КОНСТИТУЦИЯВИЙ ҲУҚУҚ ВА БУРЧЛАР
55

Айрим юртдошларимиз Конституция деганда кўпроқ унда мустаҳкамлаб берилган ҳуқуқини тушунишади. Аниқроқ қилиб айтганда, бирор муаммога дуч келишгандагина конституциявий ҳуқуқларини талаб этишади. Негаки мамлакатимизда яшовчи ҳар-бир фуқаронинг ҳуқуқи Бош Қомусимизда мустаҳкамлаб берилган. У бизни ҳар қандай тазйиқлардан ҳимоялайди.
Аммо масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Конституцияда Ўзбекистон фуқароларининг бурчи ҳам ифодаланганини эсдан чиқармаслик лозим. Мисол учун, унда “фуқаролар Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбурдирлар” деган модда бор. Албатта, бундай бурчлар тегишли қонунларда янада аниқ белгилаб қўйилган. Демоқчиманки, биз ҳуқуқ ва бурчимизни уйғун ҳолда тушунсак жамиятнинг фаол фуқаросига айланамиз.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг иккинчи бўлими XI боби “Фуқароларнинг бурчлари” деб номланиб, 59-моддасида “Барча фуқаролар Конституцияда белгилаб қўйилган бурчларини бажарадилар” деб кўрсатилган шунингдек, ушбу бобнинг бошқа моддаларида ҳар биримизнинг бурчларимиз ва мажбуриятларимиз белгилаб қўйилган. Демак, Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқароси Конституция ва қонунларга риоя этиши, бошқа фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиши, халқнинг тарихий, маънавий ва маданий меросини асраб авайлаши, атроф муҳитга эҳтиёткорона муносабатта бўлиши, шунингдек, солиқлар ва маҳаллий йиғимларни тўлаши ва энг асосийси Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиши лозим.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустаҳкамланган фуқароларнинг ҳуқуқ ва бурчлари ўз ҳуқуқий табиатига кўра асосий ҳуқуқ ва бурчлар бўлиб хизмат қилади. Қолган бошқа турли хил ва жуда кўп ҳуқуқ ва бурчлар мана шу аснода келиб чиқади ва келажакда фуқароларнинг ҳуқуқий ҳаётида катта аҳамият касб этади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг V боби Умумий қоидаларнинг 20-моддасига мувофиқ, “Ўзбекистон Республикаси фуқароси ва давлат бир-бирига нисбатан ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлар билан боғлиқдир. Инсоннинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир ҳамда улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас.
Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилади. Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларнинг, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг моҳияти ва мазмунини белгилайди.
Давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципларига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши керак.
Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади.” деб белгиланган. Конституцияга асосан, демократия Ўзбекистон Республикасида умуминсоний принципларга, яъни инсон энг олий қадрият, деган ғоя асосига қурилади. Ҳар-бир фуқаро қонун олдида тенгдир ва бошқа фуқароларнинг миллати, тили, дини ва эътиқодини ҳурмат қилиши, шунингдек, унинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларидан фойдаланишида бошқа шахс, давлат ва жамият манфаатларига зиён етказмаслиги, шахс ўз ҳуқуқ ва эркинликларидан қонун доирасидан чиқмаган ҳолда фойдаланиши лозим. Шахс қонундан ташқари хатти-ҳаракат содир этганида, бу ҳол унинг қонун томонидан жазоланишига сабаб бўлади. Шахснинг ўз конституциявий бурчларини бажармаслигидан ана шундай қонуний жавобгарлик келиб чиқади.
Давлатимиз инсонийлик қоидаларига асосланган, дини, ижтимоий аҳволи, сиёсий эътиқодларидан қатъий назар фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаб берадиган давлат. 1992 йилнинг 8 декабрда Ўзбекистон Конституциясининг қабул қилиниши халқимизнинг тақдири, давлатимиз келажаги ҳамда унинг дунё ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаши учун ҳуқуқий замин яратди. Конституциямизнинг бутун мазмун-моҳиятида устиворлик қиладиган ўзак масала — инсон унинг ҳақ-ҳуқуқи, эрки, қадр-қиммати олий қадрият эканлигидир.
Қомусимиз инсонлар қонун учун эмас, қонунлар инсон учун хизмат қилмоғи лозим деган принципни ўзида мужассам этади.
Шунга кўра Асосий Қонунимизнинг II боби Халқ ҳокимиятчилигининг 13-моддасида “демократия умуминсоний принципларга асосланиши, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади.
Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилинади” деб белгиланган. Демак, Ўзбекистоннинг Конституцияси ҳам халқаро инсон ҳуқуқлари борасидаги тўпланган ижобий тажриба тамойилларини ўзида муҳрлаган.
Дунёда инсон ва фуқаро ҳуқуқлари бўйича 300дан зиёд халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар амал қилиб турибди. Ўзбекистон томонидан эса инсон ҳуқуқлари бўйича 60 дан ортиқ халқаро конвенциялар имзоланган.
Конституцияда нафақат бугунги кундаги ижтимоий-иқтисодий муносабатлар ҳуқуқий тартибга солинди, шу билан бирга Ўзбекистоннинг кучли ҳуқуқий демократик давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари юзланишининг таомили ҳам яратилди. Унда халқимизнинг иродаси, адолатли жамият барпо этишдаги интилишлари, эзгу-истаклари мужассамлашган.
Масалан, Конституциямизнинг VIII боби Сиёсий ҳуқуқларнинг 35-моддасида “Ҳар ким бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда давлат органларига ҳамда ташкилотларига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига, мансабдор шахсларга ёки халқ вакилларига аризалар, таклифлар ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Аризалар, таклифлар ва шикоятлар қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши шарт” эканлиги белгиланган.
Музаффар Қосимов,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси
Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи
