“ЖИҲОД” ва “ҲИЖРАТ”  сўзлари: аслият ва талқин

20

Бугунги кунга келиб, муқаддас динимиз номидан жиҳод, халифалик, ҳижрат, такфир ва ислом давлати каби турли жарангдор сўзларни ўзларига шиор қилиб олган оқимлар фаолият олиб бормоқда. Уларнинг бу даъволари ҳақиқатга қанчалик тўғри келади? Муқаддас динимиз асосларида бу каби тарғиботларга қандай қаралади?

 “Жиҳод” сўзи луғатда жамики имкониятни ишга солиб ҳаракат қилиш маъносини англатади. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, мусулмон одам жиҳод қилмоқчи бўлса, ўзининг барча куч-қувват, ақл-заковати ва моддий имкониятларини Аллоҳ йўлида, Унинг дини учун сарфлаши керак бўлади. Алоҳида таъкидлаб айтиш лозимки, жиҳод сўзи луғатда уруш маъносини англатмайди. Урушни араб тилида бошқа сўзлар билан ифода этилади. Асосан, уруш маъносини англатиш учун араб тилида “қитол” сўзи ишлатилади.

Жиҳод сўзининг луғатдаги хусусиятидан келиб чиқиб жиҳоднинг турлари ҳам кўпайган ва ўшаларнинг ичида душманга қарши жон жаҳди билан жанг қилиш ҳам жиҳод дейилган. Аммо ушбу охирги маъно бошқаларидан устун келиб кейинчалик жиҳод деганда фақат қитолни тушуниладиган бўлиб қолган.

Имом Термизий, Ибн Ҳиббон ва Дайламийлар ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жиҳоднинг афзали Аллоҳ таолонинг зотида ҳавои нафсингга қарши жиҳод қилмоғингдир”, деганлар.

Имом Бухорий, Муслим ва бошқалар ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилади:  “Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига у зотдан жиҳодга изн сўраб келди. Шунда у зот унга: “Сенинг ота-онанг борми?” дедилар. “Ҳа”, деди. “Бас, икковлари(хизмати)да жиҳод қил!” дедилар” (Муслим ибн Ҳажжож. Саҳиҳи Муслим. Байрут. “Дор иҳёут-туросил-аробий”. 2549-ҳадис). Демак, ота-онанинг хизмати ҳам жиҳод бўлиши мумкин.

Жиҳод ҳақидаги оятларнинг барчасини ўрганиб чиққандан сўнг маълум бўладики, Исломда жиҳод ҳукми шароитга қараб ўзгариб туради.
Жиҳод икки қисмдан иборат: талаб ва мудофаа. Талаб жиҳоди ҳозир йўқлигига уламолар ижмоъ қилишган. Чунки, ҳозирда ҳамма давлатлар урушмасликка келишганлар ва ўзаро алоқалар ўрнатиб элчихоналар очганлар. Мудофаа жиҳоди душманлар мусулмон юртга уруш қилиб, бостириб кирсалар, ҳимоя учун бўлади.

Суриялик машҳур олим Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий жиҳод ҳақида китоб ёзиб, бугунги кунда жиҳод чақириғи билан чиқаётганларнинг гаплари ҳам, ишлари ҳам ҳақиқий жиҳоддан йироқ, деган фикрни олға сурдилар. Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий ҳазратлари куч ишлатишни “жиҳод” деб даъво қиладиганларга қарши таълиф қилган “Ал-Жиҳод фил Ислом” номли китобида қуйидагиларни ёзади: “Мен бу асрда баъзи бир доиралар наздида янги ислом туғилаётганини мулоҳаза қилмоқдаман. У, Аллоҳнинг ҳузуридан ваҳий бўлиб тушмайди. Лекин баъзи одамларнинг фикрлари ва мижозларидан келиб чиқади. Унинг ҳукмлари шаръий далиллар ҳукми ила бирлашмайди ва уларнинг ҳужжатига бўйсунмайди. У фақат баъзи шахс ва жамоаларнинг таассубидан ёки шаҳвату ҳавойи нафснинг султонидан келиб чиқади.

Бугунги кунда ислом олами гувоҳ бўлиб турган нарса ўша янги ислом “элчи”ларининг тинимсиз ҳаракатларидан келиб чиққан нарсалардир. Биз уни аввал билмаган эдик. Улар ўзларининг исломини ҳозиргача биз Аллоҳдан ваҳий бўлиб келган деб билган исломнинг ўрнига қўймоқчилар.
Биз билган ислом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидоятлари баёни, қатъий шаръий далиллар, собит фиқҳий қоидалар, мусулмонларнинг барча авлодлари илмларининг кенглигига ва фаҳмларининг дақиқлигига гувоҳлик берган салаф уламолари жумҳурининг ижтиҳодлари тақозо қилган нарсаларни лозим тутишдан иборатдир”.

