ХОВОРИЖЛАР ИЗДОШЛАРИГА РАДДИЯ
21

Иймон неъматини берган оламларни Роббисига чексиз ҳамду саноларимиз ва Росули Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруд тохийётларимиз бардавом бўлсин.
Иймон луғатда “ишонч” деган маънони билдиради. Истелоҳда эса тилда айтиб, дилда тасдиқ қилишга айтилади.
Иймон амалсиз ҳам иймон бўлаверади. Амаллар эса иймонсиз бўлмайди. Амал деганда намоз, рўза, закот, хаж ибодатларини тушунилади. Шунинг учун ҳам бу амалларнинг, иймоннинг рукни эмас фарди (бўлаги)дейилади.
Иймонсиз киши шу амалларни қилса ҳам мусулмон бўлиб қолмайди.
Бир мусулмон одам бу амалларни фарзлигини инкор қилмай узр сабабидан тарк қилса муминликдан чиқди деган хукм килинмайди деб, Мужтаҳид уламоларимиз амални иймоннинг рукнидан эмас эканлигига, куйидаги ояти каримани далил қилиб келтирдилар.
وَعَدَ اللَّهُ الْمُؤْمِنِينَ وَالْمُؤْمِنَاتِ جَنَّاتٍ تَجْرِي مِن تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ خَالِدِينَ فِيهَا وَمَسَاكِنَ طَيِّبَةً فِي جَنَّاتِ عَدْنٍ ۚ وَرِضْوَانٌ مِّنَ اللَّهِ أَكْبَرُ ۚ ذَٰلِكَ هُوَ الْفَوْزُ الْعَظِيمُ (72)
Яъни: Аллоҳ, Мўминлар ва Мўминаларга остидан анхорлар оқиб турган жаннатларни, уларда абадий қолишини ва баркарорлик жаннатидан покиза масканларни ваъда қилди. Аллохдан бўладиган розилик эса, энг улуғидир. (Тавба 72).
Мазкур ояти каримада ҳам, иймонли эркак ва аёллар деб, иймонни амалдан ҳоли қилиб зикр қилинди бундан инсонларни мусулмон бўлиб ваъда қилинган жаннатларга киришларига иймонларини ўзи кифоя қилиши маълум бўлади.
Аммо Мўътазилалар ва сохта салафийлардан бўлган эътиқоди бузуқ тоифалар, «амал иймоннинг рукни», яъни амал ҳам иймондан деб даъво қилиб келишмокда.
Хаттоки: Ким бир фарзни узр сабабли қолдирса яъни, намоз ёки Рамазон рўзасини қастдан тарк қилмаса хам, у Мўминнинг куфрда айблаб, уни жон ва моли халол деб, минг афсуски, ўзларини даъволарига сохта салафийлардан бўлган пешволарини айтган сўзларини далил қилишиб келмокда.
Аҳли сунна вал жамоа уломолари бежизга, буларни Ховорижларни издошлари деб аташмаган, чунки Ховорижлар Румдаги ғазотда иштирок этган саҳобаларни барчасини масхара қилишиб, мунофикларга нозил қилинган оятни шу саҳобаларни хақида нозил қилинган деб, бу улуғ зотларни, куфрда айбламоқчи бўлишганидек, сохта салафийлар ҳам умматни биргина амални узр сабабли қолдирса, уларни куфрда айблаб инсонларни ўртасида низо ва адоватларни пайдо килишга уринмокдалар.
Бу жоҳилларнинг амал ҳам иймоннинг бир жузъи деган ботил даъволарига, Мазҳаббошимиз Имоми Аъзам раҳимахуллох «Васият», номли китобларида мукаммал раддия келтирганлар.
Шариат кўп холларда мўминалардан амалларни кўтаради, бундай вақтда мўминалардан иймон кўтарилди деб айтиш жоиз бўлмайди. Бас албатта хоиза (хайз курган вақт)даги мўминалардан шариат номоз ва рўзани тарк қилиб, покланганларидан сўнг фақат колдирган рўзасини қазосини тутишга амр қилади, фарзни тарк қилишга бўлган талабни, иймон тарк қилишга булган буйруқ деб билиш асло жоиз эмас. Яна бир мисоли, фақирларга закот фарз эмас деган хукмни, ўрнига фақирларга иймон шарт эмас демоқлик умуман дуруст бўлмайди.
