АБДУЛЛОҲ ИБН УМАР РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУ
8

Ибн Умар номи билан машҳур бўлган кичик саҳоба, номи бутун оламга таралган Умар ибн Хаттоб ва Зайнаб бинти Мазъунларнинг ўғиллари Абдуллоҳ ибн Умар ёшлик чоғларида мусулмон бўлган. Отаси билан Маккадан Мадинага ҳижрат қилганларида ҳали балоғат ёшига етмаган эдилар. Кичиклик чоғлариданоқ Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламга ташқи ва ички қиёфада ўхшашга уринар эдилар. Хусусан, Маккадан Мадинага ёки Мадинадан Маккага сафар қиладиган бўлсалар пайғамбаримиз алайҳиссалом қаердан қай тартибда юрган бўлсалар ҳудди шундай юриб сафар қилар эдилар.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг фазилатлари:
- Саиъд ибн Мусаййиб: “Ким жаннат аҳлига қарамоқчи бўлса, Ибн Умарга қарасин”, дер эдилар.
- Бақара сурасини ёдлаб бўлиб бир қўй сўйганлар.
- Ҳар бир намозга янги таҳорат олар эдилар.
- Жуда тақводор бўлганлар. Бунга яққол бир мисол қулларни Нофеъга бир киши юз минг дирҳам бераман, деганда айни шу ҳаридорни гувоҳ қилиб Нофеъни Аллоҳ учун озод қилганлар.
- Румайсо исмли чўрилари бор эди. Бир куни унга мана бу маънодаги гапни айтганлар: “Сен аҳлим ичида энг суюкли, хизмати яхши ходимасан, сени Аллоҳ йўлида озод қилдим”, деганлар.
- Таомни меҳмонсиз емасликлари.
- Ҳадя қилиб бериладиган пулларни ўша кунни ўзидаёқ бериб юборар эдилар.
Хулоса қилиб айтганда Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ўзларига нима ёқадиган бўлса айни шулардан воз кечар эдилар. Сабаби битта эди яъни “Ўзингиз суйган нарсадан нафақа қилмагунингизча ҳаргиз яхшиликка эриша олмассиз” оятига амал қилганлари эди холос. Аллоҳ таоло бизларга ҳам саҳобаларга берган ҳиммат ва олийжанобликни берсин!
Анасхон ТУРДИБАЕВ
Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
