АЛДОВ ВА МАКР — ОҒИР ГУНОҲДИР
18

Инсонларни алдаш, уларга макр-ҳийла қилиш бизнинг гўзал ва ҳақ динимизда жоиз бўлмаган амалдир.
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
وَلَا یَحِیقُ ٱلۡمَكۡرُ ٱلسَّیِّئُ إِلَّا بِأَهۡلِهِ (٤٣)
“Ёмон макр-ҳийла эса фақат ўз эгаларини ўраб ҳалок қилур” (Фотир сураси, 43).
Яъни, ёмон макр-ҳийланинг касофати макр қилган, уюштирган кимсаларнинг ўзига уради. Ҳийлакорнинг уқубати ўз ишининг натижасидир.
قال رسول الله صلى الله عليه وسلم :« والمكر والخداع في النّار»
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Макр ва алдов жаҳаннамдадир”, — дедилар. (Ибн Ҳиббон ва Табароний ривояти)
Албатта бу ерда макр ва алдовни амалга оширувчи кимсанинг охири нима билан якунланиши назарда тутилмоқда, ҳа бу икки иш ўз соҳибини жаҳаннамга туширадиган даражадаги оғир гуноҳдир.
Ибн Аббосдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сен биродаринг билан жанжаллашма ва у билан ҳазиллашма. Унга бир ваъда бера туриб, сўнг хилоф қилма”, — дедилар.
(Имом Бухорий ривояти)
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам алдовга сабаб бўлганлиги учун ҳам ваьдага хилоф этишдан қайтармоқдалар.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَال: «… وَمَنْ غَشَّنَا فَلَيْسَ مِنَّا». رَوَاهُ مُسْلِمٌ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бизни алдаса, биздан эмас”, деганлар. Муслим ривояти.
عَنْ عَلِيٍّ رَضِي اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: «لَيْسَ مِنَّا مَنْ غَشَّ
مُسْلِمًا أَوْ ضَرَّهُ أَوْ مَاكَرَهُ». أَخْرَجَهُ الرَّافِعِيُّ
Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир мусулмонни алдаса ё унга зарар берса, ёки унга макр ишлатса, биздан эмас”, дедилар”.
Мўьмин киши учун дунё ва охиратда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматидан четда бўлишдан оғирроқ жазо бормикин?
Алдов ва макр ёлғондир ёлғон эса гуноҳи кабирадир. Шу билан бирга ёлғон фисқ-у фужурга олиб боради ва у нифоқнинг аломати ҳамдир.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ростгўйликни маҳкам тутинглар. Зеро, ростгўйлик эзгуликка йўллайди, эзгулик эса жаннатга бошлайди. Киши рост гапириш ва ростгўйликка интилишда давом этаверади, натижада Аллоҳ ҳузурида ростгўй деб ёзилади. Ёлғончиликдан сақланинглар. Зеро, ёлғончилик фожирликка (гуноҳкорликка), фожирлик эса дўзахга бошлайди. Банда ёлғон гапириш ва ёлғончиликка интилишда давом этаверади, ниҳоят Аллоҳ ҳузурида ёлғончи деб ёзилади”, дедилар” (Бухорий, Муслим, Термизий ривояти).
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимда тўрт хислат бўлса, у ҳақиқий мунофиқ бўлади. Кимда улардан бири бўлса, то уни тарк этмагунича унда мунофиқликнинг бир хислати бўлади: омонат қўйилса, хиёнат қилади, гапирса, ёлғон гапиради, аҳд қилса, (аҳдида) турмайди, хусуматлашса (тортишса), фожирлик қилади”, дедилар” (Бухорий, Муслим ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларки: “Уч тоифа одамга қиёмат кунида Аллоҳ гапирмайди уларга (раҳмат назари билан) қарамайди, уларни (гуноҳлардан) покламайди ва уларга аламли азоб бўлади: Саҳрода ортиқча суви бўла туриб уни йўловчиларга бермайдиган кимса; асрдан сўнг аслида ундай бўлмаса-да, ўзи уни фалон нархга олганига ишонтириш учун Аллоҳнинг номи билан қасам ичиб матосини сотган кимса; амирга мол-дунё илинжида байъат берган, шунинг учун агар унга хоҳлаган нарсасини бериб турса, аҳдига вафо қилиб, бермай қўйса, аҳдини бузадиган кимса” (Бухорий, Муслим ва бошқалар ривояти).
Кимки макр қилиб яшаса, фақирликда ўлиш билан ҳам хорланади, бу ҳам жазо устига жазодир бу ҳақида Имом Ибн Қоййим раҳимаҳуллоҳ деди: “Кимки макр қилиб яшаса, фақирликда ўлим топади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг бандалари устига жорий этган кавний суннатидан биридир бу: Ким ботил, ноҳақ билан макр қилса, унга ўша йўл ила макр қилинади. Ким ҳийла қилса, унга ўшандай ҳийла қилинади. Ким бошқага фирибгарлик қилиб, алдаса, унга фирибгарлик, алдов қилинади. Бирон маккорни кўрмайсанки, ўзидан ҳам маккороғига йўлиқади, макр қилинади, бирор хиёнатчини кўрмайсанки, унга хиёнат қилинади ва бирон ҳийлагарни кўрмайсанки, албатта унга ҳийлагар йўлиқади.[1]
Биз танишиб ўтган маьлумотлардан сўз ва амаллардаги алдов ва макр ўзида бадбахтликнинг барчасини жамлаган оғир гуноҳлиги очиқ-ойдин намоён бўлиб турибди. Аллоҳ таолодан бизни дунё ва охиратда бизга зарар келтирадиган жамийки нарсалардан ўзининг марҳамати ила сатр этишини илтижо қилиб қоламиз.
Абдурашид ДУЛАБОВ
Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси талабаси
[1] “Иғосатул лаҳфаан мин масоидиш- шайтон” асаридан.