Хосили калом шуки. Ахли сунна вал жамоа, амал иймоннинг рукнидан эмас эканлигига иттифоқ қилдилар.
جبريل وسؤاله للنبي صلى الله عليه وسلم عن الإيمان ، فقال أن تؤمن بالله وملائكته وكتبه ورسله واليوم الآخر ، وتؤمن بالقدر خيره وشره
Ҳадиси шарифда яъни, “Аллоҳ таолога ва малоикаларига ва китобларига ва Росулларига ва қиёмат кунига, яхшилик ва ёмонлик қазои қадардан деб Иймон келтирмоқлигинг”деб баён килинди.
Аллоҳ таолога иймон келтирилгандан сўнг, фаришталарга, бундан кейин, китобларига ва Росулларига иймон келтирамиз хеч ўйлаб кўрганмизми? Аллоҳни Росул алайҳиссаломлари ва китобларидан аввал фаришталар зикри келишини…
Алҳамдулиллаҳ. Албатта энг аввал инсон учун Аллоҳ таолога иймон келтириш вожиб бўлган. Модомики оламда илоҳни исбот қилинмас экан, Пайғамбарларнинг тасдиғини имкони бўлмайди.
Иймонда асл Аллоҳни танимоқлик экани учун ҳам Аллоҳ таолони зикри энг аввал келди, сўнгра малоикалар зикр қилинди.
Ҳикмат шуки, Аллоҳ таоло, фаришталар воситасида, Анбиёлар (алайҳиссалом)га ваҳий юборди. Бунга далил: куйидаги ояти каримада
يُنَزِّلُ الْمَلَائِكَةَ بِالرُّوحِ مِنْ أَمْرِهِ عَلَىٰ مَن يَشَاءُ مِنْ عِبَادِهِ أَنْ أَنذِرُوا أَنَّهُ لَا إِلَٰهَ إِلَّا أَنَا فَاتَّقُونِ (2)
У ўз амри ила фаришталарни руҳ-вахий билан бандаларидан ўзи хохлаганларига. «Огоҳлантиринглар, албатта, Мендан бошқа илоҳ йўқ. Бас! Менга тақво қилинглар” (Нахл 2).
نَزَلَ بِهِ الرُّوحُ الْأَمِينُ (193) عَلَىٰ قَلْبِكَ لِتَكُونَ مِنَ الْمُنذِرِينَ (194)
Уни Руҳул амин олиб тушди сенинг қалбинга, огоҳлантирувчилардан бўлишинг учун деб нозил қиладур. (Шуаро 193-194)
Демак, бу зикр қилинган оятлардан Аллоҳ таолони ваҳийси башариятга малоикалар орқали етиб келганлиги, Фаришталар Аллоҳ таоло билан бандаси ўртасида, воситачи эканлиги, маълум бўлади.
Бунга яна бир далил сифатида мана бу ояти карима мисол бўла олади.
شَهِدَ اللَّهُ أَنَّهُ لَا إِلَٰهَ إِلَّا هُوَ وَالْمَلَائِكَةُ وَأُولُو الْعِلْمِ قَائِمًا بِالْقِسْطِ ۚ لَا إِلَٰهَ إِلَّا هُوَ الْعَزِيزُ الْحَكِيمُ (18
Яъни: Аллоҳга адолат ила туриб, албатта, ундан ўзга илоҳ йўқлигига шоҳидлик берди. Фаришталар ва илм эгалари ҳам ундан ўзга илоҳ йўқ, У азиз ва ҳаким зотдир деб зикр қилганлар. (Оли имрон 18)
Мазкур ояти каримада ҳам малоикаларни Аллоҳ таолодан кейин зикри келган.
Хадиси шарифда учинчи бўлиб китобларига имон келтириш зикр қилинди. Бу китоблар Аллоҳ таолодан ваҳий бўлиб, аввал малоикаларга сўнг малоикалар орқали башариятга етказилган.
Шунинг учун малоикаларни зикри китобларга муқаддам қилинди.
Хадиси шарифда туртинчи мақомда Аллоҳ таолонинг Набийлари зикр қилинди, чунки Пайғамбар алайҳиссаломлар Аллоҳ таолонинг фаришталар орқали юборган ваҳийларини қабул қилиб олганлар. Шунинг учун Росул алайҳиссаломлар хадиси шарифда тўртинчи бўлиб, зикр қилинган.
