УҲУД ҒАЗОТИДАН ОЛИНАДИГАН ТЎРТ ИБРАТ

26
  1. Маъсиятларнинг нусратга таъсири.

Мўминлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буйруқларига хилоф қилдилар. Натижада Аллоҳ таоло уларни бу учун жазолади. Камончилар ўлжа илинжида мудофаа ҳудудларини ташлаб кетган эди. Урушдан сўнг мусулмонлар мағлубият сабаби ҳақида сўраган эдилар, Аллоҳ таоло уларга бундай жавоб берди: “Бу ўзингизнинг ҳузурингиздан!” деб айт. Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир” (Оли Имрон сураси, 165-оят).

  1. Охиратдан дунёни устун кўриш хатари.

Аллоҳ таоло бундай дейди: “Орангизда дунёни хоҳлайдиган кимсалар бор ва орангизда охиратни хоҳлайдиган кимсалар бор. Сўнгра сизларни имтиҳон қилиш учун улардан бурди. Батаҳқиқ, сизни афв этди. Аллоҳ мўминларга фазл эгаси бўлган зотдир” (Оли Имрон сураси, 152-оят).

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам дунёга алданиб қолишдан қаттиқ огоҳлантирганлар. Мисвар ибн Махрама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Убайда ибн Жарроҳни жизя олиш учун Баҳрайнга юбордилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари Баҳрайн аҳли билан сулҳлашган, уларга Ало ибн Ҳазрамийни амир қилиб тайинлаган эдилар. Шундай қилиб Абу Убайда Баҳрайндан бир қанча мол билан қайтди. Ансорлар Абу Убайданинг келгани ҳақида эшитишди. Бу бомдод намозига тўғри келган эди. Пайғамбар алайҳиссалом бомдодни ўқиб бергач, кетмоқчи бўлдилар. Шунда саҳобалар у зотнинг йўлларига чиқиб олишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни кўриб табассум қилдилар ва “Менимча, Абу Убайда бир нарсалар олиб келганини эшитгансизлар?” дедилар. Улар “Шундай, эй Аллоҳнинг Расули!” дейишди. У зот дедилар: “Хурсанд бўлинглар, сизларни севинтирадиган нарсаларни орзу қилинглар. Бас, Аллоҳга қасамки, камбағал бўлишингиздан хавотир олмайман. Лекин олдингиларга кенг ёйилгандек дунё сизларга ҳам кенг ёйилишидан, улар мусобақалашгандек мусобақалашишингиздан ва уларни ҳалок этгандек сизларни ҳам ҳалок этишидан қўрқаман!” (Бухорий ривояти, 3158)

  1. Ҳақ ва ботил курашувидаги Аллоҳнинг суннати.

Аллоҳ таоло айтади: “Сиздан аввал ўтганларга келганга ўхшаш нарса сизларга келмасдан туриб, жаннатга кирамиз, деб ўйладингизми? Уларни бало ва мусибатлар тутган ва ларзага туширилганлар. Ҳаттоки, Пайғамбар ва у билан иймон келтирганлар: “Аллоҳнинг нусрати қачон бўлади?” деганлар. Огоҳ бўлинглар, албатта, Аллоҳнинг нусрати яқиндир” (Бақара сураси, 214-оят).

Албатта, ҳақ ва ботил ўртасидаги кураш Аллоҳнинг суннатларидан биридир. У борлиқни мана шундай суннатлар устига бино қилган. Аллоҳнинг бу салтанати, бепоён борлиғида ўзгармас суннатлар, йўқолмас қонунлар мавжуд. Қуръон бу ҳақиқатни тасдиқлаб, уни одамларга таълим беради. Аллоҳ таоло айтади: “Улар фақат илгаригиларнинг суннатига интизор бўлмоқдалар, холос. Аллоҳнинг суннатига ҳаргиз бадал топа олмассан. Аллоҳнинг суннатига ҳаргиз ўзгартириш топа олмассан” (Фотир сураси, 43-оят). Мана шу илоҳий суннатлардан бири бу ҳақ ва ботил ўртасидаги доимий жанг ва тортишувдир.

  1. Аллоҳга суянган ҳолатда нусратнинг моддий ва маънавий сабабларини ушлаш лозимлиги.

Аллоҳга таваккул қилиш ва Ўзигагина суяниш билан бирга моддий-маънавий сабабларга ҳам қаттиқ риоя қилиш вожиб бўлади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам урушда совут кийганлар, саҳобалар у зот билан бирга жанг қилишган, у зотни ҳимоялашган. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло у зотни душман қатл этишидан сақлаб қўйган эди.

Аллоҳ азза ва жалла нусратга ҳам, мағлубиятга ҳам сабабларни боғлаб қўйган. Шундай экан, иймон аҳли жидду-жаҳдларида ҳам, бошқа ишларида ҳам муваффақият омилларига амал қилишлари, ҳар жойда ва ҳар вақтда воситаларни маҳкам тутишлари лозим.

Демак, таваккул бу қалбнинг Аллоҳга суянишидир, лекин сабабларни қўллаш билан бирга.

 

Сулаймон ибн Муҳаммад Вобисийнинг «ат-Туҳфа ат-тарбавия» китобидан

Сардор САИДАХМЕДОВ эркин таржима қилди

Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси ўқитувчиси