Бугун ижтимоий тармоқларда баъзи бир ёзиладиган хабарлар инсон кўнглини хафа бўлишига, ўша хабарларда зикр қилинган инсонлар ва улар билан боғлиқ ишлар, кишида ачиниш ҳиссини пайдо қилади.

Гап, Аллоҳ таоло Ўз руҳидан жон ато этган, мукаррам қилиб яратган, барча нарсаларни унинг хизмати учун мусаххар қилиб қўйган “инсон”нинг ўз жонига қасд қилиши ҳақида кетмоқда.

Кейинги вақтларда ўсмирин ёшлар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Бу эса жуда ёмон ҳолат ва иллатдир. Албатта ушбу иллатни олдини олиш, инсон ва унинг ҳаётини сақлаб қолиш ҳар вақт, ҳар замонда энг долзарб масала бўлган ва шундай ҳам бўлиши лозим. Чунки, Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “….Ким уни (инсонни) тирилтирса, худди ҳамма инсонларни тирилтиргандек бўлади”. (Моида сураси, 32 оят) Демак, бир инсон, бошқа бир инсонни ўлимдан сақлаб қолиши ёки шунга сабабчи бўлиш улкан савобли ишлардан эканлиги таъкидланмоқда. Албатта, ҳар бир жон яшаш учун шунчаки яшаш эмас, том маънода бахтли ҳаёт кечириши учун аввало ўзи ҳаракат қилмоғи лозим.

Ўз жонига зулм қилиб, ўзини ўзи ўлдиришига нима сабаб бўлмоқда, бунинг аниқ бир ечими борми, бўлса қандай – деган савол ҳар бир ақли расо шахсни ўйлантириш аниқ. Ўша ўз жонига қасд қилган кимнингдир фарзанди, укаси, синглиси, ҳеч бўлмаганда у ҳам инсон. Хўш, чора қандай, бунинг ечими ва ишни нимадан бошлаш лозим?

Биринчидан: Фарзанд — ота-она учун Аллоҳ таоло томонидан берилган омонат ва ўз ўрнида буюк неъмат ҳам эканлигини асло унутмаслиги керак. Фарзанд неъматининг шукри ўша неъматни берувчи Зот рози бўладиган этиб тарбиялаш. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган ўтдан сақланг.” (Таҳрим сураси, 6 оят) Буюк муфассирларимиз ушбу оятни тафсирида, ҳар бир ота-она ўз фарзандини ёшлигидан тарбиялаб, иймон-эътиқодини тўғри бўлишига, турли иллатлар домига тушиб қолмаслиги учун барча зарур чораларни ўз вақтида кўриб бориши шарт деб ҳукм чиқарганлар. Агар фарзанд тарбиясизлиги сабаб Аллоҳнинг азобига гирифтор  бўладиган бўлса, ота-она ҳам ўз ўрнида жавобгар экани таъкидланади.  Чунки, ҳар бир туғилажак фарзанд соф ислом фитратида дунёга келади. Уни қандай инсон этиб тарбиялаш, вояга етказиш эса ота-онасининг эътиқоди, билими, тажрибаси ва масъулиятига боғлиқдир.

Иккинчидан: Фарзанд тарбиясига алоҳида эътибор қаратиш ва тарбияни “қалб тарбиясидан” бошлаш. Чунки, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Огоҳ бўлинглар, жасадда пир парча гўшт бор, Агар у соғ бўлса, жасаднинг ҳаммаси соғ бўлади. Агар бузилса жасаднинг ҳаммаси бузилади. Огоҳ бўлинг! У “қалбдир”” деб, марҳамат қилганлар. (Имом Бухорий ривояти) Инсон қалбининг хотиржамлигига эришиши катта ютуқ ҳисобланади. Ҳаётда инсоннинг тинч-хотиржам яшашлиги, унинг қалби тинчлигидан бошланади. Қалби тарбияланган, хотиржамлиги таъминланган фарзандлари бор оилада ғам-ғусса бўлмайди.

Учинчидан: Ота-она, оила даврасида ҳалол-ҳаром, гуноҳ ва савоб нима эканлигини мунтазам тушунтириб бориши. Бу эса фарзанд учун ота-она тарафидан берилиши лозим бўлган юксак одоб ва таълим намунасидир. Саъид ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам” “Ҳеч бир ота ўз фарзандига яхши одоб ўргатишдан ортиқ ҳадя қила олмайди”, дедилар”.  Ҳалол-ҳаром, яхши ёмон, гуноҳ ва савоб амалларни ўргатиш энг муҳим иш, ўз ўрнида ота-она мазкур ишларда ўзлари намуна, ўрнак бўлиши керак.

Тўртинчидан: Жамиятда содир бўлиб турадиган “Ўз жонига қасд қилиш” каби ёмон ишлар содир бўлганлиги тўғрисида оила даврасида сўз очилганда – эътибор беринг “сўз очилганда”, ушбу ишлар улкан гуноҳ эканлиги, Аллоҳ таолонинг қаттиқ азобига гирифтор бўлиши, ҳатто ушбу шахсларга жаноза намози ҳам ўқилмаслиги, бу эса мусулмон инсон учун улкан иснод эканлиги борасида тушунча бериши керак. Инсон зотига, хоссатан мусулмон фарзандига ушбу қабиҳ иш мутлақо тўғри келмаслиги уқтириш лозим. Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Ким бу дунёда ўзини бирор нарса билан ўлдирса, қиёматда ҳам унга ўша нарса билан азоб берилади” (Имом Бухорий ривояти).

Бешинчидан: Ота-она фарзандининг фикри, юриши, ўзини тутиши, кимлар билан юргани, унинг хулқидаги ўзгаришларни эътиборсиз қолдирмаслиги.  Ҳар бир ота-она ўз фарзандининг ҳам руҳий-маънавий жиҳатдан соғлом, баркамол бўлиши учун турли касаллик ва иллатлардан соғ-саломат бўлиб улғайиши учун ҳаракат қилмоғи лозим. Шунингдек, фарзандларни инсон ҳаёти давомида учраб турадиган турли ҳолатлар, қийинчиликларга сабрли бўлишга чақириш, уларни енгиб ўтиш чоралари ўргатиш ва ҳар бир ишда ўйлаб қарор чиқариш ҳам муҳим ишлардан ҳисобланишини ҳаётий мисоллар билан тушунтириш лозим. Асосий муаммоларимиздан бири руҳий тушкунликка берилаётган инсонларга яқинлари ўз вақтида эътибор бермаслиги, бепарволик, уни қийнаётган, жавобини топа олмаётган масала ечимини ҳал қилинмаслигидир.

Хулоса шуки, ўзини ўзи ўлдириш Аллоҳ таоло омонат қилган жонни йўқ қилишдир. Аллоҳ берган омонатга хиёнат қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Ўз жонига қасд қилишдек оғир гуноҳни содир этмаслиги учун инсон доимо пок юриши, ўй-хаёли ва нияти доимо яхши бўлишига ҳаракат қилмоғи керак. Нафсни яхши деб номланган ишларни қилишга одатлантириш лозим. Зеро, Пайғамғамбаримиз алайҳиссалоту вассалом: “Яхшилик ҳам одат, ёмонлик ҳам одат, нафс одатланувчидир” деб, марҳамат қилганлар.

Демак, ҳар бир инсон куни ва соати етганда омонатини топшириши муқаррар. Шундай экан, Аллоҳ берган азиз жонни қадрига етиш, умрнинг ҳар бир дақиқасини ғанимат билиш зарур.

 

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси

ўқув ишлари бўйича мудир ўринбосари  Ў. Маҳмудов