БАҒРИКЕНЛИК — ДИНДАНДИР
33

Жорий йилнинг 11-16 ноябрь кунлари юртимизда бағрикенглик ҳафталиги бўлиб ўтмоқда. Тарихга назар соладиган бўлсак, Ўзбекистон халқи азалдан бағрикенг ва меҳмондўст бўлиб келган. Қадимдан заминимизда яшаган миллат ва элатлар бир-бирига елкадош бўлиб, оғирини енгил қилишган. Шунинг учун хурсандчиликда ҳам, тўйу маъракада кўп миллатли халқимиз бир-бирлари билан ҳамкору ҳамжиҳат бўлиб яшашган.
Юртимизда яшовчи турли дин вакилларига диний маросимларини ўтказишлари ва мамлакат ҳаётида фаол иштироклари учун барча шарт-шароитлар яратилган. Қуръон каримда эҳсонли, қўли очиқ, бағрикенг, мурувватли, кенг феълли бўлиш юксак маърифат белгиси, деб қаралади. Кимда-ким одамлардан ҳиммати, мурувватини аямаса, саховат эшигини беркитмаса, бундан, энг аввало, унинг ўзи катта наф кўради, маънавий қониқиш ҳосил қилади, руҳи кўтарилади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг мулойимлиги, бағрикенглиги, кечиримлилиги, шарм-ҳаёси, ўч олиш ўрнига авф этиши, қийинчиликларни чидам билан енгиши, адолатпарварлиги, шижоати ва сахийлиги, барча олижаноб инсоний фазилатлари ҳадисларда чуқур ва ихчам ифодаланган. Умуминсоний, дунёвий қадрият бўлган ислом таълимотида бошқа динларга, мазҳабларга мансуб кишиларнигина эмас, ҳатто золимларни ҳам сабр-тоқат билан тарбиялаб, тўғри йўлга солиш энг савобли, энг эзгу иш, деб уқтирилган.
Бу борада мамлакатимиз ўзига хос бой тажриба орттирганини таъкидлаш лозим. Буни бутунжаҳон эътироф этмоқда. Бундай аҳилликнинг асосий сабаби мамлакатимизда турли дин вакиллари ягона мақсад йўлида бирлашиб ҳаракат қилишларидир. Бу борада турли тадбирлар, анжуманлар ўтказилиб, муштарак вазифалар адо этиб борилади. Бир-бирларимизни байрамлар билан қутлаймиз. Бу, шубҳасиз, мамлакатимизда қарор топган тинчлик-осойишталик муҳитида ўз ифодасини топмоқда.
Яратган Парвардигор бандаларини бир-бирлари билан танишиб, тинч-тотув ва аҳилликда ҳаёт кечиришга буюрган. Қуръони каримда: “Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир” деб марҳамат қилинган. (Ҳужурот, 13 оят)
Демак, инсониятнинг асли бир. Айни чоғда, Аллоҳ таоло уларни турли халқлар ва қабилаларга ажратиб қўйган. Инсонлар турли халқ ва қабилаларга бўлинишининг сабаби ўзаро танишиш, ҳамкорлик қилиш ва маърифат ҳосил қилишдир. Ислом дини аввал бошдан бошқа дин вакилларига ҳам ҳурмат билан муносабатда бўлишни ўргатган. Маълумки, Ислом ўзидан олдинги самовий динларни эҳтиром қилиш билан чекланмай, ўша дин аҳлларига чексиз мурувват кўрсатган. Уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини қонун билан мустаҳкамлаб қўйган. Асрлар давомида бу қоидаларга амал қилиб яшаган мусулмонлар ораларида яшайдиган аҳли зиммага мурувват кўрсатиб, бутун инсониятга ўрнак бўлишди.
Хусусан, бу борада пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳабашистондан келган насроний меҳмонларни ўз масжидларига туширганлар ва “улар бизнинг саҳобаларимизни ҳурмат қилган эдилар. Мен ўзим уларни иззат-икром қилишни хуш кўраман”, деб шахсан ўзлари уларга хизмат қилганлар. Шунингдек, У зот элчи бўлиб келган Нажрон насороларини ҳам ўз масжидларида ибодат қилишларига рухсат берганлар.
Айни кунларда дунёда геосиёсий рақобат тобора кучайиб, айрим кучлар томонидан халқлар онгига эгалик қилиш орқали турли дин вакиллари ўртасида ўзаро низо ва оммавий тартибсизликларни келтириб чиқариш, мамлакатни куч-қудратини камайтириб, ҳудудни ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий томондан ўз таъсир доирасига олишга уринишлар кучаймоқда.
Ҳозирда жаҳонда юз бераётган диний тоқатсизлик ҳолатлари бошқа дин вакилларига ўта муросасизлик, бир дин ичидаги можароли муносабатлар ҳамда дунёвий тузумга қарши кураш ёки халқаро даражадаги қарама-қаршиликлар билан боғлиқ бўлиб турибди.
Ислом доимо барча дин ва эътиқод вакилларини адолат ўрнатишда, хавфсизликни таъминлашда ва бегуноҳ одамларни қони тўкилишини олдини олишда ҳамкорлик қилишга чақиради.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ислом динида инсонларни турли динларга эътиқод қилиши Аллоҳнинг хоҳишига кўра бўладиган иш экани мусулмон киши ўзига юклатилган вазифани бажаришга масъул экани таъкидланган. Турли дин вакиллари ўзаро тинчлик ва яхши муносабатда бўлиб яшашлари динимизнинг талаба эканлигини асло унутмаслигимиз керак.
Ўткирхон Маҳмудов
Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
