МАЗҲАБСИЗЛИК ЗАЛОЛАТДИР
23

Мужтаҳид даражасига етмаган ҳар бир киши бирор-бир мужтаҳидга эргашмоқлиги вожибдир. Лекин бир тоифа кишилар фиқҳий мазҳабларни, уларнинг асосчилари бўлмиш буюк мужтаҳидларимизни инкор қилиб, ўзларича Қуръон ва Суннатга амал қилишни ва бошқалар ҳам уларга эргашиши лозимлигини даъво қиладилар. Уларнинг фикрича, фиқҳий мазҳаблар кишиларни Қуръон ва Суннатдан узоқлаштиради. Баъзи бир ҳаддидан ошганлар айтганидек, “Мусулмонлар Абу Ҳанифа ва унга ўхшаганларнинг гапига эмас, Қуръон ва Суннатга амал қилиши керак” дейдилар.
Биз “мазҳабсиз” деб атаётган кимсалар, ихтилофни ўзларига касб қилиб олган шахслардир. Уларнинг уммат ичидан ихтилоф чиқаришдан бошқа ташвишлари ҳам ишлари ҳам йўқдир. Мужтаҳидлик даражасининг яқинига ҳам бора олмайдилар. Лекин даъволари шундан иборатки ўзларидан бошқа мусулмонларни адашишликда, куфрда, залолатда, Қуръон ва Суннатни тарк қилишда айблайдилар. Гарчи уларнинг ўзлари кўпчиликни орасида, танг ҳолда қолганларида, “Биз мазҳабни тан оламиз”, десалар ҳам, аслида, фаолиятлари бемазҳабликга асослангандир. Улар Ислом уммати қадимдан ақида ва фиқҳ масалаларида эргашиб келаётган мазҳабларни инкор қилиш билан бирга, ўзлари янги мазҳаб пайдо қилишга ўтганлар.
Таъкидлаш жоизки, улар янгидан бир мазҳаб тузиш имконига эга эмас. Мавжуд мазҳаблардан кўп нарсани ўрганганлар, зотан бусиз динимизни ўрганиш ҳам мушкул. Мисол учун, мазкур бемазҳаблар намозни ва бошқа барча ибодатларни мусулмонлар орасида қадимда тарқалган фиқҳий мазҳаблардан бошқача тарзда тақдим қила олмайдилар. Балки ўзлари ҳам ушбу мазҳаблар асосида таълим олганлар. Аммо кейинчалик, мазҳабсизлик дардига чалинганларидан кейин, бир – икки масалани рўкач қилиб, “Мазҳаб деган нарса Расулуллоҳнинг даврларида йўқ эди, биз мазҳаб эгаларининг айтганига эмас, Аллоҳ ва Расулнинг айтганига амал қилишимиз керак”, деган гапни айта бошлайдилар. Бу гапга амал қилишга ўзлари намуна бўлишга уриниб, Қуръон ва Суннатдан ўзларича янги ҳукмлар чиқаришга ўтадилар ва хатоларга йўл қўйиб, ихтилофларга сабаб бўладилар. Тўғрироғи, эски бемазҳаблар бу борада хатоларга йўл қўйиб, ихтилофларга сабаб бўлганлар.
Уламоларимиз фиқҳий мазҳаб имомларини ва уларнинг ишларини қуйидаги мисол билан тушунтирадилар: Бу дунёдан яхши яшаб яхши ўтиш худди тоғнинг чўққисига эсон-омон чиқишга ўхшайди. Қуръон ва Суннат ўша чўққига чиқишни кўрсатадиган харита ва қўлланма. Мазҳаб имомлари эса ушбулардан фойдаланиб чўққига чиқишнинг энг осон ва бехатар йўлини топиб, белги қўйиб осонлаштириб қўйган кишилардир.
Фиқҳий мазҳабларни инкор қилувчи эса ўша тоғнинг тагига келиб, харита ва қўлланмани олиб ўзига янги йўл топиб чўққига чиқишга ҳаракат қилаётган одамга ўхшайди. Илми, кучи имконияти бўлса чўққига чиқиш эҳтимоли бор. Бўлмаса қулайди. Чўққига чиқишга ёрдам бера оладиган илм, куч ва имконият эса, камида мазҳаббоши имконига тенг ёки ундан кўпроқ бўлиши керак. Эътиборли уламоларнинг такидлашларича, бемазҳаблар Қуръони карим ва Суннатдан ҳукм чиқаришда ўзларининг қадимги маслакдошлари бўлмиш “Зоҳирийлик” мазҳабининг йўлини тутганлар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ихтилоф қилишликнинг нақадар ёмон иш эканлиги ҳақида бир қанча ҳадисларида марҳамат қилганлар, шулардан бири қуйидаги ҳадиси шариф: Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаҳу алайҳи васаллам: “Ихтилоф қилманглар, яна қалбларингиз ихтилофли бўлиб қолмасин” – дедилар”. (Муслим ривоят қилган.)
Ўткир Ғузаров,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус
ислом таълим муассасаси мудири
