ЎЛИМ ҲАҚИҚАТИ – ИНСОНИЙ ҲАЁТНИНГ МУҚАРРАР ҲАҚИҚАТИ (давоми бор)  

30

…80 ёшли қария шифтга термулиб ётаркан, ҳаётини сарҳисобини олиб, ҳаёлларидан нималардир ўтиб кетди ва эти жимирлаб кетди. Кўзлари уйнинг бурчагидаги қоронғи бўлиб турган томонига тушди ва у ерда бир шарпа унга яқин келаётганини пайқади. Қўллари билан кўзойнагини қидира бошлади ва уни секингина кўзларига тақди. Ҳузурига юзлари совуққина, инсон зотини ҳадиксиратадиган, этини увуштирадиган бир киши турарди. Қария беихтиёр ўзини сезмаган ҳолида келдингми деди.

  • Ҳа келдим.
  • Қанча вақтим қолди?
  • Уч дақиқа, нимадир сўрайдиганинг борми?
  • Бор.
  • Шунча йиллардан буён яшаб, нимадир қилдимми, шуни билмоқчиман.
  • 9 ёшдалигингда сариқ сочли қизалоқни эслайсанми? Уни турткилаб, устидан кулардинг, чил бериб йиқитганларингни…
  • Ҳа эслайман, аммо буни нима аҳамияти бор? Қўй уларни эслатма, ўзимдан уялиб кетаман.

— Аҳамияти бор. Ўша қиз бошқа мактабга ўтиб кетди ва у ерда ўзи билан таҳсил олган бир йигитга турмушга чиқди. Унинг ўғли бўлди ва у буюк олим бўлиб етишди. Тарихга унинг исми киритилди. Сен ана шу тарихнинг бир сабабисан холос. Агар сен ўша сариқ сочли қизни бошқа мактабга ўтиб кетишига сабабчи бўлмаганингда, унинг мақоми у қадар тарих саҳифаларига кирмаган бўлар эди…!

Ҳазрат Али (р.а.) бир куни саҳобалар билан ўтирганида уларга ўлим ҳақида сўзлаб, шундай деган экан: «Эй дўстларим, биз ўлгандан кейин бизнинг мол-мулкимиз ва оилаларимиз қолади. Биздан кейин улар яшашда давом этади. Аммо бизнинг амалларимиз биз билан қолади ва ўлимдан кейин фақат ўша амаллар бизга ёрдам беради».

            Ушбу ҳикматли сўзлар бизга ўлим ҳақиқатини англашга ёрдам беради. Инсон мол-дунё учун эмас, балки у амаллари орқали ўзига абадийликни яратиши кераклигини уқтиради.

Мулла Насриддин ҳикоялари ҳам кўпинча ўлим ҳақиқатини тушунтириб берадиган теран маънога эга. Ривоятга кўра, бир куни бир киши Мулла Насриддиннинг олдига келиб, ундан: “Ҳаётни қандай яшаш керак?” деб сўраган экан. Шунда Мулла шундай деб жавоб берган: «Ҳаётни ҳар куни охирги кунгидек яшаш лозим. Шунда сен ҳар дақиқанинг қадрига етасан ва уни зое кетказмайсан».

Бу ҳикоянинг моҳияти шундаки, инсон ҳаётини қадрлаш ва ҳар куни маъно билан тўлдириш керак. Инсон ўз ҳаётини охирги кунгидек яшаган ҳолда, ўлим ҳақиқатини ҳам тўғри англаб етади ва ҳаётни қадрлай бошлайди.

Расулуллоҳ ﷺ инсонларга ўлим ҳақида доимо эслатиб, унинг ҳақиқий аҳамиятини тушунтирганлар. Бир ҳадисда шундай дейилади: «Ҳаловатни бузувчи (унутилганида инсонни ғафлатга кетказувчи) нарсани кўп эслаб туринглар. У ўлимдир.» (Термизий, Қиёмат: 26)

Бу ҳадис бизга огоҳлик беради ва ўлимни эслаб туриш инсонни ҳаётида яхшиликка, нафақат моддий жиҳатга эмас, балки маънавий ривожланишга ҳам ундовчи бир йўналиш эканини кўрсатади.

Бир куни бир олим ёшларга ваъз қилиб берган экан: «Қабрда инсонга фақат учта дўст қолади: амаллари, савобли ишлари ва дуолари. Инсон молу мулк, оила ва дўстлардан айрилади, лекин яхши амаллар уни абадий ҳаётга етаклайди.»

Ушбу ҳикояда қабрга фақат яхши амаллар ҳамроҳ эканлиги таъкидланади. Ўлимни эслаб, ҳаётни яхшиликлар билан тўлдириш, ҳар куни ҳидоятли амаллар қилишга интилиш кераклигини уқтиради.

“Бугун эмас, эртага” деган кимса ҳақида шундай ҳикоя қилинади. Бир одам ўзига доимо «эртага тавба қиламан, эртага ибодат қиламан» деб уқтириб юрар экан. Бир куни унинг олдига ажал фариштаси келиб, «сенга эртага келаман, деб биров кафолат берганмиди?» деб сўраган экан. У киши ҳаяжонланиб, амалларни орқага сурганидан афсусланган экан.

Инсонга ўлим ҳақиқатини тушунтириб, амалларни орқага сурмаслик, бугунни қадрлашга ундайди. Эртага кафолати йўқ эканини англаб, ҳар куни ҳидоятли ва эзгу ишлар билан тўлдириш кераклигини эсларади.

Юқорида келтирилган ҳар бир ҳадис ва ҳикоялар инсонга ўлим ҳақиқатини теран тушунишга ёрдам беради. Ўлим инсонга ҳаётнинг муқаррар якунланишини эслатади ва унинг ҳар бир кунидан маъно олишга ундайди. Шунингдек, ўлим ҳақида тафаккур қилиш инсонга охиратдаги ҳаётини ёқтириш учун бу дунёда яхши амаллар қилишнинг зарурлигини тушунтириб беради.

Аслида ўлим ҳақиқати тўғрисида кўплаб ҳикматли ҳикоялар ва ҳадислар мавжуд бўлиб, улар инсонга ҳаёт ҳақида чуқурроқ мулоҳаза қилишга, унинг қадрини билиб, охиратга тайёргарлик кўришга ундайди. Биз сиз азизларга қисқагина мисоллар тариқасида уларни тафаккур қилишингиз учунгина келтирдик холос. Хулоса албатта ҳар биримиздан…

 

Нилуфар БЕРДИЕВА

Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси