РЕСПУБЛИКАНИНГ ДИНИЙ ҲАЁТИГА ОИД АЙРИМ МАНБАЛАР ТОМОНИДАН ТАРҚАТИЛАЁТГАН НОХОЛИС МАЪЛУМОТЛАРГА ТЕЗКОР ВА ОБЪЕКТИВ МУНОСАБАТ
9

Маълумки, XXI аср ибтидосида жамият барқарорлиги, хавфсизлигига таҳдидлар мажмуасида мафкуравий таҳдиднинг таркибий қисмига айланган дининй экстремизм бош омил ва кенг қўлланилаётган услуб сифатида ўзини намоён қилмоқда. Диний экстремизмнинг Афғонистондаги ўчоқлари асосан йўқ қилинган бўлса-да, хавф ҳамон сақланиб қолмоқда. Маълум доиралар бизга қўшни бўлган айрим давлатларда ўз “уяларини” яратишга уринмоқдалар.
Барча ислом ниқоби остида ҳаракат қилаётган диний-экстремистик ҳаракатлар ўз олдига тинч-осойишта давлатда мураккаб ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, маънавий-маърифий вазиятни инқирозга келтириш йўли билан ҳокимиятни эгаллаш ва ўз ҳокимиятини ўрнатиш мақсадини қўядилар. Аммо унга эришишда ҳар бир диний экстремистик ҳаракат, ташкилотда ўзига хос йўл ва услублардан фойдаланади. Хусусан “ҳизбут-таҳрир” аввало, ислом ниқоби остида экстремистик ғоялар билан йўғрилган тушунтириш ишларини олиб боради. Бунда ҳизбчи ҳар бир шахснинг фикрлаш доирасига қараб ўз таълимотига даъват этади. Халқ орасида норозилик кайфиятини уйғотиш мақсадида, фитна чиқариш илинжида турли уйдирмаларни оммавий ахборот воситалари орқали тарқатадилар.
ХХI асрга келиб интернетнинг мислсиз ривожланиши туфайли “бутун олам бир қадам”га айланди. Эндиликда дунёнинг бир бурчагидан содир бўлган янгилик бошқа бурчагига бир неча сонияларда етиб боряпти. Ҳар куни жаҳонда саноқсиз воқеа-ҳодисалар содир бўлаяпти. Инсон ўзини ўраб турган борлиқдаги турли сигналлар таъсирини, ҳатто ОАВ орқали узатилаётган ахборотларнинг аксарият қисмини ҳам табиий қабул қилади. ОАВ, шунингдек ижтимоий тармоқлар орқали узатилаётган ҳар қандай ахборотни кўпчилик тўғри, деб ҳисоблайди. Ҳатто баъзан ўзини алдаётганини билиб туриб ҳам бунга қаршилик кўрсатмайди. Энг катта муаммо ҳам ана шунда. Тўғри, деб қабул қилган ахборотларнинг нотўғри бўлиб чиқади. Биттагина сохта, ёлғон ёки уйдирма ахборот бир инсон ҳаётини буткул издан чиқариб юбориши мумкин. Оммани ушлаб туриш, даҳшатга солиш, ишонтириш, фактларни бир ёқлама ёритиш, “бузиб” кўрсатиш, фикрни бир ахборотдан бошқасига чалғитиш, кераксиз маълумотларни бериш, ахборот узатишнинг ана шундай усулларидан ҳисоблаб фойдаланаётганларидадир.
Абу Солиҳ Ибн Аббосдан қуйидаги тафсир билан ривоят қилинади: Аллоҳ сизларга далолат қилиб кўрсатган нарсага албатта риоя қилинг. У эса Аллоҳнинг қаттиқ арқони. Кимки у билан гапирса, рост айтибди, кимки Қуръон билан ҳукм қилса, адолат қилибди, кимки, уни маҳкам ушласа, тўғри йўлга ҳидоят топибди. Қуръони каримда келтирилганларга чуқур киришиш сизларни инкор қилишга бошлаб қўймасин. Бас, албатта, зиндиқийлар фирқаси айни шу – динда ғулу кетиш ва мутаассибликда чегарадан ошиб, ҳатто Қуръонни ҳам инкор қилдилар. Чунки шубҳа ҳалок қилувчидир. Бу хусусда Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг сўзлари бор: “Динда чуқур кетувчилар ҳалок бўлсин, кўп гапирувчилар ҳалок бўлсин”.
Афсуски, ёшлар орасида диний таълимоти етарли бўлмаган ёшларимиз ҳар хил исломий каналларга уланиб, ўзларининг мафкуравий ғояларини бузмоқдалар. Бунга сабаб бўлаётган айрим “домла”, “мулла” номи билан фаолият олиб бораётган қўштирноқ ичидаги чаласаводлар дин ниқоби остида ўзларининг бузғунчилик ғояларини ёйиб, мамлакатимизнинг ўспирин ёшларни йўлдан урмоқдалар.
Абу Мутиъ айтадилар: “Эй, ўз қадрини билувчи инсон! Дин аҳкомларида чуқур кетишдан ўзни эҳтиёт қилинг ҳамда калом илмидаги нозик масалаларда мулоҳаза юритишдан ўзингизни тийинг. Илмсизлик ёки назарий илмларнинг озлиги сабаб бидъатга тушиб қолмаслик, шунингдек, олинган илмдан манфаат келиши, ибодатнинг қабул бўлиши, саъй-ҳаракатларнинг залолатга кетмаслиги, айниқса, ижтиҳоднинг тўхтатилмаслиги учун ибодатда ҳам, ижтиҳотда ҳам ўрта мақомни тутинг. Акс ҳолда, яъни динни яхши билмаган, бидъатни тарк этмаган инсон унга бирор янгилик киритишга қодир бўлмайди” – деганлар.
Нилуфар БЕРДИЕВА
Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси
Ўқув-услубий бўлим бошлиғи
