Аллоҳ таоло бандаларини яратар экан, бандаларга нималар керак ва улар нималарга муҳтож бўлади ҳаммасини мукаммал қилиб яратиб сўнгра уларни синаш учун яратганлигини намоён қилди. Аслида Аллоҳнинг неъматларини санаб саноғига етиб бўлмайди. Чунки Аллоҳ бу дунёни ва ҳатто охират дунёсини ҳам ўзининг неъматлари билан сийлаб ташлади, лекин банда бунинг қадрига ҳам ҳикматига ҳам етолмади. Бугун биз фикр юритадиган оят шарҳи ҳам Аллоҳнинг неъматларидан ва Қуръоннинг ҳикматларидан бири эканлигига асло шубҳа йўқ. Аллоҳ субҳанаҳу таоло ўзининг каломи бўлмиш Қуръони каримнинг мужодала сўрасининг 11- оятида шундай марҳамат қилади: والله بما تعملون خبير (Аллоҳ сизларни барча ишларингиздан хабардордур). Ушбу оятда хабардордур калимаси خبير оятни охирида зикр қилинди. Айнан шу суранинг 13- оятида эса والله خبير بما تعملون  ҳар икки оятнинг маъноси бир оятнинг бир биридан фарқли тарафи خبير калимасини 11- оятда оятни охирида келишлиги 13-оятда эса оятни бошида келишлиги. Биз айнан мана шу бир маъно берадиган икки оятдаги бир калиманинг оятни бошида ва охирида келишлигини ҳикмати борасида фикр юритамиз. Аллоҳ бутун бошли қуръонни мўъжиза ва ҳикмат билан яратган, биз фикр юритадиган оятлар ҳам айни ҳикмат ва мўъжиза эканлигига шубҳа йўқ. Агарда оятдаги кўтарилган маъно инсон ёки унинг амали ҳақида бўлса, унда Аллоҳ инсонни амалини олдинга қўйиб “хобирун” калимасини кейин кетиради. Масалан: والله بما تعملون خبير ва агарда оятдаги сўз Аллоҳ ҳақида ёки қалбий ишлар ҳақида бўладиган бўлса “хобирун” калимаси олдин келтирилади. Масалан: والله خبير بما تعملون бу нақадар буюк ҳикмат бўлиб унга инсон ақли етмайди.

Бу сўзлар шунчаки сўз бўлмаслиги учун бошқа суралардан мисоллар келтирамиз. Масалан, Намл сурасининг 88 – оятида (Тоғларни кўриб абадий қимирламайди деб ўйларсан. Ҳолбуки улар ҳам булут каби сузиб юради. Бу ҳар бир ишни қоилмақом қиладиган Аллоҳнинг санъатидир. У зот қиладиган барча ишингиздан хабардордир). Бу оятда калом Аллоҳ ҳақида бўлганлиги учун ва инсон ҳақида бўлмаганлиги учун “хобирун” калимаси олдин келтирилаябди انّه خبيرٌ بما تفعلون . Ёки Ҳадид сурасининг 10 – оятининг охирида (Аллоҳ сизлар амал қиладиган ишлардан хабардордир). Бу оятда калом инсон ҳақида бўлганлиги учун “хобирун” калимаси кейин келаябдиوالله بما تعملون خبيرُ. Бундан маълум бўлишича қуръоний сўзларни келишида ўзига хос хусусиятлар мавжуд бўлиб, ҳукум беришликдан олдин нима мақсадда келаётганлигига қараш лозим бўлади. Аллоҳ барчамизни ҳидоятидан адаштирмасин ва каломида зикр қилинган ҳар бир сўзини ўзи ирода қилгандек фаҳмлашликни насиб айласин.

 А. Бозоров

Хожа Бухорий ислом билим юртининг тафсир фани ўқитувчиси