عَنِ النَّبيِّ صَلَّى اللَّهُ عليه وسلَّمَ فِيما رَوَى عَنِ اللهِ تَبَارَكَ وَتَعَالَى، أنَّهُ قالَ: يا عِبَادِي، إنِّي حَرَّمْتُ الظُّلْمَ علَى نَفْسِي، وَجَعَلْتُهُ بيْنَكُمْ مُحَرَّمًا، فلا تَظَالَمُوا، يا عِبَادِي، كُلُّكُمْ ضَالٌّ إلَّا مَن هَدَيْتُهُ، فَاسْتَهْدُونِي أَهْدِكُمْ، يا عِبَادِي، كُلُّكُمْ جَائِعٌ إلَّا مَن أَطْعَمْتُهُ، فَاسْتَطْعِمُونِي أُطْعِمْكُمْ، يا عِبَادِي، كُلُّكُمْ عَارٍ إلَّا مَن كَسَوْتُهُ، فَاسْتَكْسُونِي أَكْسُكُمْ، يا عِبَادِي، إنَّكُمْ تُخْطِئُونَ باللَّيْلِ وَالنَّهَارِ، وَأَنَا أَغْفِرُ الذُّنُوبَ جَمِيعًا، فَاسْتَغْفِرُونِي أَغْفِرْ لَكُمْ، يا عِبَادِي، إنَّكُمْ لَنْ تَبْلُغُوا ضَرِّي فَتَضُرُّونِي، وَلَنْ تَبْلُغُوا نَفْعِي فَتَنْفَعُونِي، يا عِبَادِي، لو أنَّ أَوَّلَكُمْ وَآخِرَكُمْ وإنْسَكُمْ وَجِنَّكُمْ، كَانُوا علَى أَتْقَى قَلْبِ رَجُلٍ وَاحِدٍ مِنكُمْ؛ ما زَادَ ذلكَ في مُلْكِي شيئًا، يا عِبَادِي، لوْ أنَّ أَوَّلَكُمْ وَآخِرَكُمْ وإنْسَكُمْ وَجِنَّكُمْ، كَانُوا علَى أَفْجَرِ قَلْبِ رَجُلٍ وَاحِدٍ؛ ما نَقَصَ ذلكَ مِن مُلْكِي شيئًا، يا عِبَادِي، لو أنَّ أَوَّلَكُمْ وَآخِرَكُمْ وإنْسَكُمْ وَجِنَّكُمْ، قَامُوا في صَعِيدٍ وَاحِدٍ فَسَأَلُونِي، فأعْطَيْتُ كُلَّ إنْسَانٍ مَسْأَلَتَهُ؛ ما نَقَصَ ذلكَ ممَّا عِندِي إلَّا كما يَنْقُصُ المِخْيَطُ إذَا أُدْخِلَ البَحْرَ، يا عِبَادِي، إنَّما هي أَعْمَالُكُمْ أُحْصِيهَا لَكُمْ، ثُمَّ أُوَفِّيكُمْ إيَّاهَا، فمَن وَجَدَ خَيْرًا فَلْيَحْمَدِ اللَّهَ، وَمَن وَجَدَ غيرَ ذلكَ فلا يَلُومَنَّ إلَّا نَفْسَهُ. الراوي : أبو ذر الغفاري | المحدث : مسلم | المصدر : صحيح مسلم

الصفحة أو الرقم: 2577 | خلاصة حكم المحدث : [صحيح]

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таборака ва таолодан ривоят қиладилар:

«Эй бандаларим! Албатта, Мен Ўзимга зулмни ҳаром қилдим. Ва сизнинг орангизда ҳам уни ҳаром қилдим. Бас, бир-бирингизга зулм қилманг.

Эй бандаларим! Сизлар кечасию кундузи хато қиласиз. Мен эса парво қилмай, гуноҳларни мағфират этаман. Бас, Менга истиғфор айтинглар, сизларни мағфират қиламан.

Эй бандаларим! Мен таомлантиргандан бошқа барчангиз очсиз. Бас, Мендан таом сўранглар, сизларни таомлантираман. Мен кийинтиргандан бошқа барчангиз яланғочсиз. Бас, Мендан кийим сўранглар, сизни кийинтираман.

