Оила жамиятнинг бош бўғини

16

Ислом динида никоҳ муқаддас, оила эса бузилмас деб эътироф этилади ва эркак билан аёл ўртасидаги боғланиш муқаддаслиги ҳимоя қилинади. Шу сабабдан ҳам, Исломда эркак билан аёлнинг никоҳсиз яшашига йўл қўйилмайди. Бу ҳол мусулмонларни никоҳ ва оилага енгилтаклик билан муносабатда бўлишдан қайтаради.

Никоҳ оиланинг асосини ташкил қилгани учун ҳам уни тузиш ҳамма вақт ва ҳар қандай даврда, аввало дин томонидан, ундан кейин давлат ва жамият томонидан алоҳида эътиборга молик деб қаралган ҳамда доимий назоратда бўлиб, муҳофаза килинган.

Ислом дини никоҳни, оилани бузилишини раво кўрмайди. Бу ҳақида Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади.

وَإِنۡ خِفۡتُمۡ شِقَاقَ بَيۡنِهِمَا فَٱبۡعَثُواْ حَكَمٗا مِّنۡ أَهۡلِهِۦ وَحَكَمٗا مِّنۡ أَهۡلِهَآ إِن يُرِيدَآ إِصۡلَٰحٗا يُوَفِّقِ ٱللَّهُ بَيۡنَهُمَآۗ إِنَّ ٱللَّهَ كَانَ عَلِيمًا خَبِيرٗا

 “Агар улар (эр-хотин)нинг оралари бузилиб кетишидан қўрқсангизлар, эр оиласидан бир ҳакам, хотин оиласидан бир ҳакам юборингиз. Агар (эр-хотин) ислоҳни хоҳласалар, Аллоҳ ўрталарини мувофиқлаштиргай. Албатта, Аллоҳ билимдон ва хабардор зотдир” (Нисо сураси, 35-оят)

Ислом шариатида оилавий ҳаётни давом эттириш, унда кўзда тутилган мақсадларни рўёбга чиқариш мумкин бўлмай қолгандагина сўнгги чора сифатида ажрашишга рухсат берилади. Бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан келтирилган қуйидаги ҳадиси шарифлар машҳурдир:

عَنْ عَلِيّ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: تَزَوَّجُوا وَلَا تُطَلِّقُوا فَإِنَّ الطَّلاقَ يَهْتَزُّ مِنهُ العَرْشُ. رواه ابن عدي في الكامل

“Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уйланинглар, талоқ қилманглар, чунки талоқ сўзидан Раҳмоннинг арши ҳам ларзага келади”, дедилар.”

عَنْ ابنِ عُمَرَ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إِنَّ مِنْ أَبْغَضِ الحَلَالِ إِلَى اللَّهِ الطَّلاقُ

“Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳалол нарсалар ичида Аллоҳга хуш келмайдигани талоқдир”, дедилар.”

Одамлар ҳаётининг бирдан-бир тўғри йўли — оилавий ҳаётдир. Унинг дилнинг таскин топиши, бир-бирига кўнгил қўйиб, меҳр-шафқатли бўлиш ва солиҳ фарзандлар тарбиялашдек олижаноб ғоялар рўёбга чиқишидаги аҳамияти исломий муқаддас манбаларда кўп-кўп зикр этилган ҳамда унинг бузилиб кетиши қаттиқ қораланган.

Шунингдек, оила муҳим тарбиячи ҳисобланади. Оилада болалар тарбияси учун ота-боболар ва момолардан қолган, минг йиллар мобайнида ҳаёт синовларидан ўтган яхши удум, одатлар мавжуд бўлиб, уларни асраб-авайлаш, ёш авлодга етказиб бериш олдимизда турган муҳим вазифаларидан биридир.

 

Хожа Бухорий ўрта махсус ислом таълим муассасаси

Ўқитувчиси Қодиров Омон