БИР ҲАДИС ШАРҲИ
18

Ҳар бир инсон бу синовли дунёда яшар екан, охират учун тайёргарлик кўриши, мезон тарозисида амаллар оғир бўлишига ҳаракат қилмоғи ақлан лозим бўлган ишлардан ҳисобланади. Тарозимиз оғир бўлиши учун Сарвари коинот Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларда тавсиялар берганлар.
وعن أبي مالك الأشعري قال: قال رسول الله الطُّهورُ شطْرُ الإيمانِ ، والحمدُ للهِ تملأُ الميزانَ ، وسُبحانَ اللهِ والحمدُ للهِ تَملآنِ ما بين السماءِ والأرضِ ، والصلاةُ نورٌ ، والصدَقةُ بُرهانٌ ، والصبْرٌ ضِياءٌ ، والقُرآنُ حُجَّةٌ لكَ أوْ عليكَ ، كلُّ الناسِ يَغدُو ، فبائِعٌ نفسَهُ ، فمُعتِقُها أوْ مُوبِقُه ارواه مسلم
Абу Молик Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Поклик иймоннинг ярмидир. “Алҳамдулиллаҳ” мезон (тарози)ни тўлдиради. “Субҳаналлоҳ” ва “Алҳамдулиллаҳ” ер ва осмон ўртасини тўлдиради. Намоз нурдир. Садақа ҳужжатдир. Сабр зиёдир. Қуръон фойда ёки зарарингизга далилдир. Барча инсонлар ўзлари ҳаракат қиладилар, сўнгра нафсларини сотиб, уни озод қилади ёки ҳалокатга учратади”, дедилар” (Имом Муслим ривояти). Энди бу ҳадисни батафсил ўрганиб чиқсак.
Иймон инсоннинг ботиний дунёсини ширк, нифоқ ва шунга ўхшаш маънавий иллатлардан поклайди. Агар ғайри дин инсон иймон калимасини айтиб, исломни қабул қиладиган бўлса, Аллоҳ таоло унинг барча каттаю кичик гуноҳларини кечириб юборади. Таҳорат эса инсоннинг зоҳирини поклайди. Покликнинг савоби иймон савобининг ярмига етади. Чунки поклик, хусусан, таҳорат олдинги кичик хатоларни ўчиради. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким таҳорат олса ва уни гўзал қилса, бу одамнинг хатолари жасадидан чиқиб кетади…”, дедилар (Имом Муслим ривояти). Аслида таҳорат иймондек буюк ишнинг олдида арзимас нарса ҳисоблансада, бошқа жиҳатдан иймон сабабли инсоннинг каттаю кичик гуноҳлари кечирилса, таҳорат фақат кичик гуноҳларни ўчириши жиҳатдан иймон қилган ишни ярмини гўё қилгандек бўляпти. Шунинг учун, поклик иймоннинг ярми дейилади.
Ҳадиси шарифнинг бу қисмида Аллоҳ таолога ҳамд айтиш нақадар ажри улуғ амал экани баён қилинмоқда. “Алҳамдулиллаҳ” берилган неъматлар шукронаси сифатида Аллоҳ таолога гўзал тарзда мақтов айтишдир. Ҳадисда бу лафзнинг савоби ирода қилинган. Яъни “Алҳамдулиллаҳ” деб Аллоҳни зикр қилишнинг савоби қиёмат куни амаллар ўлчанадиган тарозини тўлдиради. Аммо биз охират тарозини бу дунё тарозисидек моддий нарсаларни ўлчайдигандек ўйлаб қолмаслигимиз лозим. Тарози фақат Алҳамдулиллаҳ билан тўлиб қолиб, бошқа амаллар қайга қўйилади деган ўй хаёлимизга келиб қолмасин. Зеро савоблар нуроний нарса ҳисобланади.
“Субҳаналлоҳ”, “Алҳамдулиллаҳ” ер ва осмон ўртасини тўлдиради.
“Субҳаналлоҳ” сўзининг маъноси Аллоҳ таолони улуғлаш ва айбу нуқсонлардан поклашдир. Бу икки калимани ажр-савобини жисм деб фараз қилинса, ер ва осмон орасини тўлдиради. Чунки зикрда Аллоҳ таолони поклаш ва оламлар Роббисига мақтов айтиш бордир. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таоло каломдан тўртта сўзни танлаб олди. Улар: “Субҳаналлоҳ”, “Алҳамдулиллаҳ”, “Ла илаҳа иллаллоҳ” ва “Аллоҳу акбар” сўзларидир. Ким: “Субҳаналлоҳ” деса унга йигирма яхшилик ёзилиди ва унинг йигирма ёмонлиги ўчирилади. Ким: “Аллоҳу акбар” деса юқоридаги каби савоб берилади ва ёмонликлар ўчирилади. Ким: “Ла илаҳа иллаллоҳ” деса юқоридаги каби бўлади. Ким: “Алҳамдулиллаҳ” деса ҳам худди шундай. Ким: “Алҳамду лиллаҳи роббил аламин” деса, унга ўттизта яхшилик ёзилиб, ўттизта ёмонлик ўчирилади”, дедилар (Имом Насоий ривояти).
