БАҚЛАЖОН МАДАНИЯТИ
18

Ривоят қилинишича, бир кун амир Башир Шиҳобий хизматкорига “Бақлажон егим келяпти!” дебди. Шунда хизматкор: “Аллоҳ баракангизни берсин, хўжайин, шу бақлажон ўзи энг яхши егулик-да! Ёғсиз гўшт, қилтаноқсиз балиқ! Қайнатиб ҳам, қовуриб ҳам ейверасиз! Буйруғингиз бош устига!” дебди.
Амир: “Лекин бир неча кун олдин ўша ўгурдан егандим, ошқозоним ёмон оғриди!” дебди. Буни эшитган ходим энди “Бу бақлажонга Худони қарғиши тегсин! Бирам оғир, қўпол, серрайган ўсимлик!” дейишга тушибди. Шунда амир “Шўринг қуригур, бир вақтнинг ўзида бир нарсани ҳам мақтаб, ҳам ёмонлайсанми?!” деган экан, хизматкори айтармуш: “Мен амир жанобларининг ходимиман, бақлажоннинг эмас! Амир ҳа деса, ҳа дейман, амир йўқ деса, йўқ дейман!”
Худди шунақа бир вазият. Аббосий халифа Мутаваккил бир чумчуққа ўқ узибди-ю, мўлжалга тегмабди. Шунда ҳамроҳларидан бири “Зўр қилдингиз, эй мўминлар амири!” дебди. Мутаваккил унга ўқрайиб қараган экан, ҳалиги одам дарҳол жавобни буриб: “Чумчуққа яхшилик қилиб зўр қилдингиз, хожам!” деган экан.
Булардан унчалик узоқ бўлмаган яна бир воқеа. Абдунносир Миср ва Сурия ўртасида бошланган низо чоғида Халқ Ассамблеясида нутқ сўзлайди. Нутқи орасида у “Мен Миср денгиз флотини ўшаёққа йўлга тушишга буюрдим” дейди. Халқ вакиллари (депутатлар) гулдуроз қарсаклар билан унинг гапини бўлишади. Қарсаклар тугагач, “Лекин араб давлатлари бирлигини сақлаб қолиш мақсадида, флотни ортга қайтишга буюрдим!” дейди Абдунносир. Шунда қарсаклар аввалгисидан ҳам кучлироқ чалинади…
Бу нарса бақлажон маданияти деб номланади: бир дақиқанинг ўзида бир иш ва унинг тескарисига ҳам чапак чалинади!
Бу маданиятдан мени Аллоҳнинг Ўзи асрасин деган ҳолатда, ҳар қандай фикр билдиришда ҳам, ҳар қандай шахсга бўлган муомалада ҳам одоб-ахлоқли бўлиш тарафдориман. Юқоридаги ҳикояларни келтиришимдан мақсад ҳам раҳбарларга итоатли бўлишни қоралаш эмас, балки уларга лаганбардорлик билан хушомад қилишни танқид қилишдир. Раҳбар ёнидаги одамларнинг вазифаси аслида керакли вақтда унга ўз фикрларини тақдим қилиш ва маслаҳат сўраганида унга нисбатан самимий бўлишдир, доим қулоғига “сиз адашмайдиган даҳосиз!” ёки “сиз доим тўғри топадиган тенгсиз зотсиз!” деган гапларни қуйиш эмас!
Адҳам Шарқовий, «Буюк хабар»
Араб тилидан Сардор САИДАҲМЕДОВ таржимаси
