СЕҲРНИНГ ЕТТИ ҲАЛОК ҚИЛУВЧИ ГУНОҲЛАР ТОИФАСИДАН ЭКАНЛИГИ.
9

Маълумки, шариъати исломияда гуноҳлар турлари ҳар хил бўлгани учун, уларнинг номлари ҳам ҳар хил бўлади. Масалан сеҳрнинг гуноҳи оғир бўлганлиги учун, Пайғамбаримиз (с.а.в.) сеҳрни ўта оғир гуноҳлар зикр қилинган ҳадисида зикр қилиб бизни огоҳлантирди. Мазкур ҳадис Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Насоий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган бўлиб, ҳадисда “Етти ҳалок қилувчи гуноҳлар” сароҳатан зикр қилинган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Еттита ҳалок қилувчи (гуноҳлар)дан сақланинглар!”, дедилар. “Ё Расулуллоҳ, улар қайсилар?”, деб сўрадилар. “Аллоҳга ширк келтириш, сеҳргарлик, ноҳақ одам ўлдириш, етимнинг молини ейиш, судхўрлик, жанг пайтида ортга қочиш, покиза ва фаҳшдан бехабар мўмина аёлларни бузуқлик билан туҳматлаш”, дедилар. Бу ҳадисда нафақат сеҳр балки бундан бошқа яна олтита жуда оғир гуноҳлар зикр қилинган. Бундан нафақат ўзимиз балки ўзгаларни ҳам огоҳ қилишлигимиз зарур. Чунки барчамиз бир жамиятда яшар эканмиз жамиятимизни бундай жирканч ва зарарли иллатлардан сақлашимиз барчамиз учун фойдадан ҳоли бўлмайди. Яхшилаб фикр юритсак мазкур етти тоифани ҳар бири бир-биридан оғир жиноят ҳисобланади, ҳар бири инсон учун ўта зарар ҳисобланади. Биз фикримизни сеҳрга қаратадиган бўлсак инсонлар ҳаётда тинч яшашликга имкон қолмайди. Ҳамма бир –биридан қўрқиб яшайди, гумон қилиб, шубҳа қилиб ҳатто тўҳмат қилиб ҳам яшайдилар. Бундай ҳолат эса инсонларни аввало эътиқодига, амалига, дунёсига, мол-мулкига, охиратига, соғлигига кучли таъсир ўтказишини билганлиги учун Аллоҳ уни ҳалок қилгувчи гуноҳлар тоифасига қўшиб бизни ундан огоҳлантирди. Бизни бурчимиз Аллоҳ нозил қилган ҳкумлардан ва оятлардан тегишли хулоса чиқариб ҳаётда ҳалол яшашимиз талаб қилинади. Бундай яшашлик ҳам шариъатда ибодат ҳисобланади. Аллоҳ барчамизни ўзи ҳидоят қилиб бу иллатдан ва инсонни ҳалокатга олиб боргувчи гуноҳлардан сақласин.
Шу ўринда асосли бир савол ўртага чиқади. Яъни, Сулаймон алайҳиссаломни ким кофирга чиқарган, нима учун оятда уни кофир эмас эди, дейилмоқда?
Ушбу масала борасида “Бақара” сурасидаги сеҳр оятлари устида бироз тўхтаб ўтишга тўғри келади. Чунки, бу оятлар сеҳрга тааллуқли ҳукмлар учун асос бўлиб саналади.
Давоми бор…
Абдуғани БОЗОРОВ
Хожа Бухорий ислом таълим муассаси
тафсир фани ўқитувчиси
