СИЗНИ ПАЙҒАМБАРИМИЗ САЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМГА ЯҚИНЛАШТИРУВЧИ ҲИСЛАТ

15

Муқаддас динимиз чиройли хулқ ва иноқликка раҳна солувчи мунофиқлик, манманлик, ғийбат, ҳасад, риё, сумаъ ва хиёнат каби иллатларни харом қилиб, ҳусни-хулқлик ва тотувликка хос бўлган барча хислатларга тарғиб этади ва уларни ибодат санайди. Шунга кўра барчага меҳр-шафқат кўрсатиш, самимий муносабатда бўлиш суннат ҳисобланади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайи васалламнинг ҳаётлари ҳар бир мўмин-мусулмон учун улкан, одоб ахлоқ ва тарбия манбаидир. У зоти шарифнинг муборак ҳаёт йўлларини қунт билан ўрганиб чиққан ҳар бир инсон бунга амин бўлмай чораси йўқ.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

“(Эй, имон келтирганлар!) Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир” (Аҳзоб сураси, 21-оят) – деб, Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайи васалламни барча мўмин-мусулмонларга намуна бўлишга энг лойиқ зот эканликларини баён қилган.

Муқаддас Ислом динимиз кўрсатмалари инсониятни гўзал ахлоқли бўлишга, бандага Аллоҳ таолонинг олдидаги ҳамда жамият олдидаги бурчу вазифаларини гўзал суратда адо этишга, инсонлар ўртасидаги муносабатларни самимий ва беғараз амалга оширишга тарғиб қилади. Албатта, Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайи васаллам буларнинг барчасида мўмин-мусулмонларга ўрнак кўрсатганлар.

Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайи васаллам бундай деб марҳамат қилганлар: “Менга фарзларни адо этиш буюрилгани каби, инсонларга хушмуомалада бўлиш ҳам буюрилди… Инсонларга хушмуомалада бўлиш садақадир” деганлар.

Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайи васалламнинг муборак ҳадисларида чиройли хулқ соҳибларига катта ажру савоблар ва юксак мақом ва мартабалар ваъда қилинган. Чиройли хулқ – жаннатга киришга сабабдир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар:  “Гарчи ҳақ бўлса ҳам тортишмаган кишига жаннатнинг четидан уй берилишига кафилман. Гарчи ҳазиллашиб бўлса ҳам ёлғон гапирмаган кимсага жаннатнинг ўртасидан уй берилишига кафилман. Хулқи чиройли бўлган кишига эса жаннатнинг энг олий жойидан уй берилишига кафилдирман”. Имом Абу Довуд ривоятлари.

Чиройли хулқ Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайи васаллам энг яхши кўрган инсон бўлишга сабаб бўладиган амаллардандир.

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайи васаллам: “Қиёмат куни менга маҳбуброғингиз ва яқинроғингиз хулқлари чиройлироғингиздир. Қиёмат куни мен учун ёқимсизроғингиз ва мендан узоқроғингиз сергап, кўп вайсайдиган ва “мутафайҳиқлардир”, дедилар. Шунда: “Ё Расулуллоҳ, биз сергап ва кўп вайсайдиганларни биламиз. “Мутафайҳиқлар” кимлар?” деб сўралди. У зот: “Мутакаббирлардир”, деб жавоб бердилар (Имом Термизий ривоятлари).

Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайи васаллам: “Кимга мулойимликдан насиба берилган бўлса, унга дунё ва охират яхшилигидан насибаси берилибди. Силаи раҳм, ҳусни хулқ ва яхши қўшничилик диёрларни обод, умрларни зиёда қилади”, дедилар. (Имом Аҳмад ривоятлари).

Шунингдек: “Албатта, мўмин ўзининг ҳусни хулқи ила рўза тутучи ва бедор бўлувчининг даражасини топади”, дедилар. (Имом Абу Довуд ривоятлари).

Кундузлари рўза тутиб, кечалари тик туриб намоз ўқиган ҳолида бедор ўтказадиган одам қанчалар олий даражаларга эришишини ҳаммамиз яхши биламиз. Фарзу вожиб бўлган амалларни бажариб, яна нафл амаллар билан ортиқча савоб ишлайман деган одам ҳусни хулқ билан ҳам юқори даражаларга эришмоғи мумкин бўлар экан.

Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайи васаллам оила аҳллари билан ҳам хушмуомалада бўлар, уй юмушлари билан ҳам шуғулланар эдилар. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда: “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайи васаллам оила аҳллари билан ёлғиз қолганларида ўзларини қандай тутардилар” – деб сўрашганда, у киши:

“Жуда мулойим муомала қилар, кулиб, табассум билан боқар эдилар. Шунингдек, оила аҳллари хизматида бўлар эдилар. Ҳеч ким У зотни саҳобалари орасида оёқларини узатиб ўтирганларини кўрмаган” – деб жавоб берганлар.

Кўриниб турибдики, сарвари коинот пайғамбар бўлишларига қарамай оилага нисбатан зиммаларидаги бурчларини бекаму кўст адо этганлар. Уларнинг рўзғор юмушларига кўмаклашар, имкониятлари даражасида аҳли аёлларини нафақа билан таъминлар эдилар.

Инсоннинг хулқи чиройли бўлиши учун аввало, унинг қалби пок бўлиши лозим. Чунки, қалб инсон жасадининг бошқарувчиси, қолган аъзолар унга тобеъдир.

Зеро, Пайғамбаримиз салаллоҳу алайҳи васаллам: “Огоҳ бўлинглар! Албатта жасадда бир аъзо бордир, агар у солиҳ бўлса жасаднинг барчаси солиҳ бўлади, агар у фасод бўлса жасаднинг барчаси фасод бўлади.  Огоҳ бўлинглар! У қалбдир”, дедилар (Муттафақун алайҳ).

Шундай экан қалб пок бўлса, қолган аъзолар ҳам унга эргашади, агар у нопок бўлса, барча азолардан нопок амаллар содир бўлади.

Қалб поклиги борасида буюк аллома Имом Ғаззолий (р.а.) шундай деганлар: “Киши зоҳирини нажосатлардан сақлаши, ундан узоқ юриши лозим. Аммо, ботиний нажосатлар ҳам борки, улардан сақланиш ундан ҳам муҳимроқдир. Чунки, ботиний ифлосликлар яъни қалб нопоклиги киши нафақат бу дунёда ҳалокатга бошлайди, балки охиратда ҳам аламли азобга дучор бўлишига сабаб бўлади.

Аллоҳ таоло барчаларимизни ҳусни хулқли ва Пайғамбаримиз салаллоҳу алайҳи васалламга ҳақиқий уммат бўлмоқлигимизни насиб айласин!

 

ХАЛИКОВ НУРУЛЛО

Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси ўқитувчиси