Шариат ва тариқат муносабатлари
42

Шариат билан тариқат орасидаги масала ғоят нозик масаладир. Бу жиҳатни англамаган киши шубҳасиз бирор томонга путур етказиши мумкин. Ҳақиқий мусулмон бўлган, исломни чуқур англаган, унинг маърифати ҳикмат ва фалфасидан баҳраманд бўлган, мусулмонликни Аллоҳ ёдида пок яшаш деб билган киши ҳеч қачон тариқатни ўзига бегона деб билмайди. Мусулмонликни фақат расм-русмлар, одамлар ва бошқа ташқи белгилар йиғиндиси деб билувчи киши учун, тариқат мавҳум ва ҳатто зарарли нарса бўлиб туюлади.
Шариат аҳлига ташвиш келтирган нарса – бу тасаввуфнинг фано, тавҳид, ишқ ва васл каби ғоялар эди. Чунки мазкур тушунчалар ҳурфикрликни, ҳақиқатни излаш йўлидаги мантиқий-тафаккурий жиҳатни кучайтирар, ваҳдат, руҳ, Илоҳ ва инсон ҳақида теранроқ билим берар, олам асрорини англашга йўл очарди. Бу эса зоҳирий билим билангина чекланган одамларга ёқмасди. Боз устига, Ҳақ ишқида беҳуда девона бўлган валийларнинг «шатаҳот»лари, яъни зоҳирда «куфр» бўлиб кўринган гапларни (чунончи, Ҳалложнинг: «Аналҳақ» дейиши, Боязиднинг «Шарафланганман, шарафланганман, шаъну шараф менга» деган гапи, Машрабнинг «Ёрсиз ҳам бодасиз Маккага бормоқ на керак, Бошимга урайинму Иброҳимдан қолғон ул эски дўконни» дейиши) табиийки ақидапараст кишиларни ташвишга солар ва улар буни иймондан чекинишда баҳолардилар.
Шариат ва тариқат орасидаги мухолифлик илмий-назарий йўналишда ҳам давом этиб турган. Бир қанча рисолалар ёзилиб, сўфийларнинг сўзлари ва амаллари танқид қилинди. Шундай китоблардан бири Ибн Жавзийнинг (1153 йилда вафот этган) араб тилидаги «Талбиси иблис» (Иблис васвасаси) номли китобидир. Муаллиф хонақоҳлардаги пир ва муридлик муомаласидан тортиб, ўз-ўзини назорат қилиш шартлари ҳисобланган зикру самоъ, чилла ўтириш, сурункали тақводорлик, махсус кийим – хирқа кийиб юришгача – ҳаммасини бидъат деб рад этади.
Тасаввуфни танқид қилиш кейинги асрларда ҳам давом эттирилди, ҳозир ҳам афсуски айрим мамлакатларда нақшбандия, суҳравардия ва мавлавия тариқатларини танқид этувчи китоблар чоп этилмоқда. Уларда асосан Ибн Жавзий айтган гаплар такрорланади.
Энди тариқат аҳлининг фикрларига келсак, аввало алоҳида қайд этамизки, тариқат аҳли ҳеч қаерда ва ҳеч қачон шариатни инкор этган эмаслар. Билакс, шариат тасаввуфнинг муҳим ва зарурий қисми деб қаралган. Бошқача айтганда, шариат маънавий тарбиянинг биринчи босқичи ҳисобланган. «Кашфул маҳжуб» китобининг муаллифи Абулқосим Қушайрий фикрича, сулук йўлига кирган киши тўрт буюк марҳала (мақом)ни босиб ўтиши лозим, яъни: шариат, тариқат, маърифат ва ҳақиқат.
Яна шуниси борки, кўпгина шайхлар ўз муридларига биринчи навбатда шариат асосларини пухта ўргатганлар, мурид токи Қуръон ва ҳадисни бутун моҳияти билан англаб етмаса, шариат аҳкоми бўлмиш тавҳид, иймон маъносини тушунмаса, беш вақт намозни адо этиб, рўза тутиб, закот ва ҳаж талабларини ҳам бажармаса, у ҳақиқий мусулмон деб қаралмаган ва хонақоҳга киритилмаган. Бироқ ҳамма гап шундаки, тариқат пешволари шариат талаблари устига яна янги талаблар қўйганлар, мусулмонлик шартларини чуқурлаштирганлар. Аниқроғи, омма тоқат қиладиган қўшимча риёзатлар юклаганлар ва соликлар бунга мажбурий эмас, ихтиёрий равишда ўз зиммаларига олганлар. Ана шу асосда қўшимча намоз, қўшимча рўза, парҳез ва тақво, қўшимча ҳаж қилиш жорий этилган. Шунга қудрати бор кишилар учун бу нарса раво деб қаралган. Чунки бундай одамлар ўз ҳаётларини Худо йўлига бағишлаган эдилар, улар учун бундан муҳим, бундан олийжаноб ва қимматли нарса бўлмаган.
Аслини олганда, шариатнинг ўзи ҳам риёзатдир. Беш вақт намозни адо этиш, бир ой рўза тутиш, узоқ сафарга чиқиб, ҳаж қилиш риёзат эмасми? Лекин шуниси борки, бу барча мусулмонлар учун мажбурий риёзат. Тариқат талаблари эса ҳамма учун мажбурий эмас, балки алоҳида кишиларнинг ихтиёрий риёзатидир.
X-XI асрлардан бошлаб шариат ва тариқат аҳллари орасида мунозаралар бошлангандан кейин тасаввуф назариётчилари бу икки томонни келиштириш, шариат ва тариқатни мувофиқлаштириш устида бош қотириб, фикрлар баён этганлар. Аҳмад Яссавий ҳам тариқат ва шариатнинг ўзаро вобасталигини содда туркона тилда равшан баён қилиб берган.
Ҳар ким қилса тариқатни даъвосини,
Аввал қадам шариатга қўймоқ керак.
Шариатнинг ишларини адо қилиб,
Андин сўнгра бу даъвони қилмоқ керак.
Аҳмад Яссавийнинг фикрига кўра, шариатсиз тариқат ва тариқатсиз ҳақиқат йўқ. Тариқатга қадам қўйган одам шариатга суянмаса, «шайтон келиб» иймонига чанг солади.
Хожа Бухорий ўрта махсус ислом таълим муассасаси
Ўқитувчиси Қодиров Омон
