Исломда атроф муҳит муҳофазаси

16

Исломнинг аввалидаёқ атроф муҳитни муҳофаза қилиш, уни асраб-авайлаш, баъзи турдаги ҳайвонларни овлаш, дарахтларни кесиш ва ўсимликларни нобуд қилиш кабиларнинг ман қилинишига жиддий эътибор берилган. Ислом дини томонидан кўрилган ушбу чоралар тарихда атроф муҳит муҳофазаси йўлида босилган биринчи қадамлар бўлса, ажаб эмас. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:

وَٱخۡتِلَٰفِ ٱلَّيۡلِ وَٱلنَّهَارِ وَمَآ أَنزَلَ ٱللَّهُ مِنَ ٱلسَّمَآءِ مِن رِّزۡقٖ فَأَحۡيَا بِهِ ٱلۡأَرۡضَ بَعۡدَ مَوۡتِهَا وَتَصۡرِيفِ ٱلرِّيَٰحِ ءَايَٰتٞ لِّقَوۡمٖ يَعۡقِلُونَ

“Кеча ва кундузнинг алмашиб туришида ва Аллоҳ осмондан ёғдириб у билан “ўлган” ерни “тирилтирган” ризқ (ёмғир)да ҳамда шамолларнинг йўналтирилишида ақл юргизадиган қавм учун аломатлар бордир”. (Жосия сураси, 5-оят)

Ушбу оятда зикр қилинган ишларга ҳар биримиз кўп бора гувоҳ бўлганмиз. Қиш фаслида гўё оппоқ кафанга ўрангандек қор остида ётган ўлик ерни Аллоҳ таоло баҳор фаслида қайта тирилтиради. Агар Аллоҳ кеча ва кундузни айлантирмаса, осмондан сувларни тушириб ерни тирилтирмаса, ер юзида ҳаёт бўлиши амри маҳол. Шунинг учун ҳар бир мусулмон атрофга ибрат назари билан қарамоғи лозим.

Баҳор фаслидаги ўзгаришлар Қуръони каримда “тирилиш” деб ифодаланган. Инсонлар ҳам ушбу жарёнга ўз ҳиссаларини қўшиб боришлари керак. Чунки оламдаги барча нарсалар инсоннинг манфаати учун яратилган. Буни қуйидаги оятда батафсил баён қилинган.

فَلۡيَنظُرِ ٱلۡإِنسَٰنُ إِلَىٰ طَعَامِهِۦٓ أَنَّا صَبَبۡنَا ٱلۡمَآءَ صَبّٗا ثُمَّ شَقَقۡنَا ٱلۡأَرۡضَ شَقّٗا فَأَنۢبَتۡنَا فِيهَا حَبّٗا وَعِنَبٗا وَقَضۡبٗا وَزَيۡتُونٗا وَنَخۡلٗا وَحَدَآئِقَ غُلۡبٗا وَفَٰكِهَةٗ وَأَبّٗا مَّتَٰعٗا لَّكُمۡ وَلِأَنۡعَٰمِكُمۡ

“Энди инсон ўзининг таомига (ибрат кўзи билан) боқсин! Биз (осмондан) сувни мўл ёғдирдик. Сўнгра Биз унда донларни ундирдик, узум ва кўкатларни, зайтун ва хурмоларни, қалин дарахтзор боғларни, мева-ю гиёҳларни ҳам. Булар сизлар учун ва чорва ҳайвонларингиз учун манфаатдир”. (Абаса сураси, 24-32-оятлар)

Демак, биз ўзимиз яшаб турган жой ва маҳалла-кўйга турли дарахт кўчатларини экиб, обод қилсак, бундан нафақат инсонлар, балки ҳайвонлар ва қушлар ҳам манфаатдор бўлади. Ҳадиси шарифда айтилишича, экилган ҳар бир дарахтнинг айтаётган тасбеҳи, ўша дарахтни эккан кишининг номаи аъмолига ёзилади ҳамда унинг мевасидан бошқалар еса ёки соясида ўтирса, эккан кишининг амал дафтарига садақа савоби ёзилиб бораверади.

Инсон ўз уйига қандай эътибор берса, атроф муҳитга ҳам шундай муносабатда бўлиши шарт. Чунки бутун ер юзи инсонлар учун маскандир. Бунга қуйидаги оят далолат қилади:

وَٱلۡأَرۡضَ فَرَشۡنَٰهَا فَنِعۡمَ ٱلۡمَٰهِدُونَ

“Ва ерни тўшаб қўйдик. Биз қандоқ ҳам яхши тайёрловчидирмиз”. (Зарият сураси, 48-оят)

Дарҳақиқат, оёқларимиз остига ерни тўшаб, уни анвойи гуллар билан безатиб қўйган зот — Аллоҳ таолодир. Ернинг тўшаб қўйилганлигидан уни яшаш учун осонлаштириб қўйилгани тушунилади. Ҳақиқатда ер ҳаёт учун шундай мосланганки, буни ўрганган одам албатта қудрат ва ҳикмат соҳиби бўлмиш Аллоҳ таолога имон келтирмай иложи йўқ. Шу билан бирга бу мослаш шу қадар нозикки, агар озгина ўзгарса, ҳаёт кечириш қийин бўлиб қолиши муқаррар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда ерни шундай таърифлайди:

ٱلَّذِي جَعَلَ لَكُمُ ٱلۡأَرۡضَ مَهۡدٗا وَسَلَكَ لَكُمۡ فِيهَا سُبُلٗا وَأَنزَلَ مِنَ ٱلسَّمَآءِ مَآءٗ فَأَخۡرَجۡنَا بِهِۦٓ أَزۡوَٰجٗا مِّن نَّبَاتٖ شَتَّىٰ

“У Ерни сизлар учун бешик (қароргоҳ) қилиб қўйди ва унда йўллар пайдо қилди ҳамда осмондан сув (ёмғир, қор) ёғдирди. Бас, Биз у (сув) билан турли ўсимлик навларини ундириб чиқардик”. (Тоҳа сураси, 53-оят)

Бешик гўдак учун қандай қароргоҳ бўлса, ер ҳам инсон учун шундай қароргоҳдир. Бундан ташқари осмондан сув тушириб дарахт ва гиёҳларни ундириб қўйгандир.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, атрофимизни турли зарарли нарсалардан ва ифлосланишдан сақласак, ўзимиз ва аҳлимизнинг ҳаётини сақлаган бўламиз. Ҳаётимиз атрофимиздаги борлиқнинг тоза ва мусаффолигига боғлиқ бўлиб, унда пайдо бўлаётган ҳар бир салбий ўзгаришлар соғлиғимизга ўз таъсирини ўтказади. Ислом нуқтаи назаридан табиатни муҳофаза қилиш тарбияси жамиятнинг катта ёшдаги аъзолари вазифасидир. Улар ўсиб келаётган ёш авлодни табиатни муҳофаза қилишни ҳайвонот ва наботот оламига раҳмдил қилиб тарбиялашлари зарур.

 

Хожа Бухорий ўрта махсус ислом таълим муассасаси

ўқитувчиси Қодиров Омон