НАФСНИ ПОКЛАШ
19

Autumn dawn in forest
Аллоҳ таоло Қуръоннинг баъзи ўринларида қасам ичади. Бунинг сабаби бандаларга берган неъматларини улуғлигини билдириш, эслатиш, ҳамда қасамдан кейинги хабарнинг ёки таклифнинг муҳимлигини билдиришдир. Эътиборли жиҳати шундаки, Аллоҳ таоло баъзида кетма-кет бир нечталаб қасам ичади ва баъзида битта қасамнинг ўзи билан кифояланади.
Мисол учун:
Аллоҳ таоло Аср сурасининг аввалида “Аср”га қасам ичади. Ва ундан кейин, “Албатта, инсон хусрондадир” — дея хабар беради. Хусрон-мағлубият, ютқазишдир. Аллоҳ таоло инсонни хусронда эканлигини билдириш учун бир марта қасам ичди.
Бошқа ўринда эса:
- Қуёш билан ва унинг зиёси билан қасам
- Унинг ортидан келган ой билан қасам
- Ва у(қуёш)ни равшан кўрсатган наҳор билан қасам
- Ва у(қуёш)ни қоплаган тун билан қасам
- Ва осмон билан ва унинг бино қилиниши билан қасам
- Ва ер билан ва унинг тўшалиши билан қасам
- Ва нафс билан ва унинг мукаммал қилиниши билан қасам, дея кетма-кет ўн бир марта қасам ичди. Сабаби ундан кейин айтилаётган хабар ўта муҳим ва жуда ҳам эътибор қилиниши зарур бўлган нарсадир. Ўша муҳим нарсани нима эканлигини кейинги оятларда Аллоҳ таоло баён қилади.
- Бас унга фужурини ва тақвосини билдирди.
- Батаҳқиқ, ким у(нафс)ни покласа, ютуққа эришди.
- Батаҳқиқ, ким у(нафс)ни кирласа, ноумид бўлди.
Нафсни поклаш шу даражада муҳим эканки, бутун оламлар Роббиси Аллоҳ кетма-кет, қайта-қайта қасам ичиб, бизни нафсни поклашлик шу даражада муҳим эканлигидан огоҳлантирмоқда.
Нафсни поклашга қандай эришилади? Бунга ихлос билан эришилади. Ихлос эса банданинг Аллоҳга эътиқод ва амал ўлароқ юзланаётганда содиқ ва ростгўй бўлишидир. Демак, нафсни поклаш учун аввало ниятни тўғирлаб олиш муҳим экан. Амалларнинг қабул бўлиши ниятга боғлиқ, ниятнинг қабул бўлиши эса ихлосга боғлиқдир.
Ҳикматуллоҳ ҲОМИДОВ
Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
