Тасаввуфнинг замонавий кўринишлари ва ундаги зиддиятлар

26

"Tiled dome of a mosque in Samarkand, UzbekistanMore images of same photographer in lightbox:"

Ўзбекистонда нақшбандия, яссавия, қодирия тариқатларининг муридлари, мухлислари ҳалигача давом этиб келади. Улар ўз пирларининг силсила ва шажараларини табаррук деб сақлаб келганлар. Айниқса,  нақшбандия тариқати бизда кенг тарқалгани. Нақшбандия таълимотининг моҳияти ва унинг намояндалари ҳаётига бағишланган қўлёзма манбаларнинг кўплиги ҳам шундан далолат беради.

Бироқ бугунги тасаввуф зиддиятлар майдонига айланиб қолган. Бу зиддиятларга асосли жавоб бериш учун ҳам тасаввуфнинг илк босқичларини, биринчи мутасаввифларни билмоқ зарурдир. Зеро, бугунги кундаги тариқатларнинг ҳаммаси ўз тариқатларининг бошида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалам турганларини иддао қилсалар ҳам, улардаги кўпгина усул ва қоидалар айнан шу тарзда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида, саҳобалар розияллоҳу анҳумнинг даврларида бўлмагани кишини ўйга толдиради.

Дин, эътиқод эркинлиги яратилган юртимизда ислом аҳкомлари, муқаддас китоблар, оятларни бузиб талқин қилаётган сохта тариқатчилар динимиз шаънига доғ тушурувчи ҳатти-ҳаракатлар содир этилаётгани барчани таассуфга солади. Уларнинг муридларига нисбатан даъволаридан бири «пирга қўл бермаганнинг намозлари қабул эмас» қабилидадир. Ёхуд пирга қўл бериб, тавба қилган киши зиммасидаги қазо намозларидан ҳам соқит бўлар эмиш.

Хўш бу ақидалардан қай бири динимизга тўғри келади?

Зотан, намоз – Аллоҳ таоло томонидан бандаларига буюрилган улуғ вазифа. Бу вазифа эса бошқа бир банданинг воситачилигида кечиб юборилмайди

Шундай экан, билиб-билмай пирга қўл бериб, унинг ақидаларига қулоқ тутишнинг оқибати савоб учун эмас, аксинча, имон бутлигининг бузилиши учун асос бўлади.[1]

Айни вақтда мусулмон дунёсининг деярли барча мамлакатларида турли тасаввуфий тариқатлар вакиллари фаолият юритаётганини кўриш мумкин. Туркия, Миср, Жазоир, Тунис, Ливия, Индонезия, Малайзия, Иордания, Покистон каби мамлакатларда мавжуд тариқатларларнинг саноғига етиш ҳам қийин. Шу билан бирга, ушбу сулукларнинг кўпчилиги тасаввуф таълимотининг илк ғояларидан анча узоқлашиб кетган. Шайхлик мақоми маблағ тўплаш манбаи бўлиб қолган ҳолатлар ҳам йўқ эмас. Туркиядаги кўплаб тариқат вакиллари томонидан шайхларини ўта муболаға билан улуғланиши, уларнинг тавоф қилиниши, шайхларнинг ўз тарафдорлари ва муассасалари мавжудлиги фикримиз исботи бўла олади.[2]

Покистон ва Ҳиндистон ҳудудларида тарқалган тариқатларнинг урф-датларига назар солинса, улар йога, буддавийлик, ҳиндуийлик ва қадимги ҳинд фалсафасининг таъсири катталигини кўриш мумкин. Барлавия, Меҳмандия ва бошқа қатор тариқатларда қадимги ҳинд фалсафасидаги таносух, яъни руҳнинг кўчиб юриши ғояси кенг ўрин олган.[3] Улар намоз ёки зикр вақтида юқоридан бир жойни бўш қўядилар ва унга Муҳаммад пайғамбар руҳи келиб ўрнашади, деб ҳисоблайдилар. Масжидларининг қибла тарафида эса ўз тариқатларининг асосчиси ёки пирларининг қабри жойлашган бўлиб, намоздан аввал ва кейин уни тавоф қиладилар.[4]

Ҳозирги пайтда дунёнинг кўп мамлакатларида, АҚШдан то Австралия архипелагигача бўлган ҳудудда Баҳоуддин Нақшбанд ва Нақшбандия тариқатини билишади ва ҳурмат қилишади. Чунки Баҳоуддин Нақшбанд, аввало, ислом дини шариати мезонларини маҳкам ушлаган ва уларнинг бузилишига йўл қўймаган. Иккинчидан, у чин инсоний ғоялар ва фазилатларни илгари сурган, жамиятнинг турли вакиллари ўртасида футувват – жавонмардлик ришталари пайдо бўлишига туртки бўлган. Бунинг ортида одамлар бир-бирларига моддий ва маънавий ёрдам бера бошлаганлар, ҳаётдаги қийинчиликни ҳамжиҳатликда енгиб ўтиб, шодликларни ҳам бирга баҳам кўрганлар[5].

Буларнинг барчаси Баҳоуддин Нақшбанд жамиятда барпо қилмоқчи бўлган биродарлик, бирдамликнинг айнан ўзи эди. Унинг “Кўнглинг Аллоҳда бўлсин, қўлинг меҳнатда”, деган шиори ҳунарманд, деҳқонларда динга, диндор ва тариқатчи сўфийларда меҳнатга нисбатан ижобий муносабат пайдо қилган. Бу, ўз навбатида, одамлар турмуш тарзининг кўтарилишига ҳам хизмат қилган.

 

Хожа Бухорий ўрта махсус ислом таълим муассасаси

Ўқитувчиси Қодиро Омон

[1] Уватов У. Бидъатга йўллайдиган ибодат. // «Зарафшон” газетаси. 23.06.2009.

[2] Йўлдошхўжаев Ҳ. Тариқатчиликнинг замонавий кўринишлари. –Т.: ТИУ, 2010. –Б. 6.

[3] Тариқатчиликнинг замонавий кўринишлари. –Б. 7.

[4] Тариқатчиликнинг замонавий кўринишлари. –Б. 7.

[5] Тасаввуф. – Б. 7.