Эй бандаларим! Агар аввалингиз ҳам, охирингиз ҳам, инсингиз ҳам, жинингиз ҳам ичингиздаги энг тақводор банданинг қалбига эга бўлса ҳам Менинг мулкимдан бирор нарсани зиёда қила олмайди. Ана ўшаларнинг ҳаммаси тўпланиб, дунёдаги энг фожир одамнинг қалбига эга бўлса ҳам Менинг мулкимдан бирор нарсани камайтирмайди.

Агар бир жойга тўпланиб, Мендан сўрасалар, улардан ҳар бир инсонга сўраганини берсам, бу мулкимдан бирор нарсани камайтирмайди, катта бир денгизга нинани бир марта суқиб олингандек бўлади, холос.

Эй бандаларим! Ҳамма нарса амалларингизга боғлиқ. Мен уларга қараб ҳисоб қиламан. Ким яхшилик топса, Аллоҳга шукр қилсин. Ким ундан бошқани топса, ўзидан бошқани маломат қилмасин». Имом Муслим ривояти.

Ҳадис шарҳи:

Зулмнинг турлари кўп бўлиб, энг оғири Аллоҳ таолога ширк келтиришдир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

“Албатта, ширк улкан зулмдир.”[1]

Зулмнинг бошқа бир кўриниши бу банда маъсият ва гуноҳларга қўл уриб, ўзига ўзи зулм қилмоғидир.

Банда бошқанинг моли, жони ёки обрўсига тажовуз қилиши ҳам зулмдир.

Ҳадиси шарифда Абу Зарр розияллоҳу анҳу айтмоқдаки, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таборака ва таолодан ривоят қилмоқда.

“Таборака” сўзи “яхшиликлари кўп бўлган, уларнинг асари борлиқда намоён бўлган Зот” деганидир.

“Таоло” эса “махлуқотларга ўхшаш бўлишдан юқори турадиган Зот” маъносини англатади.

Аллоҳ таоло “Эй бандаларим” дея инсонлар ва жинларга хитоб қилмоқда.

“Ҳаром қилдим” дегани бу “манъ қилдим, йўл қўймадим” деганидир.

“Зулм” ўзи бир нарсани ўз ўрнидан бошқасига қўйиш бўлиб, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бундай ишдан покдир. У Зот борасида золимликни тасаввур қилиб бўлмайди.

“Ва у (зулм)ни ўзаро ўрталарингизда ҳам ҳаром қилдим” дегани бу “ўзаро зулм қилишингизни ҳаром деб ҳукм қилдим” деганидир.

“Бас, бир-бирингизга зулм қилмангиз” дегани бу юқоридаги “зулмни ўзаро ўрталарингизда ҳам ҳаром қилдим” деган гапни янада таъкидлаш ва нақадар оғир жиноят эканини билдириш учундир.

“Эй бандаларим, барчангиз адашгансиз” бу “барчангиз ҳидоят йўлидан, комилликдан, диний ва дунёвий саодатдан узоқсиз” деганидир.

“Магар Мен ҳидоят қилганлар бундан мустасно.” Ушбу гапдан бир қарашда хулоса олинса, Аллоҳ ҳидоят қилмаганларнинг барчаси залолатда яратилган, деган фикр пайдо бўлади. Машҳур ва муттафақун алайҳ ҳадисда эса бундай дейилади: “Туғилган ҳар бир бола фитратда туғилади. Сўнг ота-онаси уни яҳудий, насроний ёки мажусий қилади.”

Бу икки ҳадисни мувофиқлаштириш учун уламолар бундай дейди: “Аввалги ҳадисда бандаларнинг Набий алайҳиссалом пайғамбар бўлиб келишидан олдинги ҳолати сифатланган. Ҳақиқатан улар табиатларидаги шаҳватга қизиқиш, фақат роҳат-фароғатга интилиш, Аллоҳнинг яратиқлари ҳақида тафаккур қилмаслик каби иллатлари билан ташлаб қўйилганида, шубҳасиз, залолатда қолиб кетаверардилар. Ҳидоят топганларнинг муваффақияти эса Аллоҳнинг ҳузуридандир, ўзларининг эмас!”

