Ислом иқтисод дини
14

Аллоҳ таоло инсон зотини Ўзининг азалий ирода ва кудрати билан яратиб, икки дунёда азиз ва мукаррам яшамоғи учун зарур бўлган барча таълимот ва дастурлар билан таъминлади.
Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади:
وَعَلَّمَ ءَادَمَ ٱلۡأَسۡمَآءَ كُلَّهَا
«(Аллоҳ) Одамга барча (яратилган ва яратилажак нарсаларга тегишли) номларни ўргатди …» [1].
Бошқа бир оятда эса:
خَلَقَ ٱلۡإِنسَٰنَ عَلَّمَهُ ٱلۡبَيَانَ
«(У) инсонни яратди. Унга баённи (нутқни) таълим берди »[2] деган.
Яна бир оятда:
عَلَّمَ ٱلۡإِنسَٰنَ مَا لَمۡ يَعۡلَمۡ
«У инсонга билмаган нарсаларини билдирди»[3] деган.
Аллоҳ таоло инсон ҳаётда фаровонликда яшаши учун меҳнат қилиши ва ҳалол ризқ билан умр ўтказиши борасида зарур тавсияларни бериб, шундай марҳам ат қилади:
فَإِذَا قُضِيَتِ ٱلصَّلَوٰةُ فَٱنتَشِرُواْ فِي ٱلۡأَرۡضِ وَٱبۡتَغُواْ مِن فَضۡلِ ٱللَّهِ وَٱذۡكُرُواْ ٱللَّهَ كَثِيرٗا لَّعَلَّكُمۡ تُفۡلِحُونَ
«Бас, қачонки, намоз адо қилингач, ерда тарқалиб, Аллоҳнинг фазли (ризқи)дан истайверингиз! Аллоҳни кўп ёд этингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз ».[4]
Инсон ҳаёти учун зарур бўлган уй-жой, озиқ-овқат, рўзғор анжомлари, поклик воситалари ва либосга муҳтож бўлади. Буларнинг барчасига касб-ҳунар оркали эришилади. Ўтган барча пайғамбарлар касб-ҳунар билан шуғулланиб, ҳаёт кечиришган.
Аллоҳ таоло ҳалол йўллар билан топилган мол-мулкни беҳудага сарфламаслик, уларни ўз ўрнида фойдали ишларга сарфлаш, эҳтиёжманд кишиларни унутмасликка чорлаган. Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам кўплаб ҳадиси шарифларида мол-мулкни бекорга зое қилмасликка тарғиб ва ташвиқ қилганлар.
Меҳнат эвазига топилган мол-дунёни беҳуда ва ноўрин сарфлаб, исроф қилиш каторига қўша-қўша қимматбаҳо кийимлар, шаҳона кошоналар, қарз кўтариб дабдабали тўйлар қилиш ҳам киради. Натижада ўзлари билмаган ҳолда ғам-ғуссага мубтало бўлиб, дунё ва охиратини қўлдан бой берадилар.
Туйларимизда исрофгарчилик, ҳаддан ошиш, на шариатимиз ва на қадриятимизга тўғри келмайдиган одатларни бажариб, янги-янги ишларни жорий қилиб, бошқаларни қийнаб, ўзимиз ҳам гуноҳкор бўлиб қолмайлик.
Хулоса ўрнида кундалик ҳаётимизда Аллоҳ таоло барчага баробар берган неъматларини исроф қилмасдан истеъмол қилсак, савоб оламиз ва бойлигимиз зиёда бўлади. Зеро, «иқтисод қилиш ярим ризқ», деб бекорга айтилмаган.
Хожа Бухорий ўрта махсус ислом таълим муассасаси
Ўқитувчиси Қодиров Омон
[1] Қуръони карим маънолари таржима ва тафсири. Таржима ва изоҳлар муаллифи Шайх А.Мансуров. Т.: 2004. Бақара сураси 31- оят.
[2] Қуръони карим маънолари таржима ва тафсири. Таржима ва изоҳлар муаллифи Шайх А.Мансуров. Т.: 2004. Раҳмон сураси 3-4-оят таржимаси.
[3] Қуръони карим маънолари таржима ва тафсири. Таржима ва изоҳлар муаллифи Шайх А.Мансуров. Т.: 2004. Алақ сураси 5-оят таржимаси.
[4] Қуръони карим маънолари таржима ва тафсири. Таржима ва изоҳлар муаллифи Шайх А.Мансуров. Т.: 2004. Жумъа сураси 10-оят таржимаси.
