Имом Мотуридий – Самарқандлик йирик мутакаллим

36

Юртимиз шуҳратини дунёга таратган тенгсиз ва забардаст алломаларимиздан бири, ҳидоятга бошловчилар Имоми, эътиқод-калом илмининг асосчиси ва пешвоси Ҳазрати Шайх Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Мотуридий Самарқандийдир.

Манбаларнинг гувоҳлик беришича, Имом Бухорий вафот этган йили, яъни милодий 870 йили тарихимиздаги яна бир мумтоз сиймо — Имом Мотуридий таваллуд топган экан.

У киши Самарқанд яқинидаги Мотурид қишлоғида дунёга келган. Мотурид аслида манбаларда айтилишича, арабча «Мо турид» сўзидан олинган. Маъноси, «Нима демоқчисан?»дир. Айтишларича, Шайх Абу Мансур Мотурудий калом илмига ружу қўйган пайтида шогирдлари кўпайиб кетган ва улар ўзаро баҳс қилганларида, бир-бирларига араб тилида кўпинча «Мо турид» деб мурожаат қилганлар. Шу сўз кўпчилик қулоғига тез-тез чалинавергач, Шайх шогирдларини мотуридийлар, қишлоқ номини эса Мотурид деб атай бошлаганлар[1].

Ислом оламида “Имаму-л-ҳуда” (“Ҳақ йўлида ҳидоятга бошловчи Имом”), “Имому-л-мутакаллимин” (“Калом илми алломаларининг етакчиси”), “Раису-л-аҳли-с-сунна” (“Аҳли сунна ва-л-жамоа раҳбари”) ва “Ал-мутакаллим ас-Самарқандий” (“Самарқандлик калом илми алломаси”) каби шарафли номлар ила сарафроз этилиб, машҳуру манзур бўлган Имом Абу Мансур Мотуридий илмда, исломда, шариату эҳёда ва суннати сонияда ниҳоятда беқиёс хизматлари учун ҳам катта шуҳрат қозонганлар.

Ўтган тарихнавислар ул зотнинг наслу-насабларини ансорийлардан бири, Абу Аюб Холид ибн Зайд ибн Кулайб Ансорий авлодидан эканликларини ёзишса-да, ота-оналари ва оилалари ҳақида ҳеч бир маълумот беришмаган.

Шундай қилиб, буюк алломанинг номлари — Муҳаммад, куниялари — Абу Мансур ва тахаллуслари — Мотуридий бўлган. Имомнинг туғилиш санаси ва устозлари борасида баъзи чалкашликлар ҳам мавжуд.

Имом Мотуридий ҳаётларига оид барча маълум манбаларнинг далолат беришича, у киши Абу Ҳанифа мазҳаби занжиридаги энг юқори турган алломалардан таҳсил ва ижоза олган. Унинг фиқҳ ва илми каломда муқим шаклланишида Самарқандда яшаган ўша замоннинг забардаст фақиҳларидан Муҳаммад ибн Фазл Балхийнинг таъсири бениҳоя катта бўлган.

Кавофий ўзининг “Китабу аъломи-л ахёр” асарида Имом Мотуридийнинг Абу Наср Иёзийдан ижоза олганлигини ва Абу Бакр Аҳмад Жузжонийдан фиқҳ илмини ўқиганлигини, у зот эса Абу Сулаймон ал-Жузжонийдан, у эса Имом Муҳаммад Шайбонийдан, у эса буюк алломалар устози ва мазҳаб асосчиси Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳидан фиқҳ таҳсили олганлигини ёзади.

Аксарият тарихчилар Мотуридийнинг 333/944 йилда вафот этганликлари ҳақида ягона фикрга эга. Шунга қарамай, баъзи Оврупо тарихнавислари Имомни 941 йилда вафот этган дейишса, машҳур турк олими Тошкупризода Мотуридийни 336/947 йилда вафот этган, деб фикр билдирган. Шу билан бирга, баъзан 935 йилда ёки 945 йилда вафот этган, дегувчилар ҳам учрайди.

Шуни алоҳида эътироф этиш жоизки, ҳозирги даврга келиб буюк Имомнинг вафот этган санаси 333/944 эканлигини барча илм аҳли эътироф этган.

 

Хожа Бухорий ўрта махсус ислом таълим муассасаси

Ўқитувчиси Қодиров Омон

[1] Буюк алломаларимиз. –Т.: ТИУ, 2002.