АҲЛИ СУННА ВАЛ ЖАМОА ҲАҚИДА
23

Маълумки, дунёда истиқомат қилаётган мусулмонларнинг кўпчилиги, жумладан, Ўрта Осиё мусулмонлари ва бизнинг диёр мусулмонлари ақидавий масалаларни тушунишда Аҳли сунна вал жамоанинг Мотурудий ақидасини ҳамда ҳанафий мазҳабини маҳкам тутишган. Аслини олганда эса йўл битта, холос. У ҳам бўлса, Аллоҳ таолонинг охирги ва мукаммал дини, қиёматгача боқий қолувчи дини ҳамда барча замонлар ва маконларда инсониятга икки дунё саодат йўлини кўрсатиб берувчи дини Исломдир.
Аллоҳ таоло Анъом сурасида марҳамат қилади:
“Албатта, бу Менинг йўлимдир. Бас, унга эргашинг. Ва бошқа йўлга эргашмангки, сизни Унинг йўлидан ажратурлар. Ушбуларни сизга тавсия қилдикки, шояд, тақво қилсангиз” (153-оят)
Дунёдаги ягона тўғри йўл – Аллоҳнинг йўли. Инсон эргашмоғи лозим бўлган бирдан-бир йўл – шу йўл. Ислом уммати иттифоқ қилган Аҳли сунна вал жамоа ақидавий мазҳаби доирасидаги фиқҳий мазҳабларга эргашган кишилар Аллоҳ таолонинг розилигига эришиш борасида тўғри йўл танлаган мўминлар дея эътироф қилинади.
Аҳли сунна вал жамоа – Уламолар томонидан нажот топувчи йўналиш эканига иттифоқ қилинган. “Аҳли сунна” дегани Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашувчилар ва “вал жамоа” сўзи эса мусулмонларнинг кўпчилиги ортидан юрувчиларни англатади. Демак, “Аҳли сунна вал жамоа” – суннатга ва жамоага эргашувчилардир. Бу ном қисқартирилиб, “суннийлик йўналиши” деб ҳам юритилади. Ақида борасида мотуридия ёки ашъария таълимотига, фиқҳда эса тўрт мазҳаб: ҳанафий, моликий, шофеъий ва ҳанбалий мазҳабларига мансуб бўлган мусулмонлардан ташкил топган жамоа суннийлик йўналишини ташкил қилади. Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига амал қилувчи мусулмонлар ҳам икки хил йўналишга бўлингандир. Улар мотуридия ва ашъария номи билан танилган.
Манбаларга қараганда, Аҳли сунна вал жамоа атамаси исломнинг дастлабки даврларида машҳур бўлмаган. Балки ўзларини турли номлар билан атаган адашган фирқалар кўпая бошлагач, Аҳли сунна вал жамоа атамаси юзага чиқди. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга умматлари йетмиш уч фирқага бўлиниб кетиши билдирилган. У зот алайҳиссалом шундай хабар берганлар: “Яҳудийлар етмиш бир фирқага бўлиндилар. Уларнинг биттаси жаннатда етмиштаси дўзахда. Насоролар етмиш икки фирқага бўлиндилар. Уларнинг етмиш биттаси дўзахда, биттаси жаннатда. Аллоҳга қасамки, менинг умматим йетмиш уч фирқага бўлинадилар. Уларнинг биттаси жаннатда, етмиш иккитаси дўзахдадир”. Шунда: “Эй Аллоҳнинг расули! У биттаси кимлар?”, дейилди. Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Улар жамоадир”, дедилар (Имом ибн Можа ривоятлари).
Уламоларимиз ҳадисдаги “жамоат”дан мурод Аҳли сунна вал жамоа йўналиши назарда тутилади, деганлар. Ушбу ҳадиси шарифда фақат битта миллат тўғри йўлдан оғишмасдан нажот топишлари хабари берилган. Бу миллатнинг қандай сифатда бўлиши ҳақида қуйидаги ҳадисда шундай дейилган;
Анас ибн Моликдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Умматим алсо залолат устида жамланмайди. Шунинг учун қачон ихтилоф кўрсаларинг “саводул аъзам” билан бирга бўлинглар”, — деяётганларини эшитдим”. Ибн Можа ривоят қилган.
