Исломда аёлларнинг ўрни

24

Ислом дини аёлларга зулм қилмаслик ҳамда уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини паймол қилмаслик, уларнинг ҳаёти давомида ўз шахсиятини, мулкини ва қадр-қимматини сақлаб қолиш ҳуқуқини тасдиқлайди.

Никоҳдан кейин ҳам мусулмон аёлнинг исми ва мулки ўзиники бўлиб қолади. У ўз пулини оиласига сарфлашга мажбур эмас. Бундан ташқари, мусулмон аёллар судда ўзларини вакиллик қилиш ва ўз номидан гувоҳлик бериш ҳуқуқига эга. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръонда аёллардан тўғридан-тўғри байъат олишга, шу тариқа уларга ўзлари, ҳаётлари ва танловлари учун асосий масъулият юклашлари буюрилган:

یَـٰۤأَیُّهَا ٱلنَّبِیُّ إِذَا جَاۤءَكَ ٱلۡمُؤۡمِنَـٰتُ یُبَایِعۡنَكَ عَلَىٰۤ أَن لَّا یُشۡرِكۡنَ بِٱللَّهِ شَیۡـࣰٔا وَلَا یَسۡرِقۡنَ وَلَا یَزۡنِینَ وَلَا یَقۡتُلۡنَ أَوۡلَـٰدَهُنَّ وَلَا یَأۡتِینَ بِبُهۡتَـٰنࣲ یَفۡتَرِینَهُۥ بَیۡنَ أَیۡدِیهِنَّ وَأَرۡجُلِهِنَّ وَلَا یَعۡصِینَكَ فِی مَعۡرُوفࣲ فَبَایِعۡهُنَّ وَٱسۡتَغۡفِرۡ لَهُنَّ ٱللَّهَۚ إِنَّ ٱللَّهَ غَفُورࣱ رَّحِیمࣱ

(Сура Ал-Мумтаҳана: 12)

“Эй пайғамбар, қачон сизнинг олдингизга мўминалар келишиб, сизга ўзларининг Аллоҳга бирон нарсани шерик қилмасликларига, ўғирлик қилмасликларига, зино қилмасликларига, (камбағаллик ёки шарманда бўлишдан қўрқиб) ўз болаларини ўлдирмасликларига ва қўл-оёқлари ўртасида тўқиб оладиган бўҳтонни қилмасликларига (яъни, фарзандсизлик сабабли ўз эрларидан ажралиб қолмаслик учун бирон ташландиқ болани топиб, гўё у қўл-оёқлари ўртасидан чиққандек, яъни ўзлари туққандек эрларига “Мана шу бола сендан бўлди”, деб бўҳтон қилмасликка) ҳамда бирон яхши ишда сизга итоатсизлик қилмасликларига қасамёд қилсалар, сиз уларнинг қасамёдларини қабул қилинг ва улар учун Аллоҳдан мағфират сўранг! Албатта Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир.

Ислом динининг илк даврларида ҳам аёллар ўз номидан гапиришда эркин бўлиб, уларнинг овози эшитилар эди. Қуръоннинг бир сураси аёлнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қилган норозиликларини зикр қилиш билан бошланади:

 قَدۡ سَمِعَ ٱللَّهُ قَوۡلَ ٱلَّتِی تُجَـٰدِلُكَ فِی زَوۡجِهَا وَتَشۡتَكِیۤ إِلَى ٱللَّهِ وَٱللَّهُ یَسۡمَعُ تَحَاوُرَكُمَاۤۚ إِنَّ ٱللَّهَ سَمِیعُۢ بَصِیرٌ

(Сураҳ Ал-Мужāдалаҳ: 1)

“(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), дарҳақиқат, Аллоҳ сиз билан ўз жуфти ҳақида баҳслашаётган ва Аллоҳга шикоят қилаётган (аёл)нинг сўзини эшитди. Аллоҳ сизларнинг басти-жавобларингизни эшитур. Албатта Аллоҳ эшитгувчи, кўргувчидир”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари аёлларга ҳурмат билан муносабатда бўлардилар. Умар ибн ал-Хаттоб р,а. айтдилар: “ Аллоҳ улар ҳақида Ўзи нозил қилган нарсани нозил қилмагунича ва Ўзи ажратган нарсасини уларга тақсимламагунча, биз аёлларни ҳурмат қилмас эдик”.

Исломда ўғиллар қизлардан қадрлироқми?

Йўқ, исломда ўғил қиздан қадрлироқ эмас.

Дарҳақиқат,  Қуръон Исломдан олдинги жамиятдаги очиқ-ойдин адолатсизликларга қарши биринчи тутган позицияларидан бири қизларга бўлган муносабат эди. Хусусан, у кўпинча молиявий юк ва обрў-эътибор учун жавобгарликдан бошқа нарса ҳисобланмайдиган гўдак қизларни тириклайин кўмиб юбориш амалиётини қоралади. Қуръон каримнинг қуйидаги оятида қиз болаларни ўлдириш амалиётини қоралаган:

 یَتَوَ ⁠رَىٰ مِنَ ٱلۡقَوۡمِ مِن سُوۤءِ مَا بُشِّرَ بِهِۦۤۚ أَیُمۡسِكُهُۥ عَلَىٰ هُونٍ أَمۡ یَدُسُّهُۥ فِی ٱلتُّرَابِۗ أَلَا سَاۤءَ مَا یَحۡكُمُونَ

(Сураҳ Ан-Наҳл: 59)

“Ва у (қизни) хўрлаган ҳолида олиб қолиш ёки (тириклай) тупроққа қориш (тўғрисида ўй суриб), ўзига хушхабар берилган нарсанинг (яъни, қиз кўришнинг) “ёмон”лигидан (номус қилиб) одамлардан яшириниб олур. Огоҳ булингизким, улар (бу қилмишлари билан) энг ёмон (яъни, ноҳақ) ҳукм чиқарурлар”.

Қолаверса, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам “ким икки қизни тарбиялаб, уларнинг тарбиясини яхши кўрса”, у билан бирга жаннатда бўлишини ваъда қилганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам: “Совға берганингизда болаларингизга тенг муносабатда бўлинглар. Ва агар мен бировни бошқасидан устун қўйсам, аёлларни еркаклардан афзал кўраман” деганлар.

Қиз фарзандларга яхши қараб, уларни чиройли тарбиялаб иймон-Исломни танитиб едириш, ичириш, кийинтиришдаги машаққатларга сабр қилган одамларга катта савоблар берилиши айтилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимнинг учта қизи булса, уларни сабр билан ўстирса, топганидан уларни кийинтирса, улар унинг учун дўзахдан парда бўлади”, дедилар”.

 

Ҳусниддин БОЙҚОБИЛОВ

Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси ўқитувчиси