ҲОЗИРГИ ВАҚТДА ПАЙДО БЎЛАЁТГАН ФИРҚАЛАР ВА УЛАРГА РАДДИЯ БЕРИШДА КАЛОМНИНГ ЎРНИ

7

Ўтмишга бир назар соладиган бўлсак, турли омилларга кўра динимиздан узоқлашган халқимиз, ўтмишда турли бало-офатларга гирифтор бўлди. Муқаддас динимиздан узоқлашган сари қолоқликка учради, заифликка юз тутди. Ниҳоят, мустамлака асоратида қолди. Худди шу боисдан худосизлар балосига йўлиқди. Даҳрий тузум юртимизда динимиздан асар ҳам қолдирмасликка жон-жаҳди билан тиришди. Масжидлар вайрон қилинди, Қуръонлар ёқилди. Хуллас, инсоният тарихида мисли кўрилмаган ваҳшийликлар қилинди. Уларнинг бирдан-бир мақсади исломни йўқ қилиш эди.

Ана шундай пайтларда ҳам халқ ичидан динини қўлида чўғ тутгандек тутиб келганлар чиқди. Севикли пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида келганидек, чўғни тутсалар, қўллари куяр эди. Қўлни асрасалар, чўғсиз қолар эдилар. Бундай фидоий инсонларнинг халқимиз орасидан чиқиши биз учун шарафли бир ҳолдир. Улар худосизлар зулмидан қўрқмасдан динни аслиятида сақлашга жаҳд кўрсатдилар. Ўлимга ҳам тик боқдилар. Албатта, бу шароитда диний илмларни тўла эгаллаш мушкул иш эди. Шунинг учун Қуръоннинг айрим сураларини ёд олиб, ибодатда мустақим бўлишнинг ўзи катта жасорат эди. Дин ҳақида гапирган одамнинг жазога тортилгани ҳанузгача ёдимизда.

Юртимиз тарихига зарҳал ҳарфлар билан битилган истиқлол халқимизга буюк неъмат – диний эркинликни келтирди. Энди  ҳар ким ўз хоҳишига кўра эътиқод қилиши мумкин бўлиб қолди. Аммо айрим ёшларимиз бундан ўзларича хулоса чиқариб, турли бўзғунчи ғоялар асирига айландилар. Бу эса, ўз навбатида, уларнинг диннинг асл моҳиятини тушунмаган ҳолда қилган хатти-ҳаракатларининг натижаси эди.

Диний илмининг саёзлигидан унумли фойдаланган турли адашган фирқа раҳнамолари асосан ёшларни ўз сафларига жалб эта бошладилар. Мамлакатимиз, қолаверса, халқимиз мустақиллиги, равнақи, тинчлигига соя солишга интилган Тошкент шаҳрининг С.Раҳимов туманида жойлашган “Лангар” масжидида фаолият юритган “Таблиғчилар”, 1997-1999 йилларда Фарғона вилоятида вужудга келган “Акромийлар” (диний-сиёсий), туркиялик Саид Нурсий асос солган “Нур” каби оқим ва гуруҳларни кўплаб келтириш мумкин[1]. Булардан ташқари “Ҳизб ат-таҳрир”, “Ваҳҳобийлик” каби четдан суқилиб киришга интилаётган ислом динини ичдан бузишга, мусулмонлар орасига нифоқ солишга қаратилган қарашларини халқимиз орасига ёйишга  интилаётган фирқалар ҳам борки, уларга Қуръон, ҳадис ва ижмоъга таянган ҳолда раддиялар бериш учун ҳам ҳар замондагидек каломга эҳтиёж сезилмоқда. Шу билан бирга, ҳозирги давр учун  ҳам катта хавф солиб турган ҳар хил оқимларнинг келиб чиқиши, уларга қарши курашиш усуллари  учун калом илми зарур.

Зеро, калом илми ижтимоий, сиёсий зарурат туфайли пайдо бўлган илмлардан ҳисобланади. Унга асосланган ҳолда жамият аъзолари орасида ақидавий масалаларда пайдо бўлган турли тушунмовчиликларга барҳам бериш, ҳар хил адашган гуруҳларнинг нотўғри, ботил ақидаларини аниқлаш, шу билан бирга, уларга қарши курашиш йўлларини ишлаб чиқиш мумкин….

 

Музаффар ҚОСИМОВ

Хожа Бухорий ислом таълим муассасасининг

Маънавий-маърифий ишлари бўйича мудир ўринбосари

[1] Қаранг: З.Ҳусниддинов “Ислом. Йўналишлар, мазҳаблар, оқимлар”. “Мовароуннаҳр”. Т.: — 2004. Б.: 50-56.