Ҳадиси шарифларнинг тарбиявий аҳамияти

28

Дарҳақиқат, исломий тушунча ва таълимот ҳамда маънавиятни тушунишда, уни юксак даражада ривожланишида ҳадисларнинг таъсири самарали ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

بِٱلۡبَيِّنَٰتِ وَٱلزُّبُرِۗ وَأَنزَلۡنَآ إِلَيۡكَ ٱلذِّكۡرَ لِتُبَيِّنَ لِلنَّاسِ مَا نُزِّلَ إِلَيۡهِمۡ وَلَعَلَّهُمۡ يَتَفَكَّرُونَ

“Сизга эса одамларга нозил қилинган (маълумотлар)ни баён (тафсир) қилиб беришингиз учун ва тафаккур қилсинлар, деб бу зикрни (Қуръонни) нозил қилдик” (Наҳл сураси, 44-оят)

Пайғамбаримиз саллоллаҳу алайҳи васаллам Қуръони каримдаги аҳкомларни ўз суннатлари билан баён қилиб берганлар.

Зеро, ҳадисларнинг инсонни инсон бўлиб, шаклланишида ўрни беқиёсдир. Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам кўпгина ҳадиси шарифларида илм олишга даъват этиб, уни излашга ва ўрганишга тарғиб қилган. Чунки, илм сабабли киши ўзлигини танийди, жамиятда ўрнини топиб, ўзи ва халқига фойда келтирадиган етук инсонга айланади.

Ёш авлод тарбиясида ҳадиси шарифларининг ўрни беқиёс. Уларни яхши тарбиялаб ҳам, моддий, ҳам маънавий  жиҳатдан таъминлаш ота-она, устоз ва  мураббийлар, қолаверса маҳалла аҳли зиммасидадир. Ёшлар тарбиясига  жиддий эътибор беришнинг аҳамияти нақадар улкан экани барчамизга аён.

Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Ота – она фарзандига гўзал одобдан кўра яхшироқ нарса бера олмайди”,- деганлар. Чунки эътиқоди ва дунёқараши соғлом фарзанд ота-она хизматини қилиб, ватанига садоқатли, комил инсон бўлиб вояга етади. Фарзанднинг яхши, комил инсон бўлиб, жамиятда ўз ўрнини топишида тарбия билан биргаликда илмнинг хизмати беқиёсдир.

Фарзандларимизга чиройли тарбия бериб, ҳунар ўргатиб руҳан кучли ва эътиқоди соғлом ҳолда вояга етказиш билан бирга уларни жисмонан бақувват қилиб тарбиялаш ҳам ота-онанинг бурчларидандир. Зеро, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: “Ўғилларингизга сувда сузишни, камонда отишни, қизларингизга эса тикишни ўргатинглар,”[1] деганлар. Дарҳақиқат, ҳар бир йигит-қиз замон талабидаги илмларни мукаммал эгалламоғи лозим.

Ислом динида ибодат даражасигача чиқарилиб, ҳатто унинг арконлари билан тенглаштирилган амаллардан яна бири чиройли хулқ ва ҳаёдир. Бу икки амал бир-бирига чамбарчас боғлиқ бўлиб, уларни бир-бирисиз, динни эса уларсиз тасаввур қилиб бўлмайди, албатта.

Бу йўлда башарият учун юксак намуна бўлган зот Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва саллам бўлиб, Аллоҳ таоло муборак каломи шарифида Пайғамбаримизнинг юксак хулқ соҳиби эканлигини эълон қилган:

وَإِنَّكَ لَعَلَىٰ خُلُقٍ عَظِيمٖ

“Албатта сиз улуғ хулқ устидадирсиз” (Қалам сураси, 4-оят)

Чиройли хулқ ҳақида  Пайғамбаримиз саллоллаҳу алайҳи васаллам:

“Қиёмат кунида мўминнинг тарозусида чиройли хулқданда оғирроқ нарса бўлмайди”[2],-деб марҳамат қилганлар.

Одоб-ахлоққа доир бу каби ҳадисларни жуда кўплаб келтириш мумкин. Энг муҳими мазкур ҳадиси шарифларда баён қилинган кўрсатмаларга амал қилиб, икки дунё саодатига ноил бўлишдир.

 

Хожа Бухорий ўрта махсус ислом таълим муассасаси

Ўқитувчиси Қодиров Омон

[1] Имом Байҳақий ривояти. “Шуъабул-имон”

[2] Ал-Кутубу-с-ситта, “Сунану Термизий”. “Дорус-салом” нашриёти, Риёз 2000. -Б 1852.