Ғулув- чуқур кетиш
18

Ислом – мўътадил дин. Унда ғулув кетишлик йўқ. Мана шу тўғри йўлдир. Бу йўлга эргашишни Аллоҳ ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга васият қилган. Динимизда ушбу йўлга эргашиш борасида қаттиқ насиҳатлар мавжуд. Худди динда ғулув кетиш борасида қаттиқ қайтариқлар мавжудлиги каби. Аллоҳ таоло ғулув кетиш борасида шундай марҳамат қилади:
«Эй аҳли Китоб, (Ийсони худо дейиш билан) динингизда ҳаддингиздан ошмангиз! Аллоҳ шаънига эса фақат ҳақ гапни айтингиз!» (Нисо, 171).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда:
“Ғулувдан сақланингиз! Бас, сизлардан олдинги кимсалар динда ғулув кетиш ила ҳалок бўлган”, — дедилар”. Аҳмад ривояти.
Аллоҳ яҳудий ва насронийларни ғулувдан қайтарди. Аммо улар Унга қулоқ тутишмади ва ғулув кетишди. Бунинг оқибатида ҳақ йўлдан адашишди.
Шунингдек, Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматини ҳам ғулувдан қайтарди. У зот марҳамат қиладики:
«Туғёнга тушмангиз! Албатта, У зот қилаётган амалларингизни кўриб тургувчидир» (Ҳуд, 112).
Адашган фирқаларнинг залолатга кетишининг асосий сабабларидан бири шаръий ҳукмларда ақл билан ҳукм чиқаришлари бўлган. Адашган фирқалар ақида масалаларида ақл билан иш кўришлари натижасида зеҳнларида ўрнашган фикрларга ҳадиси шарифларнинг мухолиф келиб, ақл тарозиларига тўғри келмаганда ҳадисларни қабул қилмаганлар. Натижада кўпгина ҳадисларни рад қилишгача борганлар. Ва яна аҳли сунна уламоларига мурожаат этиш ва уларга эргашишдан юз ўгиришган. Уммат ичида залолатга юз тутганларнинг сабабларидан бири, уламоларга эргашишдан юз ўгиришдир. Улар ҳақида:
Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:
«Дарҳақиқат, уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир»
Абу Довуд ва Термизий ривояти.
Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматига илм бўлмаганида, ўзбошимча қарор ва шахсий хулосаларнинг олдини олиш учун, уламоларга мурожаат қилишни буюрди. Бу борада Аллоҳ Ўзининг Китобида айтади:
«Агар билмайдиган бўлсангизлар, аҳли илмларидан сўранглар!» (Наҳл: 43).
Ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ушбу илмни ҳар бир авлоднинг адолатлилари кўтариб олиб юради. Улар ундан (яъни диндан) ғулув қилувчиларнинг хатосини, адашганларнинг қўшимчасини ва жоҳилларнинг таъвилини даф қиладилар» дедилар (Байҳақий, Хатиблар ривояти)
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Дарҳақиқат, Аллоҳ илмни бандалардан тортиб олмайди, уни уламоларни маҳв қилиш йўли билан тортиб олади. Одамлар бирорта ҳам уламо қолмаганидан илмсизларни ўзларига бошлиқ қилиб оладилар. Сўнг, улардан сўрайдилар. Улар билмасдан фатво берадилар. Ўзлари ҳам адашиб, ўзгаларни ҳам адаштирадилар» дедилар. (Бухорий, Муслим ривояти).
Ораларида уламолар бўлмаган замонавий фирқаларда айни шу ҳолат бўлиб ўтмоқда. Улар муҳим масалаларда ўзларининг сиёсатларига асосланиб қарор қабул қилишади. Уларнинг сиёсати эса асосан Аллоҳнинг шариатига асосланмаган, балки уларнинг тушунча ва дунёқарашларига асосланган бўлади.
Уламолар шундай зотларки, улар сабабидан Аллоҳ таоло ўзининг динини ҳимоя қилади. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва унинг саҳобалари тутган йўлни барчадан кўра яхшироқ билади. Кимки уларни ҳақорат қилса, менсимаса ва йўлларига эргашмаса, ўшалар одамларнинг энг адашганидир. Уламоларни менсимай, уларсиз кифояланган кимсага келсак, у ҳалокатга юз тутибди. Имом Ибн Муборак деди: »Кимки олимни менсимаса, ўша охиратини йўқотибди» (Ибн Асокир ривояти).
“Хожа Бухорий” ўрта махсус
ислом таълим муассасаси мудири: Ўткир Ғузаров
