олди ва уйига олиб кетади. Бир неча кундан сўнг, Дантзиг ҳалиги вазифани топширишда кеч қолгани учун устозидан узр сўради ва топшириқ одатдагидан бироз қийинроқ бўлганини айтади!

Ҳикоя бу жойда тугамади. Қарийб олти ҳафта давомида топшириқдаги жавобларни кўриб чиққан профессор Жоржни кабинетига чақириб, унга бундай дейди: “Бу масалалар уйга вазифа эмас эди. Мен буларни шунчаки олимлар ҳали еча олмаган математик масалаларга мисол сифатида ёзган эдим! Биз олти ҳафта давомида йиғилиб, ёзганларингни муҳокама қилдик. Табриклайман, ўғлим, бу масалаларни тўғри ечган экансан!”

Жорж Дантзиг математикада даҳо бўлганига шубҳа йўқ. У ечган мазкур масалалар бу соҳада юқори марраларни эгаллашига дебоча бўлган эди. Лекин, назаримда, унинг математик истеъдодларидан ташқари, ҳалиги масалаларни муваффақиятли еча олишида бошқа бир омил бор. У – масаланинг қандайдир ечими бор, деган руҳият билан ишга киришгани! Эҳтимол, агар у ўша кунги лексияга эртароқ қатнашиб, профессордан ҳалиги масалаларнинг ечими ҳали топилмаганини эшитганида, улар устида ақлини ишлатиб ўтирмас эди, менимча. Ишлатганида ҳам, бемалолхўжалик билан ишлатарди. Бу эса, шубҳасиз, масаланинг ечими йўқ деган руҳиятдан келиб чиққан бемалолхўжаликдир. Бироқ у буни уйга вазифа деб ўйлагани боис, жавоби албатта бор дея ақлини ишлатди ва вақтини ечим излашга кетказди. Қолган талабалар ундан фарқли ўлароқ, “модомики математиклар буни еча олишмаган экан, бизга йўл бўлсин?!” деган бўлишса керак!

Гап шундаки, атрофимиздаги одамларнинг фикрлари ва азалий дунёқарашлари, истаймизми йўқми, биз учун маълум чегараларни белгилаб беради. Шубҳасиз, одамларнинг руҳиятларигача сингиб кетган тушунчалари бизнинг хатти-ҳаракатларимиз ёки реакцияларимизга таъсир этмай қолмайди. Тўғри, айрим ҳолларда бу тушунчалар ичимизда олға курашишга ундайдиган турткини шакллантиради. Аммо кўпинча улар инсонни олдинга қадам босишдан ушлаб қолади ва олдиндан кутилган мағлубият ҳиссини пайдо қилади! Ҳолбуки, муваффақиятга эришиш сири – ўзимизни бошқалар томонидан олдиндан кишанланишимизга йўл қўймасликдир. Негаки, муваффақиятга эришиш учун аввал бошдан бунга қодир эканимизга ишона олишимиз керак. Ичидан мағлуб бўлган одам эса ҳеч қачон ғалаба қозона олмайди!

Математикани бир четга қўйиб турайликда, кўзланган ғояга тегишли бошқа мисолни ёдга олайлик. Ҳамза ибн Абдулмутталибнинг Бадр жанги олдидаги сўзлари ва руҳияти мени доим лол қолдиради. Икки қўшин бир-бирининг рўпарасига саф тортиб тураркан, Ҳамза биринчи Қурайш қўшинига, сўнг мусулмонлар қўшинига боқдида, Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳуга деди: “Қаршимда турган бирор нарсадан қўрқмаяпман. Улар сон жиҳатдан кўпроқ, лекин биз иймон сабабли кучлироқмиз!”

Дарвоқеъ, Ҳамза жанг бошланишидан олдин ғалаба қозониб бўлган эди. Чунки у ич-ичида ғалабага эришган. Энди қаршисидаги даҳшатларнинг ҳеч бири уни қўрқита олмайди, душманнинг сони унга аҳамиятли эмас. Урушларда вазиятни ҳал қилувчи нарса бу иймон эканига у ишонади. Агар билсангиз, Бадр жангида Ҳамза мусулмон аскарларининг энг важоҳатлиси ва мушрикларни энг кўп “тинчит”гани бўлгани учунгина Уҳуд кунида ундан қасос олишган эди!

Ҳар бир мағлубиятнинг сабаби бор, ҳар бир ғалабанинг ҳам. Аммо ғалаба ва мағлубиятнинг энг биринчи сабаби бизни ўраб турган шароитлардан эмас, ичимиздан бошланади!

 

Адҳам Шарқовий, «Буюк хабар»

Араб тилидан Сардор САИДАҲМЕДОВ таржимаси