СЕҲР ОЯТЛАРИНИНГ НОЗИЛ БЎЛИШ САБАБИ

9

Ушбу оятларнинг нозил бўлиши сабаби ҳақида гапирадиган бўлсак, Аллоҳ таоло Бану Исроилга пок ва муборак шариат бўлмиш Таврот шариатини туширган, улар эса бу шариатни тарк қилиб, четга улоқтиришган ва ўзларини шайтонга қул қилиб қўядиган сеҳр билан машғул бўлган эдилар.

Аллоҳ таоло ўз пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга туширган порлоқ шариат келганидан сўнг ҳам, улар (яъни яҳудийлар) ўзларининг сеҳрга эргашиш ва пок шариатдан юз ўгиришдан иборат залолатларида давом этишди. Улар: “Аллоҳнинг пайғамбари Сулаймон алайҳиссалом ҳақида унга инсу-жин, қурт-қумурсқа, қушу ҳайвонлар сеҳр воситасида бўйсундирилган эди”- деб даъво қилишарди. Шундан сўнг, Аллоҳ таоло уларни мазаммат қилувчи ва куфру залолатларини баён қилувчи ҳамда ўзининг бандаси ва пайғамбари Сулаймон алайҳиссаломни уларнинг туҳматларидан покловчи мана бу оятларни туширди. ( Бақара 102 )

Ибнул Жавзий “Зодул-масийр”да ушбу оят сабаби нузули ҳақида Ибн Исҳоқдан шундай ривоят келтиради: “Қуръонда Сулаймон алайҳиссалом ҳақида зикр қилингач, Мадина яҳудийлари: “Муҳаммаднинг гапини қаранглар, у Довуд ўғлини пайғамбар бўлган, деб даъво қилмоқда. Ваҳоланки, у бор-йўғи бир сеҳргар эди”, дедилар. Шундан сўнг ушбу оят нозил бўлди”.

Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний “Фатҳул Борий”да (10/223) айтади:

Оятдан мурод нима экани ҳақида ихтилоф қилинди. Айтилишича, Сулаймон сеҳр ва коҳинликка доир китобларни йиғиб, курсиси остига кўмиб қўйган, жин-шайтонлардан биронтаси ҳам унинг курсисига яқинлашишга қодир бўлмасди. Сулаймон вафот этгач ва бу ишдан хабардор уламолар (ўтиб) кетишгач, шайтон инсон суратида келиб, яҳудийларга: “Сизларни Сулаймоннинг беназир хазинасига йўллаб қўяйми?!”, деди.

Улар: “Ҳа”, дейишди.

“Курси остини очинглар”, деди.

Курси остидан ҳалиги китобларни топишди.

Шайтон уларга: “Сулаймон инсу-жинни шу билан ушлаб турарди”, деди.

Шундан сўнг улар орасида Сулаймон сеҳргар бўлган, деган гап тарқалди.

Қуръонда Сулаймонни пайғамбарлар сафида зикр қилувчи оятлар нозил бўлгач, яҳудийлар буни инкор қилиб: “Қаранглар, Муҳаммад Довуд ўғлини пайғамбар бўлган деб даъво қилмоқда. Аллоҳга қасамки, у бор-йўғи бир сеҳргар эди”, дейишди. Шунда бу оят нозил бўлди (Бақара 102).

Ушбу хабарни Табарий ва бошқалар Суддий орқали, шунингдек, саҳиҳ санад билан Саид ибн Жубайр орқали, яна Имрон ибн Ҳорис Ибн Аббосдан ривоят қилган йўл орқали келтирганлар.

 Давоми бор…

 А. БОЗОРОВ

Хожа Бухорий ислом таълим муассаси

 тафсир фани ўқитувчиси