Имом Замахшарий ислом дунёсининг буюк алломаларидан бири

45

Замахшарий (Абу Қосим Маҳмуд ибн Умар аз-Замахшарий) ислом дунёсининг буюк алломаларидан бири бўлиб, у ўз даврида араб тилшунослиги, тафсир ва ҳадис илмларида юксак мақомга эга бўлган. Унинг ҳаёти ва илмий мероси ҳозирги кунда ҳам чуқур ўрганилмоқда.

Замахшарий 1075-йилда Хоразмнинг Замахшар қишлоғида туғилган. Унинг ёшлиги муҳитида илм ва фан ривожланган бўлиб, у таълим олишга катта иштиёқ билан киришган. Замахшарий дастлаб Қуръон ва араб тили илмини ўрганади. У кейинчалик араб тилшунослиги ва тафсир бўйича катта ютуқларга эришган бўлиб, араб тилининг луғавий ва синтактик масалаларини чуқур тадқиқ етган.

Унинг энг машҳур асарларидан бири – “Ал-Муфассал фи санъати-л-иъроб” бўлиб, унда араб тили грамматикаси ҳақида кенг маълумотлар берилган. Бу асар араб грамматикаси ҳақидаги билимларни мукаммал ва тизимли тарзда жамлагани билан машҳур. Замахшарий араб тили грамматикасининг нафақат назарий масалаларини, балки амалий томонларини ҳам ёритган.

Замахшарий, шунингдек, Қуръон тафсири бўйича ҳам машҳур бўлган. Унинг “Ал-Кашшоф” номли тафсири Қуръонни луғавий ва синтактик жиҳатдан таҳлил қилиб тушунтиришга асосланган. Бу тафсир ўша давр уламолари томонидан кенг эътироф этилган ва ҳозирги кунда ҳам ислом илмлари соҳасида катта аҳамиятга эга бўлган асарлардан бири ҳисобланади. “Ал-Кашшоф”нинг ўзига хослиги шундаки, унда Қуръон оятларининг мантиқий ва услубий жиҳатлари кенг ёритилиб, араб тили билувчиларига янги илмий ёндашувлар тақдим этилган.

Замахшарий ўзининг ғайрати, сабр-тоқати ва илмий изланишларга бўлган катта иштиёқи туфайли кўплаб шогирдлар тайёрлаган ва ўзидан катта илмий мерос қолдирган. Замахшарий ҳаётининг сўнгги йилларини илмий изланишлар ва асар ёзишга бағишлаган. У 1144-йилда вафот етган.

Замахшарийнинг ҳаёти ва илмий мероси араб тили ва ислом илмлари ривожида муҳим ўрин тутади.

 

Хожа Бухорий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси  Турсунпулатов Азизбек