АБДУЛЛОҲ ИБН РАВОҲА ҚИССАСИ
42

Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳу улуғ саҳобий, Мўта урушидаги учинчи лашкарбошидир. Сийрат китобларда зикр қилинади: Аввал биринчи қўмондон Зайд ибн Ҳориса, сўнг иккинчи қўмондон Жаъфарни қатл этишди. Кейин қўмондонликка Абдуллоҳ ибн Равоҳанинг навбати келди. У шоир ҳам бўлган эди. Аввалига байроқни кўтаришга тараддудланади, сўнг мана бу икки байтни ҳиргойи қилади:
Эй нафс, душман жонинг олмаса-да ўлим бор!
Мана ажал сиртмоқ солар, кутма иноят.
Тилагингга етдинг шу он, битта йўлинг бор,
Бу иккиси қилганини қилмоқ — ҳидоят!
Абдуллоҳ шуни айтди-да, байроқни олиб, ўлгунга қадар мардонавор жанг қилди…
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалари билан бирга эдилар. У зот айтдилар: “Байроқни Зайд ибн Ҳориса олди. Уни ҳимоя қилиб жанг қилди ва шаҳид этилди… Сўнг байроқни Жаъфар олди. Уни ҳимоя қилиб курашди ва шаҳид қилиб ўлдирилди… Сўнг байроқни Абдуллоҳ ибн Равоҳа олди. Жанг қилди ва шаҳид этилди… Тушимда улар жаннатда, тиллодан бўлган тўшаклар устида менга кўрсатилдилар. Шунда Абдуллоҳ ибн Равоҳанинг тўшагида шериклариникига нисбатан оғиш кўрдим. “Бу нега?” деб сўрадим. Шунда менга “У иккиси тўғри юриб кетишди, Абдуллоҳ ибн Равоҳа бироз тараддудланиб кейин юрди”, дейилди” (Ҳайсамий “Мажмаъуз завоид”да келтириб, “Табароний саҳобалардан бир кишидан ривоят қилган” деган).
Мен юқоридаги икки байтни ўқиб, унга кетган вақтни ҳисобладим. Бу бор-йўғи ўн сония эди.
Кўрдингизми, биродарлар?! Абдуллоҳ ибн Равоҳада кечган тараддуд ўн сониядан ҳам ошмас эди, шунга қарамай у Абдуллоҳнинг жаннатдаги даражасини пастлатиб юборди! Ҳолбуки у зот бутун ҳаётини Аллоҳнинг йўлига тиккан эди! Шубҳасиз, бу қисса мусулмоннинг ҳаётидаги вақтнинг қиймати қанчалар улкан эканини таъкидлайди.
«Вамазот фил Ислам» китобидан
Сардор САИДАХМЕДОВ эркин таржима қилди
Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
