НЕГА ПАЙҒАМБАРИМИЗ ЁМҒИР ОСТИДА ТУРГАНЛАР?

31

Ёмғир инсоният ва бошқа барча махлуқотлар учун Аллоҳ таоло тарафидан ато қилинган улкан неъматдир. Ер юзидаги ҳаётни бир маромда бўлишини таъминлаб турадиган асосий воситалардан биридир. Ёмғир сабабидан ер қувват олади ва барча тирик жонлар ундан ризқ олади. Ҳар бир ўсимлик ва ҳайвонни униб ўсиши учун ёмғир зарур. Шунинг учун ҳам ёмғир зикр қилинганда, табиий ҳолда ризқ инсон ҳаёлида гавдаланади.

Аллоҳ таоло Ўзининг муборак каломининг “Фотир” сурасининг 9-оятида қуйидагича марҳамат қилади: «Аллоҳнинг Ўзи шамолларни юборди. Бас, улар булутни қўзғатгач, Биз уни ўлик шаҳарга ҳайдаб, унинг ёрдамида ўлган ерни тирилтирдик. (Қиёмат койим бўлган куни) қайта тирилиш ҳам шунинг ўзидир.»

Бу оятдан биз Аллоҳ таоло булутларни шамол воситасида ўлик ерлар томон юбориб, ундан ёмғир ёғдириб, ўлик ерни тирилтиришини, ёмғир оддий табиат ҳодисасигина эмаслигини англаймиз.

Ёмғир Аллоҳ таолонинг баракаси ва неъмати эканини қуйидаги ҳадисдан ҳам англашимиз мумкин. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга бўлганимизда, бизга ёмғир ёғди. Расулуллоҳ кийимларини очди ва баданларига ёмғир текказдилар. Шунда биз, «Эй Аллоҳнинг Расули, нега бундай қилдингиз?» деб сўрадик. У зот: «Чунки у Робби ҳузуридан эндигина тушди,» дедилар. (Имом Муслим ривояти).

Хулоса қилиб айтганда, ёмғир, нафақат ерга, балки бизнинг қалбимизга ҳам тинчлик ва раҳмат олиб келади. Уни қабул қилиш, Аллоҳнинг инояти ва раҳматига шукроналик билдиришнинг ажойиб бир усулидир. Шундай қилиб, ёмғирда туриш ёки ундан баҳраманд бўлиш – бу Аллоҳнинг бизга берган неъматига раҳмат кўзлари билан қарашдир.

Фарҳод ТОШМИРЗАЕВ

Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси ўқитувчиси