“Саводул аъзам” калимаси “улкан жамоат” маъносига тўғри келади. Уламолар ушбу ҳадисда хабар берилган “саводул аъзам”ни Аҳли сунна вал жамоадир, — деганлар.
Ҳа, мазкур ҳадиси шарифларга кўра уммат кўплаб фирқаларга бўлиниб кетади. Аммо уларнинг ичидан фақат биттаси у зотнинг ва саҳобаларнинг ҳамда уларга эргашганларнинг йўлларини маҳкам ушлаган бўладилар. Бу зотлар умматнинг “саводул аъзам”и бўлишади. “Саводул аъзам”дан ажралмаслик барча мўмин-у мусулмонга лозим бўлади. Акс ҳолда банда бадбахт бўлиб, дунё-ю охиратда зиёнкорлардан бўлиши ҳеч гап эмас.
Аҳли сунна вал жамоа бўлганларнинг ўнта нишонаси бор дейилади:
- Ҳар доим намозларни жамоат билан ўқимоққа шошилади.
- Фосиқ ёки фожир демай, шариатга мувофиқ намоз ўқийдиган ҳар қандай имомга иқтидо қилиб намоз ўқийди.
- Маш тортишни жоиз деб билади.
- Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламни ва саҳобалар розияллаҳу анҳумларни обрўсизлантирадиган бирор сўз гапирмайди.
- Мусулмон аҳлига бошчилик қилиб турган кишига мухолиф бўлмайди.
- Дини набавийга ноҳақ хусумат қилмайди.
- Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган динга шак ва гумон етмайди.
- Яхшиликни ҳам, ёмонликни ҳам Аллоҳдан деб билади.
- Аҳли қиблани кофирликда айбламайди.
- Росулуллоҳни, саҳобаларни ва бошқа ёронларни мартаба жиҳатдан устун деб билади.
Яна нажот топувчиларнинг қуйидаги хислатлари ҳам баён қилинган:
- Мусулмонлар жамоасига қарши чиқмаслик;
- Ноҳақ равишда бирорта мусулмонга қарши қурол кўтармаслик;
- Саййидимиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг шафоатларини ҳақ деб билиш;
- Валийларнинг кароматларини инкор этилмайдиган ҳақ деб билиш;
- Гуноҳкор мўминларга гуноҳлари миқдорича дўзах азоби бўлишини ҳақ деб билиш;
- Аллоҳ таолони макон, замон, келиш ва кетиш каби сифатлардан ҳоли деб билиш.
Демак, ўзини Аҳли сунна вал жамоа ҳисоблаган ҳар қандай шахс юқорида айтилган каби сифатларни ўзида мужассам етмоғи керак.
Минг афсуски, ҳозирги кунда айрим адашган тоифалар Имом Мотуридий ва Имом Ашъарийга нисбатан ноҳақ эътироз ва айбловлар билан чиқмоқда. Мусулмон 14 асрдан буён амал қилиб келаётган ақидаларига шубҳа уйғотиб, унинг ўрнига ўзларининг ёт ғоя ва ақидаларини сингдиришга уринмоқдалар. Ваҳоланки, уларнинг пайдо бўлганига кўп бўлган эмас. Шундай экан, биз мўмин-мусулмонлар ҳамиша зийрак бўлишимиз ҳамда умматни адаштиришга уринаётган тоифаларни фарқлай билишимиз лозим. Имкон қадар имомларимизнинг китобларини ўрганиб, кўпроқ илм ҳосил қилиб, ақидамизни мустаҳкамлайлик. Зеро, соф ақидамизни биздан кейинги униб-ўсаётган ёш авлодга бенуқсон етказиш барчамизнинг вазифамиздир.
Фазлиддин САЙФУЛЛАЙЕВ
Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси талабаси
“Ёш илмий тадқиқотчи” аъзоси