Мазкур зикрларни қалби ишончга лиммо-лим тўлиб, сўзларнинг маъноларини тафаккур қилиб, ихлосу муҳаббат ва чин эътиқод билан айтган банда Аллоҳ таолонинг ҳузурида улуғ савобга эришади ҳамда олий даражаларга кўтарилади. Шунингдек, Аллоҳ таолони зикр қилган инсоннинг қалби хотиржам бўлади. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “…Огоҳ бўлинглар, Аллоҳни зикр этиш билан қалблар ором олур” (Раъд, 28).
“Намоз нурдир”. Намоз буюк ибодат. Барча шартлари билан, ихлосу муҳаббат ва хушу ила адо етилган намоз нур бўлади. Шунингдек, намозни мукаммал адо қилиш билан мўминнинг қалби нурга тўлади. Шу билан бирга намоз қиёмат зулматларида ҳам мўминга нур бўлади. Намоз Исломнинг асосий арконларидан биридир. Банда намоз ўқиб Роббисига боғланади, Унга муножаат қилади. Намозни чин ихлос билан адо этувчилар роҳат, сакинат ва омонлик топади.
Намоз ўқиган банда яхши йўлда юриб, гуноҳлардан тийилади. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “…Албатта, намоз фаҳш ва ёмон ишлардан қайтарур…” (Анкабут, 45).
Намоз маънавий нур. Банда намоз ўқиб, ҳидоят ва ҳақ йўлни топади. Намознинг нури қиёматда ҳам банданинг юзида порлаб туради. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “…Уларнинг юзларида сажда асоратидан (қолган) белгилари бордир…” (Фатҳ, 29).
“Садақа ҳужжатдир”. Садақа берувчи қиёмат куни мукофот олишига ишонади. Шунинг учун, банда дунёда садақа беришга ошиқади. Берилган садақа банданинг қалбидаги ишончга ҳужжат бўлади. Мунофиқ садақа бермайди. Чунки у садақанинг эвазига ажр-савоб берилишига ишонмайди. Садақа банда қалбида имон борлигининг далилидир.
“Сабр зиёдир”. Сабр динимизда мақталган амалдир. Ҳадисдаги сабрнинг маъноси умумийдир. Шунинг учун, тоат-ибодат, гуноҳлардан сақланиш, ғам-алам, касаллик ва турли мусибатларнинг барчасига сабр қилинса, у зиё бўлади. Банда нафсини орзу ҳаваслардан тийиб, матонат билан туриши сабрдир. Зиё нурдан кучли бўлади. Шунинг учун, ҳадисда сабр зиё дейилмоқда. Инсон сабр билан қийинчиликлар ва машаққатларни барчасини енгиб ўтади.
“Қуръон фойда ёки зарарингизга далилдир”. Қуръони карим банданинг дунё ҳаётида дастурул амал, охиратда эса нажот ва саодатга эришишида муҳим омил. Инсон ҳаётлик чоғида Қуръони каримга амал қилса, нажот топади. Қуръондан юз ўгирса, ундаги қайтариқлардан сақланмаса ва буйруқларни бажармаса бахтдан мосуво бўлиб, аламли азобга дучор бўлади.
“Барча инсонлар ўзлари ҳаракат қиладилар, сўнгра нафсларини сотиб, уни озод қилади ёки ҳалокатга учратади”.
“Нафсларини сотиб, уни озод қилади” жумласидан бандалар тоат-ибодат қилиб, гуноҳ-маъсиятлардан сақланиб, нафсни дўзахнинг аламли азобидан озод қилиш маъноси тушунилади. Шунингдек, банда шайтонга эргашиб, ҳалол бўлмаган ишлар билан машғул бўлиб, ўз нафсини ҳалокатга учратади ва жаннатнинг бебаҳо неъматларидан бебаҳра қолади.
ҚУРБОНОВ ХАЙРУЛЛА
Хожа Бухорий ислом талим муассасаси ўқитувчиси