Бундан шуни англаш лозимки, халойиқнинг барчаси манфаат жалб қилиш ва зарарларни даф қилиш борасида Аллоҳ таолога муҳтождир, хоҳ дин ишида бўлсин, хоҳ дунё ишида. Бандалар ўзларича бу нарсаларга эга бўла олмайдилар ҳамда кимга Аллоҳ тўғри йўл ва ризқ бермаса, у бу нарсалардан бир умр маҳрум бўлиб қолади. Шу боисдан ҳам Аллоҳ таоло сўзининг давомида “Бас, Мендан ҳидоят сўранг, сизни ҳидоят қиламан” демоқда. Яъни, “Тўғри йўлга йўллашни Мендан сўранг ва Мендан изланг, шунда сизни ҳидоятга муваффақ қиламан”.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бандаларга диний неъматларини айтиб миннат қилгач, энди дунёвий масалаларга ўтади ва бу билан икки даражани ҳам охирига етказади. Аммо дунёвий нарсалар орасидаги энг муҳим иккита масала – ейиш ва кийинишнинг ўзига чекланади. Чунки, шу иккиси дунёвий эҳтиёжларнинг негизи ҳамда манфаатларнинг энг заруридир.

Аллоҳ таоло дейди: “Эй бандаларим, сизларнинг барчангиз очсиз” — яъни, овқатга муҳтожсиз.

“Магар Ўзим таомлантирганларим бундан мустасно”, яъни “Кенг ризқ бериб, бой қилиб қўйганларим.” Зеро одамлар ҳеч нарсага эга бўлмаган қуллардир, ризқ хазиналари эса фақат Аллоҳнинг қўлида. Кимга У таом бермаса, оч-наҳор қолаверади.

“Мендан таом сўранг”, яъни “Мендан овқатни ва ризқни осонлаштиришни илтимос қилинг”.

“Мен сизларга таом бераман”, яъни “сизларга ризқ топиш воситаларини осонлаштираман”.

Сўнг Аллоҳ таоло яна “Эй бандаларим” демоқда ва бандалигимизни билдириш учун такрор шундай хитоб қилмоқда.

“Барчангиз ялонғочсиз” — яъни, барча одамлар кийим ва ўзларини ёпишга муҳтождирлар.

“Фақат Мен кийинтирганларим эмас” — “мен кийим берганларим бундай эмас. Шунинг учун Мендан кийим сўранг, Мен сизга авратингнизни ёпишни муяссар қиламан ва айбларингиз очилиб ёмон аҳволга тушишингиздан сақлайман”.

Буларнинг барчаси бизнинг фақрлигимизни ва ўз манфаатларимизни таъминлашдаги заифлигимизни англатади, фақат Аллоҳ таоло бизга ёрдам бериб, бу эҳтиёжларимизни қондира олишини ва бизни зарарли нарсалардан фақат Ўзи ҳимоя қилишини уқтиради. Бу эса “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллааҳ” – “Улуғ Аллоҳ бошқада куч ва қувват йўқ” деган сўзнинг маъносини ёдга солади. Бу эса, фойдага эришишни англатувчи ризқнинг берилишида фақат Аллоҳга суянишни талаб қилади.

Кейин Аллоҳ таоло дейди: “Эй бандаларим, сизлар кечаю кундуз хатоларга йўл қўясизлар, лекин Мен барча гуноҳларни мағфират қиламан.” Яъни, тўғри йўлга қадам қўйганларнинг гуноҳларини афв этаман.

“Мендан мағфират сўранг”, яъни “Мендан кечирим сўранг, Мен айбларингизни кечираман”.

“Эй бандаларим, сизлар Менга зарар беришга қодир эмассизки, зарарингиз тегса! Ва менга фойда келтиришга қодир эмассизки, фойдангиз тегса!” Яъни, бандалар Аллоҳга фойда ёки зарар етказишга қодир эмас. Чунки Аллоҳ таоло Ўзи Беҳожат ва Мақталган Зот. У бандаларининг ибодатларига муҳтож эмас, уларни фақат ўзларининг фойдалари учун яратган. Аллоҳ бандаларнинг маъсиятларидан ҳам зарар олмайди, балки зарар олувчи уларнинг ўзи бўлади.

