БУЮК ШАХСНИНГ ДОНО ЎГИТЛАРИ
22

Шижоатли кишиларни дўст тут, чунки Тангри таоло жасур кишиларни ардоқлайди. Амир Темур
Амир Темур — буюк шахс: кураги ерга тегмаган саркарда, йирик давлат арбоби, қонуншунос, талантли меъмор, нотиқ, руҳшунос, шу билан бирга, эл-юртини севган ва уни машҳури жаҳон қилган инсон. У Буюк инсоннинг мураккаб ва ташвишлар билан тўлиб-тошган ҳаёти ва фаолиятини кичик бир мақолада, ҳатто жуда қисқа ва умумий тарзда бўлса-да, баён қилиб бўлмайди. Амир Темурнинг тарихи кўп жилддик китоблар ёзишга арзийди.
Тангри таолога шукрлар бўлсинки, шу кунларга келиб кўп минг йиллик бой тарихимизни суриштириш ва ўрганиш имкониятига эгамиз…
Амир Темур 1336 йилнинг 9 апрелида ўша пайтларда Кеш (Шаҳрисабз)га қарашли Хўжа Илғор (бу қишлоқ ҳозир Яккабоғ туманига қарайди) қишлоғида таваллуд топди. Отаси Амир Тарағай — ўзига тўқ, бадавлат киши эди. Темур туғилган пайтда у Қозонхон (1333—1346) ҳузурида масъул бир мансабда турарди. Кеш ва унга тобеъ ерларнинг беклиги эса Амир Тарағайнинг оғаси Ҳожи барлоснинг қўлида эди.
Темурнинг ёшлиги ва йигитлик йиллари Чиғатой улуси оғир ижтимоий-сиёсий бўҳрон исканжасига тушиб қолган бир даврда кечди. Улус ичидаги нотинчлик Қозонхон даврига келиб ўзаро феодал урушларнинг авж олиб кетишига сабаб бўлди. Ҳокимият учун кураш айниқса хон билан унинг бош амири (амир ул-умароси) Қазаған ўртасида кучли бўлди. Ўзаро нифоқ ва келишмовчилик урушга айланди. Мамлакат мўғуллар истилоси остида қолган ўша оғир шароит икки истеъдодли амирни — амир Темур билан амир Ҳусайнни бир қадар яқинлаштирди. Лекин амир Ҳусайн мамлакатда феодал тарқоқликка барҳам бериш, раиятни чет эл босқинчиларидан ҳимоя қилиш хусусида Амир Темур билан якдил бўла олмади. Оқибатда юрт озодлиги учун Амир Темур ўгитлари 2 кураш бевосита Амир Темур зиммасига тушди. Амир Темурнинг тарих олдидаги хизмати бениҳоят катта.
Биринчидан, у мамлакатда кучайиб кетган феодал тарқоқликка барҳам бериб, эл-юртни ўз туғи остига бирлаштира олди, марказлашган йирик давлатга асос солди. Бу билан зироатчилик, ҳунармандчилик, савдо-сотиқ ва маданият ривожига мустаҳкам замин яратиб берди. Бугун “Темур ва темурийлар давлати”, “Темурийлар маданияти”, “Улуғбек ва Самарқанд астрономия мактаби”, “Навоий” ва “Бобур” каби қутлуғ сўзларни нафақат ўзбекларнинг, балки бутун дунё халқларининг тарихи саҳифаларида учратар эканмиз, уларнинг заминида Амир Темурнинг улкан хизматлари ётишини назарда тутишимиз лозим.
Иккинчидан, Амир Темур, тақдир тақозоси билан бир қатор халқлар ва юртларга мустамлакаликдан озод бўлишда ёрдам берди. Масалан, ўша даврнинг энг қудратли подшоҳларидан ҳисобланган Боязид Илдиримни тор-мор келтириши натижасида, бир қатор Европа халқлари озодликка эришди. Олтин Ўрда хони Тўхтамишни икки марта тор-мор келтириб, Россиянинг мўғуллар ҳукмронлигидан қутулишини тезлаштирди.
