ҒУЛУВ — ҲАДДАД ОШИШДИР
19

Динда ҳаддан ошиш, шариат буюрган амалларни бажаришда чуқур кетиш, мазкур амалларни қилишда инсон ўзини қийнаши Қуръони карим оятлари ҳамда пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадислари билан қайтарилган ишлардан ҳисобланади.
Ислом динида ҳаддан ошишни англатувчи бир неча сўз ва истилоҳлар бўлиб, биз ана шу сўз ва истилоҳлар ичида кўп тарқалгани бўлган “ғулув” ҳақида сўз юритамиз.
“Ғулув” сўзи арабларда қийнаш ва ишда ҳаддан ошиш маъноларини ифода этади. Ғулув – хоҳ у нарса шаръий бўлсин ёки урфий бўлсин унинг чегарасидан кесиб ўтишдир. Ибн Форс айтадиларки: “Ғулув ҳаддан ошишдир. Диндаги ғулув эса, унда шиддатли бўлиш ва ҳаддан ташқари қаттиқ тутишдир”. Динимиз талабидан ортиқча иш қилмоқчи бўлган, унинг кўрсатмаларидан ҳам зиёд амал қилмоқчи бўлган одам динга нисбатан ғулувчи – ҳаддан ошувчидир. Бу эса динимизда ёмон сифатлардан ҳисобланади. Демак, динда ҳаддан ошиш мақтовли сифат эмас экан, уламоларимиз бундан четда бўлиш йўлларини ҳам ўргатиб кетганлар.
Биринчидан: Ғулувга кетишни даволаш йўллари Китоб ва суннатни ҳамда салафи солиҳларни йўлларини маҳкам ушлаш. Турли бидъат-хурофотлардан четда бўлиш ва улардан эҳтиёт бўлиш. Аллоҳ таоло айтади: “Барчангиз Аллоҳнинг арқонини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг”. (Оли имрон, 103-оят) Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Эй инсонлар албатта мен сизларга Аллоҳнинг китобини ва унинг пайғамбарини суннатини қолдирмоқдаман, уларни маҳкам ушласанглар ҳаргиз адашмайсизлар” деганлар.
Иккинчидан: Жамоатни лозим тутиш, бошлиқларни тинглаш ва уларга итоат этиш. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан шундай ҳадис ривоят қилинади: “Учта нарса борки кимда ўша нарсалар бўлса, унинг қалби ғулувга кетмайди: “Амални холис Аллоҳ таоло учун қилиш, мусулмонларнинг имомларининг насиҳатларига қулоқ тутиш, мусулмонлар жамоасини лозим тутиш”. Имом Термизий ривояти.
Учинчиси: Илмни ишончли уламолардан олиш. Яъни, устозлар силсиласи Расулуллоҳга етиб борадиган ҳақиқий илм соҳибидан ўрганиш. Кимлиги бетайин, устози аниқ бўлмаган, нима китоб ўқинганини билиб бўлмайдиган кишилардан илм ўрганилмайди. Чунки, Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Илм бу диндур, динларингизни кимдан олаётганингизга қаранглар”, деган эдилар
Тўртинчиси: Динда ҳаддан ошишнинг зарарлари тўғрисида мўминлар бир бирларига насиҳат, амру маъруф ва наҳйи мункар қилиш. Шариатимиздаги ҳар бир амални ўз мутахассисидан эшитиб, ўрганиб сўнг бажарилади. Ўзбошимчалик билан амал қилишга йўл қўйилмайди. Ислом ўз таклифлари билан инсонни фаришта даражасига кўтаришни кўзлаган эмас ва ўз навбатида ҳайвонлик даражасига тушиб кетишига ҳам рози эмас. Балки, инсон ҳар бир амални ўз ўрнида ортиқча ҳам қилмасдан, камчиликка ҳам йўл қўймасдан бажариши лозим.
Ўткир Маҳмудов
“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси
ўқув ишлари бўйича мудир ўринбосари
