Дастлаб фирқаларнинг вужудга келиш (1 қисм)

12

 Фирқалар салафи солиҳлар даврида бирданига, бир вақтда пайдо бўлмаган. Балки бу фирқалар ҳар хил даврларда, бир-биридан узоқ ўлкаларда вужудга келган. Бидъатларнинг зоҳир бўлиши учинчи асрнинг бошларига тўғри келади.

Биринчи давр (…- 37- ҳижрий йиллар)

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони карим йигирма уч йил мобайнида нозил бўлди. Дин мукаммал бўлиб, неъматлар  батамом бўлди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг иродаси билан фоний дунёдан боқий дунёга риҳлат қилдилар .

Ана шу вақтларда саҳобалар Қуръонни эшитиб, имон келтириб, маъноларини тўла англаб, ичидаги нарсаларга амал қилар эдилар. Гоҳида Аллоҳ таолонинг зоти, исм ва сифатлари, ишлари, қиёмат куни, унда бўладиган ҳодисалар, қиёмат қийинчиликлари, жаннат, дўзах ва яхши ишларга мукофат, ёмон ишларга эса жазо борасида ғайбиёт (ғайб)га оид оятлар нозил бўлар эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни инсонларга еткизиб, баён қилиб берар эдилар. Саҳобаи киромлар уларни ёдлаб, тушуниб ундаги нарсаларга имон келтирар эдилар. Бу ҳукмлар қаршисида бирор бир саҳобани иккиланганлиги ривоят қилинмаган.

Биз саҳобаларни уларга хитоб қилинган нарсаларни тўла фаҳмлаганлар деб эътиқод қиламиз. Ундай бўлмаганда сахобалар тушунмаган нарсаларини маъноларини баён қилиб беришни сўрар эдилар. Чунки масала — эътиқод масаласи эди. Эътиқод масаласида нотўғри тушинчага бориб ихтилоф чиқарганларга қарши қурол кўтарганлар. Тўғри, саҳобаи киромлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан баъзи шаръий ишларни сўраганлар. Лекин у ишлар эътиқодий эмас, амалий ишлар эди.

“Мифтаҳус саода” китоби муаллифи:

“Саҳоба розияллоҳу алайҳимлар саодат асрида ягона ақидада эдилар.Чунки улар ваҳий замонини топиб, унинг соҳиби суҳбатига мушарраф бўлганлар. Улардан иккиланиш, шак — шубҳа  зулмати йироқ бўлган”.

Уламоларимиз : “Мўминларнинг энг бахтлиси, умматнинг  имони комили  саҳобаи киромлар кўпгина ҳукм масалаларида баҳс қилганлар. Лекин, Аллоҳга ҳамд бўлсин, Аллоҳнинг исм — сифатлари, ишлари борасида бирор бир масалада тортишмаганлар. Яшаган даврлари ҳар қандай разиллик, ихтилоф, фитналардан холи бўлган. Ихтилоф, тушунмовчиликлар пайдо бўлган замониёқ муолажа қилиниб, ўнгланар эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида баъзи саҳобалар қадар ҳақида гапирдилар. У зот ғазаб қилиб, уларни бу ишдан қайтардилар, қайтдилар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам даврида баъзи саҳобалар қадар мавзусига чуқур кетишган, лекин бу қайта такрорланмайдиган оризий тортишув эканлигини ифода қилади. Улар шунга ўхшаш  ишлардан тийилдилар. Уларнинг бирортасидан  бу тортишувларни қайтаргани ривоят қилинган эмас. Балки улардан кейинчалик пайдо бўладиган қадарияларга раддиялар ривоят қилган. Умар Ибн Хаттоб  розияллоҳу анҳу даврида жузъий, тезда барҳам топадиган тортишувлар бўлган.

Собиғ исмли киши Қуръони каримнинг муташобеҳ оятлари ҳақида сўраганида Умар  розияллоҳу анҳу тавба қилгунича калтаклаган.

Лалкоий раҳматуллоҳи алайҳ санади билан Сулаймон ибн Яссор розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда:

“Бани  Ғанимлик  Собиғ Ибн Исл исмли киши бор эди. Ҳузурида китоблари бўлиб,  Қуръони каримнинг муташобеҳ оятлари ҳақида сўрай бошлади. Бу гап Умарга етиб борди. Келиши учун одам юборди. Хурмо пўстлоғидан ясалган қамчилар тайёрлатиб қўйди. Собиғ  келиб Умарнинг олдига ўтирди.

-“Сен  кимсан?”.

-“Мен Абдуллоҳ Собиғман”.

-“Мен Абдуллоҳ  Умарман”, — деди  Умар.  Қамчилар билан урушга ишора қилди. Чунонан  урдиларки, боши  ёрилиб қон оқа бошлади.

-Етарли! Эй амирал мўъминин. Аллоҳга қасам, бошимда ўйлаганларим кетди.

Бу ҳадисдан ана  шу  давр бидъат  ва эътиқодий  бузуқликлардан йироқ бўлгани кўринади.


Ўткир Ғузаров

“Хожа Бухорий” ўрта махсус

ислом таълим муассасаси мудири