Исломда ёшлар тарбиясига эътибор
23

Ислом дини ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор беради. Шунинг учун ҳам ёшлар тарбиясини қачондан бошлаш керак деган саволга, Исломда онасини (ёки отасини) танлашдан деб жавоб берилади. Бўлажак она ёки ота бола тарбиясининг зоҳирий асосчиларидир.
عن أبي هريرة قال : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : «كل مولود يولد على الفطرة فأبواه يهودانه وينصرانه ويمجسانه…»
“Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қиланади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир туғилган гўдак Ислом фитратида (яъни соф табиатда) туғилади. Ота-онаси уни ё яҳудий ёки насроний ёки мажусий қилади…”, — деб марҳамат қилганлар.[1]
Демак, Исломда ёшлар тарбиясига эътибор келин ёки куёв танлашдан бошланар экан. Шундай экан, бу жараёнда нималарга эътибор қаратиш керак? Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига назар ташласак.
عَن أبي هُرَيْرَة رَضِيَ اللَّهُ عَنْه عَن النَّبِي صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّم َ قَالَ : «تنْكح الْمَرْأَة لأَرْبَع: لمالها ولحسبها ولجمالها ولدينها فاظفر بِذَات الدَّين تربت يداك»
“Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар:
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Аёл тўрт нарса учун никоҳланади. Моли, насаби, жамоли ва дини учун. Сен диндорини танла! Қўлинг тупроққа тўлгур!”.[2]
Агар ота-она диёнатли бўлса, фарзандини ҳам диёнатлик қилиб тарбиялайди. Кўп жиҳатдан фарзанднинг тарбиясида оналарнинг таъсири катта бўлади. Қуръони каримда Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломнинг ўғилларининг кофир бўлганлиги хабарини беради. Зеро, ўша ўғилнинг онаси кофира эди. У Нуҳ алайҳиссаломга хиёнат қилиб, динсиз, мушрикларга ёрдам берарди. Бу аёл ҳақида Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:
ضَرَبَ اللَّهُ مَثَلًا لِّلَّذِينَ كَفَرُوا امْرَأَتَ نُوحٍ وَامْرَأَتَ لُوطٍ ۖ كَانَتَا تَحْتَ عَبْدَيْنِ مِنْ عِبَادِنَا صَالِحَيْنِ فَخَانَتَاهُمَا فَلَمْ يُغْنِيَا عَنْهُمَا مِنَ اللَّهِ شَيْئًا وَقِيلَ ادْخُلَا النَّارَ مَعَ الدَّاخِلِينَ
“Аллоҳ куфр келтирганларга Нуҳнинг хотини ва Лутнинг хотинини мисол қилиб келтирди. Улар бандаларимиздан икки солиҳ банданинг тагида эдилар. Бас, уларга хиёнат қилдилар ва (эрлари) улардан Аллоҳнинг азобини қайтара олмадилар ва уларга дўзахга кирувчилар билан киринглар, дейилди”.[3]
Албатта, ўғлининг тарбиясида бу аёлнинг ўрни катта бўлиши керак эди.
Буюк пайғамбарлардан Мусо алайҳиссалом золимлар учун зарбулмасал қилинадиган Фиръавн саройида катта бўлдилар. Ўзини худо деб эълон қилган Фиръавн қўл остида Аллоҳ таолонинг суюкли пайғамбарларидан бири Мусо алайҳиссалом тарбия топдилар. Чунки Фиръавннинг аёли мўъмина, солиҳа аёл эди.
وَضَرَبَ اللَّهُ مَثَلًا لِّلَّذِينَ آمَنُوا امْرَأَتَ فِرْعَوْنَ إِذْ قَالَتْ رَبِّ ابْنِ لِي عِندَكَ بَيْتًا فِي الْجَنَّةِ وَنَجِّنِي مِن فِرْعَوْنَ وَعَمَلِهِ وَنَجِّنِي مِنَ الْقَوْمِ الظَّالِمِينَ
“Аллоҳ иймон келтирганларга Фиръавннинг хотинини мисол қилиб кўрсатди. У (хотин): Роббим, менга Ўз ҳузурингда, жаннатда бир уй бино қилгин. Менга Фиръавндан ва унинг ишидан нажот бергин ва золим қавмлардан нажот бергин, деб айтди”.[4]
Бўлажак она ҳам ўз фарзандининг бўлажак отасини танлаши лозим. Бунда ҳам бўлғуси отанинг дину диёнати, ахлоқ ва одобига қаралади.
Ислом ота-онанинг зиммасига фарзанднинг таълим-тарбиясини ҳам юклайди. Зеро, Ислом дини ўзи илм ва таълим динидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга биринчи хитоб қилинган ваҳий илм ва таълимни эслатди. Шунга биноан рисолатнинг ҳар нарсадан аввал қилган биринчи кўрсатмаси илм ва таълим бўлади. Болага илм беришда аввало ўқиш ва ёзишни ўргатиш лозим. Чунки ўқиш ва ёзиш илм олишнинг асосий қуролидир. Шу билан бирга фарзандни иқтидорига қараб ўзининг замонасидаги илмларни ҳам ўргатиш лозим. Чунки, буларсиз миллатнинг қуввати пасаяди. Бизлар учун намуна ҳисобланган саодат асри кишилари ўз даврларининг ҳар соҳада пешқадами бўлганлар. Биз ҳам Ислом тарбияси ўлароқ ёшларимизни замонасининг олди ёшлари қилиб тарбиялашимиз зарур. Уларга бошқа тилларни ўргатишни ҳам йўлга қўйиш керак. Ким қайси қавмнинг тилини билса, ўшаларнинг макридан омонда бўлади.
Зайд ибн Собитдан ривоят қилинади. У зот шундай дейдилар:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: “Сурёний тилини (яҳудий тили) биласанми? Менга улардан мактублар келади” – дедилар. Мен “Йўқ”, деган эдим, “ўрган”, деб буюрдилар. Мен ўша тилни ўн етти кунда ўргандим… Яҳудийлардан мактублар келса, уни ўқиб берар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга мактуб юбормоқчи бўлсалар, мен ёзиб жўнатар эдим”.
Демак, ёшларни илмга қизиқтириш масъулияти аввало ота-онанинг зиммасида бўлар экан. Шу билан бирга фарзандга касб-ҳунар ҳам ўргатиш лозим. Чунки олган илмини миллат равнақи учун сарф қилар экан, ўрганган касбидан ҳам инсонларга фойдаси тегади, ҳам ўзи учун ҳалол, покиза ризқ топади. Бировга муҳтож бўлмайди.
Хожа Бухорий ўрта махсус ислом таълим муассасаси
Ўқитувчиси Қодиров Омон
[1] Бухорий ва Муслим ривоятлари
[2] Бухорий ва Муслим ривоятлари
[3] Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маънолари таржимаси. “Шарқ” нашриёти. 2007. “Таҳрим” сураси, 10-оят.
[4] Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маънолари таржимаси. “Шарқ” нашриёти. 2007. “Таҳрим” сураси, 11 оят
