АЛЛОҲГА ДУО ҚИЛИБ СЎРАМАГАН КИШИГА АЛЛОҲНИНГ ҒАЗАБИ КЕЛАДИ
14

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ عَنِ النَّبِيِّ ﷺ قَالَ: مَنْ لَمْ يَسْأَلُ اللهُ غَضِبَ اللَّهُ عَلَيْهِ
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким Аллоҳдан сўрамаса, Аллоҳ унга ғазаб қилади», дедилар».
Аллоҳ бутун борлиқдан беҳожат зотдир. Махлуқотларини ҳаммасини Ўзига муҳтож, ожиз қилиб яратди. Бунинг сабаби, бандалар ўзларининг ожизлигини тан олиб, тафаккур қилиб, бутун борлиқни яратувчисини танисинлар ва эҳтиёжларини ундангина сўрасинлар. Агар бандалар Аллоҳга муҳтож эканликларини унутиб, оламлар роббисидан эҳтиёжларини сўрамасалар Аллоҳ уларга ғазаб қилади ва уларни ўз ҳолларига ташлаб қўяди. Натижада инсонлар фисқу фасодга берилиб, охиратда аламли азобга учрайдилар.
Кўпчилик инсонлар дуо қилаётганда йўл қўядиган камчиликлардан бири, қилаётган дуосида ишончи ва азму қарори йўқлигидир. Мўмин дуо қилаётганида Аллоҳ бериши аниқ ишонч билан дуо қилиши лозим бўлади.
عَنْ أَنَسٍ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ ﷺ:
إِذَا دَعَوْتُمْ الله فَاعْزِمُوا فِي الدُّعَاءِ، وَلَا يَقُولَنَّ أَحَدِكُمْ: إِنْ شِئْتَ فَاعْطِنِي، فَإِنَّ اللَّهَ لَا مُسْتَكْرِهَ لَهُ.
Анасдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳга дуо қилсангиз, дуода азму қарорли бўлинг. Бирингиз зинҳор: «Хоҳласанг, бергин» Демасин. Чунки, Аллоҳни мажбурловчи йўқ», дедилар».
Юқоридаги ҳадислардан кўриниб турибтики, ҳар бир мусулмон катта-ю кичик барча эҳтиёжларини Аллодан ихлос билан, ишонган ҳолда сўраши лозим бўлади.
Хожа Бухорий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси Муҳаммад Мирмахаматов
