Исломда садақа ва хайрия

28

Исломда иқтисодий масалаларга бўлган эътиборидан кўзланган мақсад, жамиятнинг ривожи, инсонлар ўртасида иқтисодий тенглик, меҳр-муҳаббат, шодди хуррамлик ва ҳамжиҳатликдир. Садақа, хайр-эҳсон бериш ва олишда ҳамма ютади, ютқазган инсон бўлмайди.

Яхшилик, хайр-саҳоват, меҳр-оқибат, силаи-раҳм каби  улуғ фазилатлар доимо инсонга зийнат бўлиб келган. Бундай олийжаноб ҳислатларни ўзида мужассам эта олган кишигина ҳақиқий инсоний фазилатга эга бўлган шахс ҳисобланади. Мазкур умуминсоний қадриятлар муқаддас ислом динининг асл манбалари – Қуръони карим ва Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида кўп бора таъкидланган.

Қуръони карим шундай марҳамат қилинади:

وَأَنفِقُواْ مِن مَّا رَزَقۡنَٰكُم مِّن قَبۡلِ أَن يَأۡتِيَ أَحَدَكُمُ ٱلۡمَوۡتُ فَيَقُولَ رَبِّ لَوۡلَآ أَخَّرۡتَنِيٓ إِلَىٰٓ أَجَلٖ قَرِيبٖ فَأَصَّدَّقَ وَأَكُن مِّنَ ٱلصَّٰلِحِينَ

“Ва бирингизга ўлим келиб: «Эй Роббим, агар менинг ўлимимни яқин муддатга орқага сурсанг, бас, садақа қилиб солиҳлардан бўлсам», демасдан аввал Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан нафақа қилинг”[1].

Мазкур ояти каримада ҳар бир банда садақа бериш билан солиҳ инсон даражасига етиши ҳамда молу дунёсига барака ато қилиниши кўрсатилмоқда.

Баъзи муфассирлар фарз садақани кўрсатмай бериш маъқул аммо,   садақани кўрсатиб беришда бошқаларни хайр-эҳсонга қизиқтириш бор, деб фикр билдирганлар. Садақа беришда албатта, риёдан узоқлашиш, ундан сақланиш, миннат қилиш ва бировларга озор беришдан ўзни тийиш лозим.

Хайр-эҳсон, меҳр-оқибат ва садақа бериш улуғ ишлардан эканлиги ҳақида Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз муборак ҳадиси шарифларида шундай деганлар:

“Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга бир киши келиб: “Ё Расулуллоҳ, қандай садақанинг савоби улуғроқ”,- деди. Жаноби Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Сен ўзинг соғлом бўлсанг-у, камбағал бўлиб қолишдан қўрқиб ҳамда бой бўлишни орзу қилиб садақа қилсанг”- дедилар”[2].

Мол-мулкни сарфлаш ҳақида Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу тавсиялари жуда мувофиқ усулдир.

Яна бир ҳадиси шарифда:

«Яримта хурмо бериб бўлса ҳам садақа қилиб, ўтдан (дўзахдан) сақланинглар. Агар шунга ҳам қодир бўлмасанглар, сўровчини, яхши, юмшоқ сўз билан кузатинглар».

Ҳадиси шарифдан маълум бўладики, садақа яхши фазилатлардан бўлиб, кишини дўзахдан қутқазар экан. Бунда миқдорнинг аҳамияти йўқ. Борлар қанча берса, шунча яхши, йўқлар яримта хурмо берса ҳам бўлаверади. Агар бисотида шу ҳам бўлмаса, яхши сўз ва юмшоқ муомала ҳам садақа ҳисобига ўтади.

Яримта хурмо бўлса ҳам беришга буюришдан Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг мақсадлари фақир-бечораларнинг ахволларини тузатиш учун ўзига тўқ кишиларни тарғиб қилишдир. Нафл садақа беришни нафақалари фарз бўлган кишилардан бошлаш зарур. Чунки бундай кишиларга садақа беришда ҳам садақа савоби, ҳам нафақа бурчидан қутилиш савоби бор. Садақани ҳалол молдан бериш керак.

Аллоҳ таоло каломи шарифида шундай дейди:

لَن تَنَالُواْ ٱلۡبِرَّ حَتَّىٰ تُنفِقُواْ مِمَّا تُحِبُّونَۚ وَمَا تُنفِقُواْ مِن شَيۡءٖ فَإِنَّ ٱللَّهَ بِهِۦ عَلِيمٞ

“Ўзингиз суйган нарсадан нафақа қилмагунингизча, ҳаргиз яхшиликка эриша олмассиз. Нимани нафақа қилганингизни Аллоҳ билувчидир” [3].

Хулоса ўрнида айтганда, юқорида келтирилган маълумотларда имкон қадар хайр-садақа қилиб туришга, ҳалол ва пок молдан садақа қилишга тарғиб қилиш ва Аллоҳ таоло фақатгина пок молдан қилинган садақани қабул қилиши баён қилинган.

 

Хожа Бухорий ўрта махсус ислом таълим муассасаси

Ўқитувчиси Қодиров Омон

[1] Мансуров.А. Қуръони карим  маъноларининг таржимаси. Т. ТИУ. 2004 й. Мунофиқун сураси, 10-оят мазмуни.

[2] Саҳиҳи Бухорий. 1-чи китоб. Т. Ўзбекистон миллий энциклопедияси Давлат илмий нашриёти. 2008. 1419- ҳадис.

[3] Қуръони карим маънолари таржима ва тафсири. Таржима ва изохлар муаллифи Шайх А.Мансуров. Т.: 2004. Оли Имрон сураси 92-оят мазмуни.