ҲАЛОЛЛИК БИЛАН ҚИЛИНМАГАН ИШ ЯХШИ БЎЛМАС, ИП КАЛАВАСИ ҲАССА БЎЛМАС  

18

Ҳаётда инсон баъзан ҳалол (пок) ва ҳаром (нопок) икки айри йўлга тўғри келиб қолади. Улардан қайси бирини танлаш унинг ақлига, ирода кучига, виждон амрига боғлиқ бўлади.

Атрофимизга назар соладиган бўлсак, кимнингдир боласи ўғирлик қилиб, қамалган… Кимнингдир боласи жиноят қилиб қўйиб қочиб юрибди… Яна кимнингдир қизи фаҳш кўчасига кириб кетган… Бу кўргиликларнинг илдизи қаердан сув ичади…? Бундай ноҳақликларни бугунги кунимизда жудаям кўп учраётгани айни ҳақиқатдир, минг афсуски… “Қозонингга меҳнат ҳосилидан бўлак ҳаром-ҳариш нарса тушмасин, билакс, уни истеъмол қилган фарзандларнинг сенга бемеҳр, бемурувват бўладилар”, деган оддий ҳақиқатни билмайдиганлар кўпми орамизда? Бозор сотувчиларининг тарозидаги найрангларини айтмаса ҳам бўлади… Бозордаги найранглар оддий ҳолатку дейишингиз мумкиндир албатта, ёки ҳаром ботқоғига ботганларга бало урмаяпти, бу найранглар денгиздан бир томчи-ку демоқчимисиз? Қайси бир ошхона омбори текширилганда ҳаром ўлган мол гўшти топилибди, деган гапларни эшитамиз. Бу ҳам арзимас гапми? Яна замондан, ҳаётдан нолиб гапирамиз-а!

Ҳазрати Умар (р.а.) “Биз ҳаром иш қилишдан қўрқиб, ўнта ҳалолдан тўққизтасини тарк этардик”, деганлар. Абдуллоҳ ибн Муборак (р.а.) эса: “Шубҳали бир дирҳамни тарк этишим юз минг дирҳам садақа қилишимдан кўра афзалроқдир”, деганлар. Ҳалолга ҳаром аралашаверса, бировнинг ҳақидан қўрқув ҳисси танамизни бир марта ҳам жимирлатиб қўймаса, энг ёмони – бу тирикчилик воситасига айланиб улгурган бўлса, биз қандай одам бўлдик?!

Расулуллоҳ ﷺ “Ким бизни алдаса, биздан эмас”, деганлар. Ул муҳтарам зот бозорни кузатганлар. Бир марта савдогарнинг қопда турган молига муборак қўлларини ботириб, аралаштириб кўрдилар. Қарасалар, усти қуруқ, ости ҳўл. Молнинг ости ёмон, усти эса чиройли. Шунда: “Бундай қилма” дедилар.[1]

Ҳар бир инсон қиёматда бойлигини орттирган манба ва унинг сарфлаган ўрни ҳақида сўралади. Ҳаром мол топиб, уни ҳаром жойга сарфлаган кимса ҳасрату надомат, афсусу пушаймонлар чекади. Кимда ҳаром мол-дунё бўлса, қиёматга қолдирмай, ундан тезроқ қутулсин! Зеро, у куни кишининг ҳақи олтин-кумушлару мол-дунё билан эмас, савоб ва гуноҳ билан ҳисоб-китоб қилинади.

Шариат ҳалол деб белгилаган нарсаларни ейиш ҳамда ҳалолдан касб қилиш ва ҳар бир касб устида Аллоҳ таоло қайтарган ҳаром ишлар аралашиб қолишидан сақланиш фарздир. Ўғрилик, порахўрлик, судхўрлик, қимор ва хамирфурушлик ҳамда зулм билан қўлга киритилган бойлик ҳаром саналади. Бировнинг розилигисиз олинган мол, гарчи унинг ўзи покиза бўлса-да, зулм қўлланилгани учун ҳаром бўлади. Шунингдек, чўчқа, ит каби нопок ҳайвонлар гўштини истеъмол қилиш ҳам ҳаромдир.[2]

Ҳар қандай ишни пок ният билан, ҳалоллик ва виждонан бажариш эса инсоний фазилатдир. Нохақ йўл билан топилган нарса узоққа бормайди ва бир кун келиб ўз эгасига зарар келтиради. Шунинг учун инсон доимо ҳалол ва адолатли бўлиши лозим.

 

Нилуфар БЕРДИЕВА

Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси

[1] “Одамийлик мулки” – “Хусну хулқ” (Ахлоқ китоби). – Т.: “Sharq”, 2014.

[2] “Қирқ фарз баёни” китобидан.