Малоикаларга иймон келтириш иймонни шартларидан биридир, бандани иймони шу билан дуруст бўлади.
آمَنَ الرَّسُولُ بِمَا أُنزِلَ إِلَيْهِ مِن رَّبِّهِ وَالْمُؤْمِنُونَ ۚ كُلٌّ آمَنَ بِاللَّهِ وَمَلَائِكَتِهِ وَكُتُبِهِ وَرُسُلِه ( 285)
Яъни: Пайғамбар унга ўз Роббидан туширилган нарсага иймон келтирди ва мўминлар ҳам. Барча Аллоҳга, унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига иймон келтирди. (Бақара 285)
Мазкур ояти каримада ҳам малоикаларни зикри китобларга муқаддам қилинди,
Ҳадиси шарифда пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламдан иймондан сўралганларида
حديث جبريل وسؤاله للنبي صلى الله عليه وسلم عن الإيمان ، فقال ان تؤمن بالله وملائكته وكتبه ورسله واليوم الآخر ، وتؤمن بالقدر خيره وشره
Яъни: Иймон шуки, “Аллоҳга ва малоикаларига ва китобларига ва Росулларига ва қиёмат кунига ва яхшилик ва ёмонлик қадардан деб иймон келтирмоқлигинг.” деб айтдилар.
Ва мусулмонларнинг ҳаммалари ижмо қилдиларки, малоикаларга иймон келтиришни вожиб эканлигига, ким буни инкор қилса, Аллоҳнинг оятини инкор қилган бўлади.
Ояти каримада мана бундай деган хабар келади.
وَمَن يَكْفُرْ بِاللَّهِ وَمَلَائِكَتِهِ وَكُتُبِهِ وَرُسُلِهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ فَقَدْ ضَلَّ ضَلَالًا بَعِيدًا (136)
Яъни: Ким Аллоҳга, унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига куфр келтирса батаҳқиқ қаттиқ адашган бўлади. (Ниса 136)
Албатта иймон, эътиқод масаласи илмни энг нозик жиҳатларидан саналади. Шунга кўра юқорида баён килинган тартиблар, катъий хукмни ёки даражани ифода килмайди. Бу ерда иймон тўғрисида сўз борганлиги учун баён килинди, шояд мўминларнинг ишончини, янада мустаҳкам бўлишига хизмат қилса.
وعن ابي هريرة رضي الله عنه قال جاء وفد من بني ثقيف إلى رسول الله صلى الله عليه وسلم قالوا يا نبي الله الإيمان يزيد وينقص قال رسول الله صلى الله عليه» لا الإيمان يستكمل في القبل زيادته و نقصانه كفر «»
Яъни: Абу Хурайра розияллоҳу анҳудан ривоят килинган хадиси шарифда: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хузурларига Бани Сақиф қабиласидан элчилар келиб, эй Аллоҳнинг Набийси деб, иймон зиёда бўлиши ва камайишини ҳақида сўрадилар. Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам айтдиларки: “Иймонда кўпайишлик, камайишлик йўқ. Иймон калбга мустаҳкам ўрнашади, иймон зиёда бўлиши ва камайиши куфрдир» деб жавоб бердилар.
Ахли сунна вал жамоа уломолари Иймон жинс эмас яъни, жинс зиёда бўлади ва камаяди, иймонда эса нуқсон ва зиёдалик йўқ деб иттифоқ қилганлар.
Мухтарам азизлар билдик, иймон боби нозик масалалардан саналар экан. Шу боис иймон ҳукмида биздан эҳтиёткорлик талаб қиланади, бу масалаларга зарурати бўлганда юртимиздаги ўзимиз таниган, билган аҳли илмлар ва устозлардан сўраб олишимиз шарт бўлган вазифалардан экан, огоҳ бўлайлик, агар Шайтон эътиқодга зид бўлган ишларда васваса қилса дарҳол. » أمنت بالله ورسل » яъни, «Аллоҳга ва Росулига иймон келтирдим», деб айтсин, шунда қалби хотиржам бўлади, албатта, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини шу амални қилишга, далолат қилдилар.
Барчамизни Аллоҳ таоло ишончимизни мустаҳкам қилиб, иймонимиз тақозо қилган амалларга муваффақ қилсин. Амин.
Ўткир Ғузаров,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус
ислом таълим муассасаси мудири