“Эй бандаларим, агар сизнинг биринчи ва охиргингиз” – яъни, “ҳозир мавжуд бўлганлар ва кейин келадиганларнинг барчаси”. Бошқа бир фикр бўйича бу гапдан “ўликларингиз ва тирикларингиз” назарда тутилган.

“Инсингиз ва жинингиз сизлардан бўлган энг тақводор киши қалби каби бўлиб”, яъни Менга биргаликда ибодат қилсанглар.

“Бу Аллоҳнинг мулкига ҳеч нимани зиёда қила олмайди” – яъни, бу Аллоҳнинг мулкига қўшимча нарсалар келтирмайди, чунки У ҳеч кимдан бирор нарсага муҳтож эмас.

“Эй бандаларим, агар аввалги ва охиргингиз, инсингиз ва жинингиз энг ёмон кишининг қалби каби бўлса ҳам.” Яъни, барчалари бир жойга йиғилиб бирдан маъсият қилсалар ҳам.

“Бу менга ҳеч қандай зарар етказмайди”, яъни, бу исёнга тушганларнинг хатолари Менга зарар етказмайди. Чунки, Аллоҳ таоло бандаларининг амалларига муҳтож эмас, исёнлари Уни камайтириб қўймайди.

“Эй бандаларим, агар сизларнинг биринчи ва охирги авлодларингиз, инсонлар ва жинлар, бир жойда жамулжам бўлиб, сўраган нарсаларини сўрасалар, ва мен барчангизга битта вақтда ва битта жойда мукофот берсам, бу мени ҳеч қандай йўқотишга олиб келмайди, бу денгизга ботган игна каби бўлади”. Яъни, денгизга игна ботганида, денгизда ҳеч қандай ўзгариш бўлмагани сингари бўлади.

Бундай дейилаётганининг сабаби шуки, агар сўровчилар бир жойга йиғилиб, бир овоздан бир нарсани сўрашса, бу ҳолат сўралувчини саросимага солиши, уларнинг истакларини бажо келтиришини қийинлаштириши мумкин. Лекин бу нарса Аллоҳ таолонинг қудрати ва улкан хазиналари олдида осондир. Бу Аллоҳнинг чексиз қудратининг ва бойлигининг рамзи, чунки Унинг мулки ва хазиналари чексиздир ва бу хазиналар барчага етади.

“Эй бандаларим, Мен сизларнинг амалларингизни ҳисоблайман”, яъни, мен барча амалларингизни сақлайман ва ёзаман, сўнгра Қиёмат куни барчангизга жазо ёки мукофот бераман. Агар яхшилик қилсангиз, яхшиликни, ёмонлик қилсангиз, ёмонликни оласиз.

“Ким яхшилик топса, Аллоҳни мақтасин”, яъни, ўз яхшилиги учун Аллоҳни мақтасин, чунки бу Аллоҳнинг раҳматидандир.

“Ким ёмонлик топса, фақат ўзини айбласин”, яъни, бу унинг ўзининг амали ва танловидир, ҳеч кимни айблашга ҳаққи йўқ.

 

Ҳадисдан олинадиган хулосалар:

  1. Жамики бандалар Аллоҳ таолога муҳтож, дин ишларида ҳам, дунё ишларида ҳам.
  2. Аллоҳ бандалари Ундан сўрашларини ва истиғфор айтишларини суяди.
  3. Аллоҳнинг мулки бандаларнинг тоати сабаб кўпайиб қолмаганидек, маъсиятлари туфайли камайиб ҳам қолмайди.
  4. У Зотнинг хазиналари ҳеч қачон камайиб ё тугаб қолмайди.
  5. Бандага етган яхшилик Аллоҳнинг фазлидан, ёмонлик эса ўзининг ҳавойи нафсидандир.
  6. Бандалар фақат Аллоҳ таолодан сўраши ва эҳтиёжларини фақат Унга кўрсатиши керак.
  7. Аллоҳнинг қудрати ва салтанати мукаммал ва тўла-тўкисдир.

 

“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси

ўқув ишлари бўйича мудир ўринбосари Ў. Маҳмудов

[1] Луқмон сураси, 13-оят.