ҚАЛБИНГИЗНИ АЛЛОҲГА БОҒЛАНГ!
11

Ҳикоя қилинишича, бир подшоҳ салтанатидаги энг машҳур дурадгорни чақириб, эски тахти ўрнига янги шоҳона тахт ясашни буюрибди. Дурадгор бу улкан шарафдан хурсанд бўлиб, дарҳол ишга киришибди. Лекин подшоҳ ўта талабчан ва қаттиққўл эди. Унга янги тахт ёқмабди ва дурадгорни эрталаб қатл этишга буюрибди…
Дурадгор сўнгги тунини ўз уйида ўтказишни илтимос қилган экан, подшоҳ бунга рози бўлибди. Лекин бу кеча дурадгорнинг кўзига уйқу келмабди. Ахир эрталаб бўйнини жаллоднинг кундасига қўйиши керак эдида!
Шунда хотини унга дебди: “Одатдаги кечалардек ухлайверинг! Ахир Аллоҳ битта, Унинг эшиклари эса кўп!”
Дурадгор ростдан ҳам ухлабди. Шундай ухлабдики, эрталаб уни ҳовлисидаги аскарлар ҳайқириғи ва отлар овози уйғотиб юборибди. Буларни эшитгач, ажал соати келганини пайқабди. Эшик тақиллагач, ўлими томон қадам босиб чиқибди. Лекин аскарлар бошлиғи унга “Подшоҳ вафот этибди, унга тобут ясаб беришингни истаймиз!” дебди…
Шу чоғда дурадгор ўзига-ўзига бундай шивирлаган экан: “Ҳақиқатдан, Аллоҳ битта, эшиклар эса кўп!”
Тўғри, бу қисса ҳақиқий бўлмаслиги мумкин. Лекин шубҳа қилиб бўлмас ҳақиқат шуки, чиндан ҳам Аллоҳ битта, эшиклар эса кўп!
Ҳар биримизда бир марта бўлса ҳам барча ишлар боши берк кўчага кириб қолган бўлса керак. Ўшанда энди нажот йўқ деб ўйлаганмиз, ҳаётимиз давом этса-да, энди унда на таъм ва на мақсад қолди деб ҳисоблаганмиз. Сўнгра кунлар айланиб, ўша тўсиқлар ҳам ғойиб бўлган, ғам-ғуссалар бизни тарк этган… Буни изоҳлайдиган ягона сабаб бу – биз тарк қилсак ҳам бизни тарк қилмайдиган, доим одамларнинг эшигини тақиллатсак ҳам бизни унутиб юбормайдиган Раббнинг борлигидир!
Ҳар биримиз қачонлардир бир ишга қаттиқ қизиқиб қолганмиз. Ўшанда бутун ҳаётимиз ўша биз истаётган нарса деб ўйлаганмиз. Балки биз шуни хоҳлаб, Аллоҳ бошқа нарсани ирода қилганида жаҳлимиз ҳам чиққандир. Аммо кунлар ўтиб, яхшилик аслида Аллоҳ бизга ихтиёр этганида эканини вақт исботлаб берган!
Биз одамлар мана шундаймиз! Аллоҳ баъзида истаганимиздан маҳрум этиб, бизга керакли нарсани беришни ирода қилганини доим кеч англаб етамиз!
Аллоҳ таоло ишларни шундай тадбир қиладики, уларнинг моҳиятини фақат бирмунча вақтдан кейин тушуниб етамиз. Биз тафаккури ожиз бандалар нарсаларга фақат бир томондан қараймиз: ўзимиз томондан! Аллоҳ эса барча ишларни ёлғиз тадбир этади!
Агар Мусонинг онаси қўлида ихтиёр бўлганида, ҳаргиз ўғлини денгизга ташламас эди. Лекин, ихтиёр қўлида бўлган Зот Фиръавнга “Мана бу боладан қўрқиб минглаб болаларни ўлдирдинг. Ундай бўлса, мана ол уни, уйингда катта қил!” дейишни ирода қилган эди. Ўша кунда Мусонинг онаси аслида боласини денгизга ташлаётган эмас, балки Фиръавннинг тобутига мих қоқаётган бўлганини ким ўйлабди дейсиз!
Агар иш Яъқубнинг қўлида бўлганида, Юсуфни бир лаҳзага ҳам тарк этмас эди. Яъқуб уни бағридаги ўғил сифатида қолишини хоҳлади, Аллоҳ эса уни Миср тахтида ўтирадиган подшоҳ бўлишини ирода этди!
Бугун биз мазкур ҳайратомуз аниқлик ва пухта тадбир ҳақида тўлиқ биламиз. Негаки бу ҳодиса ва қиссалар нима билан тугаганидан хабардормиз. Лекин биз ўз ҳаётимиз қиссаларида ҳам Аллоҳнинг ихтиёрлари ичидамиз. Воқеаларни тўлиқ кўрмаганимиз, улардаги ҳикматларни тўлиқ англамаганимиз туфайли қалбимизга бир лаҳзалик шак келиб-кетиши мумкин. Чунки биз оддий инсонмиз! Лекин Аллоҳга нисбатан одоб сақлайлик. Майли, ҳикмат биздан қочди. Лекин Қурайш мушриклари ва мусулмонларни келишувсиз жамлаб қўйган, Фиръавнни ҳалок этиш учун Мусони унинг уйига юборган, Юсуфни подшоҳ қилиш ва у сабабли Миср аҳлига нажот бериш учун уни отасидан олган Зот ҳеч қачон биздан ғойиб бўлмаганини доим ёдда тутайлик! У Зот ишларимизни айни ҳикмат ва раҳмат билан тадбир қилади, Ўзининг азалий ва абадий сифатлари билан! У Зот айб-нуқсонлардан покдир. Яхшилик Рабби, фақатгина яхшилик келтирувчи Зот У! Шундай экан, қалбларингизни Аллоҳга боғланг!
Адҳам Шарқовий, «Буюк хабар»
Араб тилидан Сардор САИДАҲМEДОВ таржимаси
