СЕҲР ҲАҚИДАГИ ОЯТЛАРНИ ТАФСИРИ
9

Жамиятда ҳар хил одамлар мавжудми? Демак уларни орасида ҳам ҳар хил ишлар содир бўлиши мумкин, буни ҳеч ким инкор қила олмайди. Аллоҳ инсонларни яратиш вақтида фаришталарга мен инсонни яратмоқчиман деди, шунда фаришталар эътироз билдириб инсонни: “Ер юзида фасод ишларни қиладиган, қон тўкадиган кимсаларни-я” деган эдилар. Демак фаришталарни гапларига қараганда, инсонни қўлидан ҳар нарса келади. Яхши амаллардан ташқари ёмон амаллар ҳам келади. Худди шунинг исботи ўлароқ сеҳрни мисол қилиб келтирсак хато бўлмайди.
Шу кунларда бизнинг жамиятимизда ҳам бу иллат билан шуғулланадиган кимсалар жуда кўпайиб кетди. Лекин ҳаммани яратган Зот бандалари сеҳр билан шуғулланишини билганлиги учун ҳам ушбу мавзуга доир оятларини Қуръонда нозил қилиб бизни огоҳлантириб қўйди. Огоҳлантиришини сабаби Аллоҳ бандаларига ўта раҳмдил зот эканлигини, бандалар зарар кўриб қийналиб ётмаслигини ирода қилгани учун ушбу оятлари нозил қилиб огоҳлантириш берди, Аллоҳ ҳақиқатдан ҳам пок ва бандасига раҳмли зот эканлигини исботлади.
Ким қандай йўлни танласа ўша ишига лойиқ жазо муқаррар, чунки ҳамма ҳам банда синов учун яратилгани аниқ, ҳеч ким фаришта эмас, ҳаммада ҳам нафс бор. Аллоҳ ҳеч кимни ажратмасдан бирдек огоҳлантириб қўйди, хулоса ўзингиздан.
“Ва Сулаймон подшоҳлигида шайтонлар тиловат қилган нарсага эргашдилар. Сулаймон куфр келтиргани йўқ. Лекин шайтонлар одамларга сеҳрни ўргатиб, кофир бўлдилар. Ва Бобилда Ҳорут ва Морут номли икки фариштага тушган нарсага эргашдилар. Икковлари ҳатто: “Биз фитна-синов учунмиз, кофир бўлмагин”, демасдан олдин ҳеч кимга ўргатмасдилар. Бас, икковларидан эр-хотиннинг ўртасини бузадиган нарсани ўрганишар эди. Ва улар у ила Аллоҳнинг изнисиз бирор кишига зарар етказувчи эмасдилар. Ва улар зарар келтирадиган, фойда келтирмайдиган нарсани ўрганурлар. Ва, батаҳқиқ, биладиларки, уни сотиб олган кишига охиратда насиба йўқ. Агар билсалар, ўзларини сотган нарса қандоқ ҳам ёмон!” ( Бақара 102 )
Демак, яҳудийлар Аллоҳнинг китобини худди билмагандек ортларига ирқитиб юбориб, Сулаймон алайҳиссалом подшоликлари ҳақида шайтонлар айтиб юрадиган нарсага эргашиб кетдилар. Маълумки, Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломга ҳам Пайғамбарлик, ҳам подшоликни берган эди. Шу билан бирга, у кишига бутун ҳайвонларнинг тилини ўргатиб, жинларни хизматларида ҳозиру нозир қилиб қўйган эди. Бу илоҳий мўъжизалар у кишининг Пайғамбар эканликларини тасдиқлаш учун берилган эди. Мазкур мўъжизалар ҳақидаги оятлар бошқа жойларда келган, ўрни билан алоҳида ўрганилади. Ҳозир мавзуга алоқадор томони шуки, Аллоҳ Сулаймон алайҳиссаломга берган мазкур мўъжизаларни кўриб, одамлардан баъзилари иймонга келди, иймонлиларнинг иймонлари мустаҳкамланди. Аммо кофирлар, душманлар ва шайтонлар: “Сулаймон сеҳргар, у ўз сеҳрининг кучи билан турли ҳайвонлар ила муносабатда бўлмоқда, жинларни ишлатмоқда, деган гапларни тарқатишди. Бундай миш-мишни тарқатишда яҳудийлар қавми, айниқса, жонбозлик кўрсатган эди. Шунда Аллоҳ таоло Пайғамбарларга берган мўъжизалар билан сеҳрнинг фарқини амалий суратда кўрсатиш учун Бобилга Ҳорут ва Морутни юборди. Улар хоҳлаганларга сеҳр ўргатиш билан вазифаланган эдилар. Ва ўргатиш жараёнида ҳам аввало нима деб огоҳлантирганликлари оятда маълум бўлиб турибди. Аллоҳ барчамизни ҳидоятидан адаштирмасин.
Давоми бор…
А. БОЗОРОВ
Хожа Бухорий ислом таълим муассаси
тафсир фани ўқитувчиси