“Мазкур фикр ва мижоз исломи, уни ихтиро қилганларнинг даъвоси бўйича, гўёки, Қуръон, Суннат ва салафи солиҳларнинг ҳукмининг фиқҳи эмиш. Аммо, улар бир вақтнинг ўзида бирор айби йўқ мусулмонларни кечаси бўғизлаб кетишни “шариат рухсат берган иш” дейдилар. Улар Исломий маҳкама зиммаларига бирор айбни қўймаган муслима қизларни сўйиб ташлашни “шариат рухсат берган иш” дейдилар. Улар оддий йўловчилар тўла учқични ичидаги беайб инсонлар билан қўшиб портлатиб юборишни ҳам “шариатда бор иш” дейдилар. Ҳар биримиз кўзларини юмиб олиб, “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бугун ичимизда юрибдилар”, деб хаёл қилсин. Ул зот мазкур мижозий Исломга рози бўладиларми?! Уни қабул қилиб, бошлиқ бўлиб, унга даъват қиладиларми?”

         Экстремистик оқимларининг яна бир даъволари ҳижрат бўлиб, Ҳижрат сўзининг луғавий маъноси тарк қилиш, ташлаб кетиш, ўз ватанидан бошқа жойга кўчишдир. Истилоҳда эса динига эркин амал қилиш имкони бўлмай, юртида беш вақт намоз ўқиш ва бошқа фарз амалларни бажаришни имкони топилмаса, қодир кишиларнинг бошқа юртга кўчишларини англатади.

Ҳижрат икки хил бўлади. Биринчиси: дин ва ҳаёт муҳофазаси йўлида амалга ошириладиган маконий ҳижрат бўлиб, унга тааллуқли бир қатор оят ва ҳадислар ворид бўлган. Аллоҳ таоло бундай дейди: “Зулму қийноқларга дучор бўлганларидан сўнг Аллоҳ йўлида ҳижрат қилган зотларни, албатта, бу дунёда ҳам гўзал (гўшаларга) жойлаштирурмиз. Энди охират ажри мукофоти янада каттароқ эканини (одамлар) билсалар эди!” (Наҳл сураси, 41оят).

Шу мазмундаги оятлар (Нисо сураси, 100-оят), (Анфол сураси, 74-оят), (Наҳл сураси, 110-оят) сураларида бор.

Иккинчиси: гуноҳ-маъсиятларни тарк этиш. Шу маънодаги ҳижрат тўғрисида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бир қатор кўрсатмаларни баён қилганлар. Жумладан, Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда У зот: “Тили ва қўлидан мусулмонлар саломат бўлган инсон ҳақиқий мусулмондир. Аллоҳ таоло қайтарган нарсаларни тарк қилган инсон ҳақиқий муҳожирдир”, дейдилар.

Имом Муҳаммад ибн Исмоил ас-Санъоний ўзининг “Субулус Салом” номли машҳур китобида қуйидаги ҳадиснинг шарҳида айтади: Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фатҳдан кейин ҳижрат йўқ”, дедилар”. Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган. “Бу ҳадис умумий ва ўзидан олдин келган ҳижратга далолат қилувчиларини насх қилувчидир, дейдилар. Шу билан бирга, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон бўлган арабларни Ўзлари томон ҳижрат қилишга амр қилмаганлар ва ўз юртларида туришларини инкор қилмаганлар”.

Имом Байҳақий Ибн Умардан ривоят қилган ҳадисда: “Ҳижратнинг энг афзали – Роббинг ёмон кўрган нарсани тарк этмоғингдир”, дейилади. (Абу Бакр ас-Санъоний. Муснаф Абдурраззоқ. Ж. 11. Байрут. Ал-Мактабу-л-исламий. 1983. – Б. 404).

Юқорида айтиб ўтганимиздек, “Ҳижрат” сўзи бир жойдан иккинчи жойга кўчиш маъносини англатади. Истилоҳда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидаги мусулмонларнинг Ҳабашистонга, сўнгра ўзлари бош бўлиб Мадинага кўчиб ўтишларига айтилади. Ҳижрат деганда яна гуноҳ-маъсиятларни тарк этиш ҳам тушунилади. Бу ҳақда Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қўли ва тили билан ўзгаларга озор бермаган киши мусулмондир. Аллоҳ таоло ман этган нарсалардан қайтган киши Худо йўлига ҳижрат қилган кишидир” (Имом Бухорий.  Саҳиҳи Бухорий. Иймон китоби. 4-боб, 10-ҳадис).

