АЗИЯТ БЕРИШДАН САҚЛАНИШ ВОЖИБЛИГИ
27

Барчамизга маълумки ислом тинчлик динидир. Динимиз ҳеч бир жонга ноҳақ озор бермасликка буюради. Ўзгаларга озор бериш улкан гуноҳлардан ҳисобланади.
Аллоҳ таоло ўз каломида шундай марҳамат қилади.
“Мўмин ва мўминаларга, улар бирор нарса қилмасалар ҳам озор берадиганлар, батаҳқиқ, ўз устиларига очиқ бўҳтон ва гуноҳни олибдилар”. (Аҳзоб сураси 58-оят)
Ояти карима ўзгаларга озор беришнинг барча турини ўз ичига олади. Бировнинг савдоси устига савдо қилишдан тортиб жонга озор беришгача. Ҳаттоки Имом Шофеий ушбу ояти каримани қачонки қалбига оғир ботса, таомланаётганда таомнинг шеригига яқин жойидан олиб ейишнинг ҳаром эканлигига далил қилган эканлар.
Фузайл ибн Иёз айтадилар: «Сенга ҳатто на итга ва на тўнғизга ҳам бекорга озор бериш жоиз эмас. Қолганинику қўявер!»
Шуни ҳам билиб олишимиз керак-ки, азиятни тўсиш эса мўмин учун садақадир. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Зарр розияллоҳи анҳуга: «Инсонларга ёмонлик қилишдан тийиласан. Бу ўзингдан ўзинга садақадир!» дедилар. (Муттафақун алайҳ)
Яҳё ибн Маийн айтадилар: «Сизда мўминнинг учта насибаси бўлсин. Агар фойдангиз тегмаса зарарингиз ҳам тегмасин. Агар ҳурсанд қила олмасангиз ҳафа ҳам қилманг. Уни мақтай олмасангиз мазаммат ҳам қилманг».
Кишилардан азиятни тўсиш жаннатга киришга сабабчи бўлиши мумкин.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Бир киши йўлнинг юзида ётган дарахт шохини олдидан ўтиб қолиб «Аллоҳга қасамки, буни мусулмонларга азият бермаслиги учун четга олиб қўяман» деди. Бас Аллоҳ уни жаннатга киргизди«.
Азиятдан тийилиш ҳақиқий мусулмонликнинг нишонасидир. Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Қандай мусулмон яхши?» деб сўралганларида «Мусулмонлар қўли ва тилидан саломат бўлгани». дея жавоб бердилар. (Бухорий ривояти).
Мўминларга азият бериш Аллоҳнинг ғазабини келтирадиган сабаблардан ҳисобланади. Бир куни Росуулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарга кўтарилиб баланд овозда нидо қилдилар: “Эй тили билан иймон келтириб, қалбига исён боғланмаганлар мусулмонларга озор берманглар ва уларни таъна ҳам қилманглар. Уларни айбларини қидирманглар ҳам. Ким мусулмон биродарининг айбини қидирса Аллоҳ уни айбини очиб қўяди. Аллоҳ кимнинг айбини очадиган бўлса, гарчи аҳлининг ўртасида бўлса ҳам шармандасини чиқаради.” (Термизий ривояти)
Ибн Умар розияллоҳу анҳу Каъбага қараб туриб: “Ҳурматинг қандай ҳам улуғ ва буюк. Мўминнинг ҳурмати еса Аллоҳнинг наздида сеникидан буюкроқдир”. дедилар.
Набиййимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кўп ҳолларда, ҳатто инсонлар эътиборга олмайдиган кўринишларда ҳам азият етказиб қўйишдан қайтарганлар. Имом Муслимнинг ривоятларида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Йўлларда ўтириб олишдан сақланинглар.” Саҳобалар “Биз ўтирмасак бўлмайди у ерда гаплашиб ўтирамиз.” дейишди. “Ўтиришдан бошқа чорангиз бўлмаса йўлнинг ҳаққини беринглар”. “Йўлнинг ҳаққи нима экан?” дейишди. “Кўзни тийиш, азиятдан сақланиш, саломга алик олиш ва яхшиликка буюриб, ёмоликдан қайтаришдир” дедилар.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки киши учинчини қўйиб суҳбатлашмасин. Зеро, бу нарса мўминга озор беради. Аллоҳ эса мўминнинг азиятини ёмон кўради.” дедилар. Мана шундай оддий ҳолат ҳам озор бўлар экан атайин қаттиқ озор беришдан тийилиш ҳар бир инсонга вожиб бўлади.
Ҳикматуллохон ҲОМИДОВ
Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
