АБУ ҲАНИФАНИНГ ТАБИАТИДАГИ СИФАТЛАРИ (6-қисм)
6

Абу Ҳанифа р.а. уни уламолар орасида энг чўққига чиқишига сабаб бўлган сифатлар билан сифатланган эди. У саботли, ишончли, кенг фикр юритувчи, ҳақиқатларни илғаб олувчи ҳақ рост олимнинг сифатига эга эди.
У ўзига талабчан, ҳиссиётларини жиловлаб олган эдики, унга қарши айтилган сўзлар уни ўзидан бегона қилмас, ноҳақ айтилган гаплар уни ҳақдан четлата олмас эди. У доим шундай дер эди: Эй, Аллоҳим! Кимнинг бизга кўнгли тор бўлса, бизнинг қалбимиз унга ҳамиша кенгдир. Унга ато этилган мустақил фикрлаш қобилияти уни Китоб ёки суннат ёки бирор саҳобанинг фатвосидан бошқага бўйсунишга йўл бермас эди. Бу борада унга бировга нисбатан муҳаббат ёки адоват ўз таъсирини ўтказа олмас эди.
Масалалар устида жуда чуқур фикр юритар, зоҳирий баҳс юритиш билан кифояланмас, ибораларнинг зоҳирий маъносида тўхтаб қолмас, балки унинг ботиний томонлари устида ҳам фикр юритар эди. Эҳтимол, ундаги мана шундай чуқур фалсафий ақл юритиш хусусияти уни илмий ҳаётининг аввалида калом илми билан шуғулланишга, шунингдек, ҳадисларни чуқур таҳлил қилиб, ундаги ҳукмлар қандай иллатларни ўз ичига олганлигини излаб топиш даражасида ўрганишга туртки бўлган бўлса, ажаб эмас.
Абу Ҳанифа р.а. ҳозиржавоб инсон эди. Ҳеч қачон фикрлашдан тўхтаб қолган эмас. Рақиби уни қанчалик мот қилишга уринмасин, ундан осонлик билан чиқиб кетишга имкон топар эди. Бу борада У зотдан ажойиб ва ғаройиб хотиралар қолган. Ҳаттоки, бу хусусда шундай дейилган: агар у киши бирор ҳукмни исбот қилиш ёки инкор қилишни ирода қилса, албатта бунинг уддасидан чиқар эди.
Абу Ҳанифа р.а. доимо ҳақ томонида бўлган. У ҳох ғолиб бўлсин, ҳох мағлуб бўлсин унинг мақсади фақат ҳақиқат бўлар эди. Ҳақпарварлиги учун ҳам ўзининг фикрини мутлақ ҳақиқат, деб ўзгаларни уни қабул қилишга мажбурламас эди. Балки: бу гап менинг фикрим, агар бирор киши менинг сўзимдан кўра яхшироқ гап айтса, ана ўшанинг гапига эргашилади, дер эди.
Ушбу сифатлар Абу Ҳанифа r.a.ni унга етган руҳий ғизодан озиқланиб буюк фақиҳ бўлиб етишишига сабаб бўлди.
Оллоёр ОМОНОВ
Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
