ҚАРЗ БЕРИШ ВА ОМОНАТ
33

Инсон жамиятдан айро ҳолда яшай олмайди. Одамлар ўзаро мулоқот, муомала-муносабатда бир-бирлари билан яқинлик ўрнатадилар. Қолаверса, қийин пайтларда бир-бирини қўллаш, бир-бирига маънавий, моддий ёрдам бериш, йиқилганда суяб, қоқилганда қўлидан тутиб ўртадаги муносабат, яқинликни яна-да мустаҳкамлаш одамийлик фазилатлари сирасига киради. Кишиларнинг ўзаро яқинлигини мустаҳкамловчи муносабатлардан бири — қарз олди-берди ҳолатлари ҳисобланади. Бугунга келиб қарз олди-бердисида юзага келаётган муаммолар, одамларнинг бир-бирига ишончсизлик билан қараши ва қарз олиб қайтаришни пайсалга соладиганлар ҳисобига кўпчилик бу савоб ишдан ўзини олиб қочадиган бўлди.
Кимгадир қарз берсангиз, унга берган маблағингиз билан хонадондан файз-барака кўтарилади деган фикрни илгари сурдиганлар ҳам топилмоқда. Хўш, бу гап нечоғли тўғри? Чиндан ҳам қарз бериш билан мол-мулкнинг баракаси кўтарилиши бор гапми? Бугунги мулоҳазалар айни мавзуда мушоҳада этилган.
Қарз бериш Аллоҳ наздида садақа беришдан кўра хайрлироқ ва савоблироқ, дейди кексаларимиз. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳадисларида шундай марҳамат қилганлар: “Бир кишининг муҳтожга қарз бериши садақа беришидан ўн саккиз даража афзалроқдир”. Шундай экан қарз қандай қилиб баракани аритсин? Агар қарз берувчи кишига муҳтожга қарз бериш мушкулликлар туғдирса, Аллоҳ таоло ва Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақида бандаларни огоҳлантирган бўлар эди. Зеро, Набий алайҳиссалом буюк хислатлар соҳиби бўлганлар. Ислом динида қарз олди-бердиси одоблари чиройли тарзда муолажа қилинган. Унда қуйидаги ҳолларда қарз олиш учун мурожаат қилишлик жоиз саналади:
- Хасталик ва бошқа сабаб билан ишлаб фойда тополмай қолганда, муҳим эҳтиёж чиққанда шунга яраша олмоқ.
- Рўзғор, оила камчилигини бутламоқ учун. (яъни рўзғорда егулик таом қолмаганда, маълум бир муддатгача етгулик озиқ-овқат олиш учун)
- Уйланмоқ учун етарли тайёргарлик кўрилмаган ҳолатда қарз олмоқ.
Яратган ана шу уч ҳолатда қарздор бўлиб қолган кишига ёрдам ваъда қилган. Баъзи бир кимсаларда қарз олишдан аввал қайтармаслик нияти бўлади. Бу жуда ҳам ёмон.
Омонатга хиёнат қилиш — мунофиқлик! Абу Ҳомид Ғаззолий ҳазратлари ўзларининг “Аййуҳал валад” (“Эй, фарзанд”) рисолаларида қарз бериш ва қарздорлик ҳақида шундай дейдилар: “Қарздор бўлиш кишининг ҳузурини бузади. Кўп қарз олмоқдан кескин тийилиш керак. Қарзи бўлганнинг роҳати бўлмайди. Қарздор киши қарзининг хизматкоридир…”
Омонатдорликнинг ҳам ўзига хос қоидалари, одоби мавжуддирки, омонатни яхши сақлаб, уни ўз вақтида эгасига қайтариш ҳам Аллоҳ ва ҳам бандалари олдида киши қийматини юксалтиради. Қарзни қайтармаслик, бировнинг ишончини суистеъмол қилиш билан киши ҳам дини, ҳам дунёсига путур етказади. Балким бировларни қақшатиб, қарз олиб судраб юриб бугун тўкин яшаётган бўлиши мумкин, аммо эртага ҳам омонатга хиёнат қилгани, ҳам норозичилик ортидан топган ҳаловати мингдан минг уқубат ва азобларга гирифтор қилиши аниқ.
Виждони пок, иймони бутун, диёнатли киши омонатга хиёнат қилмайди. Қарз олиб, бировларнинг меҳнати, ҳақи эвазига тўкин ҳаёт қуришни мақсад қилмайди. Аслида олганда бу ёлғон дунёда ҳаммамиз омонатдор, қарздормиз. Аввало Яратганнинг олдида жон, савоб қарзимиз бор. Ундан кейин ота-онамиз олдида фарзандлик бурчи қарзимиз, устозларимиз олдида шогирдлик, яқинларимиз олдида меҳр-муҳаббат қарзимиз бор. Омонатдорлик ҳисси барчамизни бир онга бўлса-да тарк этмасин.
Музаффар Қосимов,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси
Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи