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган яна бир ҳадисда: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир киши келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули, мен ота-онамни йиғлаган ҳолида ташлаб, ҳижрат қилиш учун сизнинг ҳузурингизга келдим”, деди. У зот эса: “Ота-онангнинг олдига қайтиб, уларни қандай йиғлатган бўлсанг, шундай кулдиргин”, деб жавоб бердилар. (Байҳақий. Шуъбул-ийман. Ж. 6. Байрут. Дар  ал-кутуб алилмийя. – Б. 177. 7828-ҳадис).

Мазкур фикрни илгари сураётган тоифага кучли раддиялардан яна бири қуйидаги ояти каримадир. Аллоҳ таоло “Анфол” сурасида: “Албатта, иймон келтирган, ҳижрат қилган, Аллоҳнинг йўлида молу жонлари билан жидди жаҳд қилганлар ва жой бериб, ёрдам кўрсатганлар, ана ўшалар бир-бирларига валийдирлар. Иймон келтирган, аммо ҳижрат қилмаганларга эса, то ҳижрат қилмагунларича, сиз ҳеч валий бўла олмассиз. Агар улар сиздан динда ёрдам сўрасалар, ёрдам бермоғингиз вожиб. Фақат, сиз билан ўрталарида аҳднома бор қавм зиддига эмас. Аллоҳ нима қилаётганингизни кўргувчи зотдир”, деган (Анфол сураси, 72-оят). Ушбу оятда мўъминларнинг бир неча синфлари зикр қилинмоқда ва уларнинг ҳаммасини Аллоҳ таолонинг Ўзи “мўъминлар” деб атамоқда.

Албатта, ҳижратга тегишли оят ва ҳадислар фақат юқорида зикр қилинганларидангина иборат эмас. Бу масала бўйича уларнинг ҳаммасини ўрганиб чиққан уламолар бу ҳукмни батафсил баён қилганлар.
Мухтасар бўлиши учун Қувайт Вақф ва Исломий ишлар вазирлиги нашр этган “Фиқҳ энциклопедияси”да баён қилинган сўзларни келтирамиз:
“Мусулмоннинг дорул ҳарбда муқим туриши унинг Исломига футур етказмайди. Фақат, дини хавф остида қолгандагина бундан мустасно. Яъни, динини ошкора зоҳир қилиш имкони қолмаса, ҳижрат қилиш лозим бўлади”.

Қувайт Вақф ва Исломий ишлар вазирлиги нашр этган “Фиқҳ энциклопедияси”дан келтирилган мисолда гап дорул ҳарб–мусулмонларга қарши уруш эълон қилган диёрда яшаб турган мусулмонлар ҳақида кетмоқда.
Ҳозирги кунда деярли барча мамлакатлар ўртасида тинчлик сулҳлари тузилган. Бу ерларда яшаб турган мусулмонларни қандай қилиб кофирга чиқариш мумкин. Замонамизнинг кўплаб уламолари аслида номусулмон бўлган ғарбий давлатларда мусулмонларнинг яшашлари, ишлашлари ва ўша давлат фуқаролари бўлишларига фатво берганлар.

Бас, шундай экан, аслида мусулмон бўлган юртларда намозини ўқиб, рўзасини тутиб, бошқа ўзига фарзи айн бўлган ҳукмларга амал қилиб юрган мусулмонларни “Ҳижрат қилмасанг, кофир бўласан!” дейиш қандай гап?!

Ислом дини қоидаларига биноан, фатво бериш хуқуқи, ақида ва фиқҳ илмида мукаммал даражага етган, Қуръон ва ҳадис илмини тафсирлари  ва турли шарҳлари, санадлари билан тўлиқ ёд билувчи, қолаверса, муфтий мартабасига эга бўлган муайян шахсларгагина берилиши мумкин. (Тулепов.А. Ишид фитнаси. –Т.: Мавароуннаҳр. 2014).

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, янги пайдо бўлган барча тоифалар ўзларига баландпарвоз шиорларни танлашлари, ислом динида муқаддас ҳисобланган сўзларни бузиб талқин қилмоқчи бўлаётганлари  ёки бутун мусулмонлар учун муқаддас бўлган баъзи бир атамалар билан номланишлари ўзларининг қабиҳ жиноятларини ниқоблашга уринишдан бошқа нарса эмас.

 

Музаффар Қосимов,

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси

Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими  бошлиғи