Дастлаб фирқаларнинг вужудга келиши (2 қисм)
10

Иккинчи давр: 37-100 ҳижрий йиллар.
Бидъатларнинг бошланиши мана шу даврга, Али розияллоҳу анҳунинг халифалик йилларининг ярмига тўғри келади. Сиёсий хилофларга саҳобаларнинг ўз ижтиҳодлари билан чиқарган ҳукмларидан фойдаланиб баъзи кишилар бидъат чиқардилар.
Али розияллоҳу анҳу даврида хавориж ва шиъа фирқалари пайдо бўлди. У икки фирқа бир-бирига қарама-қарши, бири у зотни куфрга нисбатини бериб, айбласа иккинчиси у зотга ёрдам бериб, қўллаб-қувватлайдилар.
Кейинчалик, Қадарий ва Муржиа фирқалари вужудга келди.
Учинчи давр: 100-150 ҳижрий йиллар.
Иккинчи асрнинг бошларида ўзидан кейингиларни адаштириб, ашаддий бидъатларни тарқатган учта шахс:
Восил Ибн Ато;
Жуъд Ибн Дирҳам;
Жаҳм Ибн Софвонлар чиқди.
Восил Ибн Ато ал-Басрий Мадинада 70-ҳижрий санада таваллуд топган. Мўътазила фирқасининг асосчиси. Ҳасан Басрийга шогирд тушган. “Икки манзил орасидаги манзил” бидъатини чиқарганидан сўнг мажлисидан чиқарилган ва ўзига хос алоҳида мажлис тузган. Мазҳабини шакллантириш мақсадида фикрига қўшилганларни ўз атрофига тўплаган. У 131-хижрий йилда вафот этган.
Жуъд Ибн Дирҳам Сувайд Ибн Ғафланинг мавлоси (озод қилган қули). Асли Хуросонлик. Дамашқда яшаган. “Қуръон махлуқ” деган бидъатни чиқарганидан кейин Бану Умайя қистовга олди. Кўфага қочиб Жаҳм Ибн Софвонга қўшилди. Уни Кўфа амири Холид Ибн Абдуллоҳ ушлаб Қурбон ҳайити куни қатл қилди.
Жаҳм Ибн Сафвон Абу Меҳроз ас-Самарқандий Термизда чиқиб Балхга кўчиб борган. Уни Салм Ибн Ахроз Исфаҳонда 128- ҳижрий йилда қатл қилган.
Тўртинчи давр: 150-234 ҳижрий йиллар.
Бу даврда янги бидъатлар пайдо бўлмади. Фирқалар бир-бирига киришиб уларнинг сони тўрттани ташкил этди.
- Хавориж
- Шиъа
- Мўътазила
- Муржиа
Аллоҳ таоло адашган тоифаларни тўғри йўлига ҳидоят қилиб, барча мўминларни адашиб залолатга кетишдан асрасин, Амин.
“Хожа Бухорий” ўрта махсус
ислом таълим муассасаси мудири: Ўткир Ғузаров
