МЎЪТАДИЛЛИК — ЯХШИ ЯШАШ ГАРОВИДИР!

14

Инсон ҳаётга қадам қўяр экан унинг хилқатида ҳаётга нисбатан қизиқиш ва орзу ҳаваслар уни чўлғаб олади. Доимо бошқалардан, тенқурларидан, қўни- қўшниларидан ҳаттоки ўзининг ака-укалариданда ҳар тамонлама зиёд яшашни орзу қилади ва унга эришиш учун туну кун югуради ва чиройли яшаш орзусида кечаларнию кундузларни ўтказади. Ўзининг режасини амалга оширишлик учун ҳатто керак бўлса гуноҳкор бўлишликни, обрўйига путур етишини, соғлигини йўқотишини ҳатто ўзининг жонига зарар етишини ҳам ўйламайди. Мақсад ҳаётда бекаму — кўст яшаш керак халос. Баъзи инсонлар имкониятига қарамасдан тезда бой бўлишлик мақсадида катта-катта қарзларни олиб тўлолмасдан қийналиб шуни эвазидан жанжаллар чиқиб оилалар ажраб кетмоқда ва яхшигина яшаб турган уй- жойлар сотилиб кетмоқда. Ота – оналарга оқ бўлиб қолишлик ҳолатлари ва ака- ука, опа – сингилларни ўртасида ҳатто қуда андаларни ўртасини ажралиб кетишлигини ҳам ҳаётда гувоҳи бўлиб турибмиз. Бунинг сабаби ҳаётда мўътадил яшамасликни оқибати ва орзу умидларни ниҳоятда ҳаддан ошганлиги, энг муҳими Аллоҳ берган неъматларга қаноат қилмаганлигини натижасида содир бўлган ҳолатдир. Бундай ҳаваслар, орзулар ва умидлар фаришталарга берилмаган, чунки улар нурдан яралгани учун доимо Аллоҳнинг зикрида бўладилар. Лекин Аллоҳ инсон фарзандини синаб кўриш учун берган орзу ҳаваслар эканлигини ва бу истакларга ва ҳавасларга умримиз ва вақтимиз етмаслигини унутмаслигимиз ва ҳаётда мўътадил бўлишлигимиз талаб қилинган нарса эканлигидан ҳар қандай инсон огоҳ бўлиши зарур. Бу борада бир неча ҳадислар ворид бўлган бўлиб биз сизларга ушбу ҳадисни мисол қилиб келтирамиз.

Пайғамбаримиз ﷺ шунай дедилар: “Тезда мени умматимни бошига беш нарсани  яхши кўриб ва бешта амални унутиб юборадиган замон келади дедилар. Дунёни жуда яхши кўрадилару охиратни эса унутадилар ва ҳаётни яхши кўрадилару ўлимни унутадилар ва қасрларни яхши кўрадилару қабрларни унутадилар ва молу дунёни тўплашни яхши кўрадилару ҳисоб китобни унутадилар ва халқни яхши кўрадилару холиқни (яратганни) унутадилар дедилар.”

Мазкур ҳадисдан кўриниб турибдики агарда бирор бир шахс орзу-умид қиладиган бўлса ва мўътадил яшамаса уни сўнгидан қўйидаги нарсалар вужудга келади: Ўлимни унутади, охиратни қўрқинчларини унутади ва дунёга рағбат пайдо бўлади ва халқ билан яқин бўлиб холиқни унутади. Натижада унинг қалби бажариши зарур бўлган амалларни бажаришдан қораяди ва унда тоатни тарк қилиш пайдо бўлади ва ўзининг охирати учун зоди роҳила тўплашдан данкаса бўлиб қолади ва тавба қилишдан ҳам данкаса бўлиб қолади. Демак, ҳар қандай ишда ҳам муътадиллик керак бўлади. Аллоҳ барчамизни ҳаётда муътадил яшашимизга ҳидоят қилсин.

А. Бозоров

Хожа Бухорий ислом билим юртининг тафсир фани ўқитувчиси