Учинчидан, Туркистон заминини зироатчилик, ҳунармандчилик, илм-фан ва маданият ривожланган илғор мамлакатга айлантирди. Амир Темурнинг саъй-ҳаракати билан обод этилган шаҳарлар, қасабалар, қишлоқларни, Шаҳрисабз, Самарқанд, Бухоро, Ясси (Туркистон) сингари шаҳарларда қад кўтарган олий иморатларни айтмайсизми?! Уларнинг баъзилари ҳозир ҳам шаҳарларимизга кўрк бўлиб турибди. Таъбир жоиз бўлса, шу ерда яна бир гапни айтмоқчимиз. Амир Темур ўз юрти Туркистоннигина эмас, балки қўшиб олинган юртларни ҳам обод қилди. Амир Темур замонида ёзилган асарларни қунт билан мутолаа қилсангиз, унинг кўп яхши сифатлари (тўғрилик, мурувватлилик, эл-юртга меҳр-муҳаббат ва б.) билан танишасиз. Унинг саховатли, бағри кенг ва донишманд одам бўлганини пайқаб оласиз. “Темур тузуклари”, Низомуддин Шомий ва Шарофуддин Али Яздийнинг “Зафарнома”ларида, Ибн Арабшоҳнинг “Ажойиб ул-мақдур фи ахбори Темур” (“Амир Темур ҳақидаги хабарларда тақдир ажойиботлари”) ва бошқа асарларда келтирилган соҳибқироннинг ибратли панд-насиҳатлари ва ўгитларидан ҳам унинг кимлигини билиб олса бўлади. Булар эл-юрт ва фуқаронинг ташвиши, раиятпарварлик, меҳр-мурувват, қўшничилик ақоидларига риоя қилиш ва ниҳоят, мардлик ва қаҳрамонлик ҳақидаги ҳаётий ўгитларидир.
Қўйида Сизларга юқоридаги асарлардан олинган ҳикматлардан улашмоқчимиз.
- Давлат ишларининг тўққиз улуши кенгаш, тадбир ва машварат, қолган бир улуши эса қилич билан бажо келтирилур;
- Ишбилармон мардлик ва шижоат соҳиби, азми қатъий, тадбиркор ва ҳушёр бир киши мингминглаб тадбирсиз, лоқайд кишилардан яхшидир;
- Ғаним лашкарини енгиш қўшиннинг кўплигидан, мағлуб бўлиш эса сипоҳнинг камлигидан бўлмайди. Балки ғолиб бўлмокдик Тангрининг мадади ва бандасининг тадбири биландир;
- Бир ишга киришмай туриб, ундан қутулиб чиқиш йўлларини мўлжаллаб қўй;
- Қилмоқчи бўлган ишларини қилмасдан қолдирмасинлар. Агар бирор ишни қилмасликка сўз берар эканлар, яқинига ҳам йўламасинлар. Хотирдан чиқмасинким, Тангри таоло жасур кишиларни ардоқлайди;
- Бирон ишни қилмоқчи бўлсам, кенгашиб олиб, кейин Қуръондан фол очардим ва Қуръон ҳукми билан иш қилур эдим;
- Юз минг отлиқ аскар қила олмаган ишни бир тўғри тадбир билан амалга ошириш мумкин;
- Худо битта, унинг шериги йўқдир. Шундай бўлгач, Аллоҳ таолонинг муқаддас мулки — ер юзига эгалик қиладиган (кадхудо) киши ҳам битта бўлиши керак;
- Агар ерда ва кўкда икки худо бўлса, жаҳоннинг иши бузилур;
- Ёрга еткур сабо, ким макр қилмишдир манға, Қилди эрса кимга макрин, қайтадур бир кун анға. (Амир Ҳусайнга Амир Темурбек ёзган туркий байт)
Манбаалар асосида Нилуфар БЕРДИЕВА тайёрлади
“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси
