ҚАДРДОНИМ, БУНИ ҲАЁТ ДЕЙДИЛАР!
9

Ҳикояларда келишича, бир илон тунда дурадгорнинг устахонасига кириб олибди. Дурадгор анжомларини стол устида қолдиришга одатланган эди. Илон устахонада кезиб юраркан, беҳосдан арра устидан ўтиб юборибди ва арранинг ўткир тишлари сабаб бироз жароҳатланибди. Шунда илон табиий реакция сифатида аррани тишлаб, унга заҳар юборишга ҳаракат қила бошлабди. Бу эса унинг оғзига жароҳат етказибди. Шунда илон бу арра унга ҳужум қилмоқда деб ўйлаб, ўзининг сўнгги ҳалокатли қуролини ишлатишга мажбур бўлибди: аррани қисиб бўғиш учун ўзини унга ўрабди ва оқибатда бўлакларга бўлиниб ўлибди…
Катта эҳтимол билан, бу ҳикоя шунчаки афсона. Лекин ҳикоялар ҳам мақолларга ўхшайди: луғатшунослар айтганидек, хос сабаб эмас, умумий ибрат муҳими! Мақоллар ўз бағрида кўплаб ибратларни сақлагани сингари, бу ҳикоя ҳам асло бундан холи эмас!
Тафаккур қилиш вақтимда ушбу ҳикоя ҳақида ўйладим ва у бизнинг ҳаётдаги ҳолатимизга жудаям ўхшаш экан, деган хулосага келдим! Қайсидир томондан биз ўша илонга ўхшаймиз. Устахона бу ҳаёт. Арра эса шу ҳаётда сайр этишимиз чоғида бизни тирнайдиган ҳар қандай нарса…
Ёмон ишлар доим бўлиб келган. Ерда ҳаёт бор экан, ёнғинлар ёнишда, йиқилишлар рўй беришда, омадсизликлар дуч келишда, касаллик қаттиқ тишлашда, ўлим тортиб олишда давом этаверади. Биз эса, бу нарсаларни кўпинча ёки ҳеч қачон ўзгартира олмаймиз. Лекин бир одамдан бошқасига қараб турлича бўладиган нарса бу ҳаётга бўлган қарашимиздир!
Айримлар биладики, ҳаётда нима рўй беришидан қатъи назар шу алфозда давом этавериши керак. Бундайлар арра илоннинг танасида қолдирган енгил жароҳат билан кифояланиб, йўлларида давом этаверадилар. Бошқалар бўлса, арра билан жанг қилиш учун тўхташни танлайдилар!
Қийинчилик ва мусибатлар. Булар ҳаётнинг бир қисмидир, худди ҳакамларнинг хатолари футбол ўйинининг бир қисми бўлгани каби! Мусобақа эса барибир давом этаверади! Ўйинчилардан бири хатога норозилик сифатида марказий айланада ўтиришга қарор қилгани билан мусобақа тўхтаб қолмайди! Бундай қиладиган одам умуман топилмаслиги аниқ. Биз мана шу тафаккур билан ҳаётда давом этишимиз, баттарроқ жароҳат етмаслиги учун ҳалиги кичик жароҳатдан ибрат олишимиз, йўлимизда юрар эканмиз, жароҳатлар етмай қолса, демак бу ерда қандайдир хатога йўл қўйилаётганини англашимиз лозим!
Бу сайёра йўлимизни пойлаб ётади, бу ер бизга янги-янги жароҳатлар етказиш учунгина айланади, деб ўйлайдиганларнинг ҳаёти нақадар оғир! Негаки улар ҳали-ҳануз ҳаётни тушунмаган одамлардир!
Африкада ҳўкизлар подаси бир ердан бошқасига кўчар экан, уларни ҳар томондан шерлар бирма-бир юлиб-юлиб олишади. Айримлари эса сув ичаётиб тимсоҳларга ем бўлади. Аммо пода жароҳатларни даволаб, йўқотишларни тўғри қабул қилиб, охир-оқибат барибир манзилига етиб олади. Кейинги йилда ҳам худди шу ишни такрорлайди, гарчи йўқотишларга дуч келишини яхши билса ҳам. Негаки, ҳаёт ҳали давом этиши керак!
Лосос балиқлари бошқа жойга кўчаётганида, уларни саёз сувлар тепасида айиқлар кутиб олади. Агар айиқлардан омон қолишса, кейинги навбатда уларга балиқчилар мунтазир туради. Лекин шунча жароҳатларга қарамай, қолганлари сафарни охиригача олиб боришади ва тухум қўйиб кўпайишади. Қизиғи, кейинги йилда ҳам худди шундай саёҳат қилишади. Чунки ҳаёт ҳеч нарсага қарамай давом этиши керак!
Адҳам Шарқовий, «Буюк хабар»
Араб тилидан Сардор САИДАҲМЕДОВ таржимаси
